Ижтимоий давлат моҳиятини ҳар бир инсон жамиятда тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароити яратилганига қараб англайди, ҳис қилади. Ушбу мақсад конституция даражасида мустаҳкамланиши давлатнинг иқтисодиёт, таълим, фан, соғлиқни сақлаш, маданият, экология соҳаларида ижтимоий мезонлар устуворлигини таъминлашига туртки беради.
Эътироф этиш керакки, Асосий қонунимизда Ўзбекистон ижтимоий давлат экани алоҳида белгиланган бўлиб, бу соҳадаги сиёсатнинг устувор йўналишлари фуқароларнинг меҳнат қилиш ва ишсизликдан ҳимояланиш, дам олиш, соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий таъминот олиш каби ҳуқуқларини тўла-тўкис рўёбга чиқаришга қаратилган.
Бугунги кунда ижтимоий сиёсат эҳтиёжманд қатлам вакилларига фақатгина моддий ёки пул шаклида ёрдам кўрсатишдангина иборат бўлмай, балки мамлакат ижтимоий инфратузилмаларининг барқарор ишлашини кафолатлаш, бу соҳада самарали давлат ва жамоат бошқарувини амалга ошириш, ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, аҳоли учун ҳар томонлама қулай яшаш шароитларини яратиш масалаларини қамраб олади. Бир-бирига узвий боғлиқ бу жараёнларни ҳуқуқий тартибга солиш соҳада қонунийлик, инсонпарварлик, адолат тамойилларининг амалий тасдиғини топишига хизмат қилади.
Ижтимоий давлатга хос бўлган яна бир муҳим белги – бу ижтимоий масъулиятли бизнес ҳисобланади.
Ижтимоий муаммоларни ҳал этишда, ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришда бизнес ва тадбиркорликнинг имкониятлари катта. Бугунги кунда давлат муваффақиятли ижтимоий сиёсатни юритиш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда ҳокимият, жамоатчилик ва бизнес ўртасидаги ижтимоий шерикчилик самарадорлигини оширишнинг принципиал янги усулларни излашдан ҳамда уларни амалиётга татбиқ этишдан манфаатдор. зотан, миллий қонунчиликда ижтимоий мажбуриятларни тенг тақсимлашда давлатнинг потенциал шериклари, масалан, тадбиркорларни жалб қилишнинг аниқ механизмлари шакллантирилмоқда. Бунга мисол сифатида бугунги кунда саноат соҳаларидаги йирик тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан берилган ижтимоий солиқ имтиёзлари эвазига қўшимча иш ўринлари очилаётганини ва бу орқали минглаб оилаларни камбағалликдан чиқариш назарда тутилганини келтириш мумкин. Бундан ташқари, табиий ресурсларни масъулият билан асраш, фуқаролар учун маданий дам олиш масканларни яратиш, бепул таълим бериш каби ижтимоий лойиҳаларни эслаб ўтишимиз ўринлидир. Давлат ва бизнеснинг бундай ўзаро ҳамкорлигини изчил ривожлантириш тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий масъулиятини тўлақонли шакллантиришига олиб келади.
Бизнес учун ижтимоий масалалар бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш анъанавий равишда ихтиёрий, деб ҳисобланади, бироқ бугунги кунда ҳатто ривожланган Ғарб давлатларида ҳам ижтимоий масъулият ташаббусларини тадбиркорлик субъектлари учун мажбурий қилиш талаблари ортиб бормоқда.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Ўзбекистондаги йирик тадбиркорлик субъектлари учун корпоратив ижтимоий масъулият амалиёти у қадар янгилик ҳисобланмайди. лекин айни пайтда ижтимоий масъулият тамойилларига амал қилувчи компаниялар кам. Шу боис тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ижтимоий масъулиятнинг умумэътироф этилган тамойилларини жорий этиш учун ташкилий-ҳуқуқий механизмларни, турли ижтимоий дастурларга маблағларни ўтказиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳаётий зарурат бўлиб қолмоқда.
Умуман олганда, бизнес билан шуғулланадиган ҳар қандай компания нафақат фойда кўриш, балки мижозлар фаровонлиги ҳақида ҳам қайғуриши керак, шундагина бизнес ҳам фаровонликка эриша олади. тадбиркорлик тузилмаларининг ижтимоий масъулиятини шакллантиришда, ижтимоий ҳаётдаги муаммоларни ҳал қилиш учун бизнес вакилларини жалб қилишда давлатнинг мақсадли қўллаб-қувватлаши айни замон талабидир.
Ижтимоий масъулият ривожланган ва ривожланаётган давлатлардаги компаниялар фаолиятининг ажралмас қисмига айланди. чет эл тажрибасига кўра, муваффақиятли бизнеснинг хайрия жамғармалари тизимини ривожлантириш, маданий, спорт, таълим, соғлиқни сақлаш ва кам таъминланган аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш каби ижтимоий дастурларни молия лаштиришда тадбиркорлик субъектлари иштирокини кенгайтириш пировардида жамият фаровонлигини таъминлайди. Шунингдек, ижтимоий масъулиятли бизнес тармоқлар (корхоналар, ишлаб чиқаришлар) ва ҳудудлар жозибадорлигининг асосий омилларидан саналади. Ғарб давлатларида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши тадбиркорларнинг иштироки билан чамбарчас боғланганини кўришимиз мумкин. Айнан мана шундай ёндашув – ижтимоий масъулият орқали иқтисодий ўсиш ва ҳудудларни барқарор ривожлантириш – Европа Иттифоқини ижтимоий-иқтисодий юксалиши бўйича дастурий хужжат сифатида 2000 йилда қабул қилинган Лиссабон стратегиясининг асосини ташкил этади.
Умуман олганда, бизнес билан шуғулланадиган ҳар қандай компания нафақат фойда кўриш, балки мижозлар фаровонлиги ҳақида ҳам қайғуриши керак, шундагина бизнес ҳам фаровонликка эриша олади. Тадбиркорлик тузилмаларининг ижтимоий масъулиятини шакллантиришда, ижтимоий ҳаётдаги муаммоларни ҳал қилиш учун бизнес вакилларини жалб қилишда давлатнинг мақсадли қўллаб-қувватлаши айни замон талабидир.
Г.Д. Саттарова
ижтимоий соҳадаги қонунчилик шўъбаси
бош илмий ходими