Мамлакатимизда Конституцияга мувофиқ, аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан, озодликдан маҳрум қилинган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинади ва кафолатланади. Бу борада маҳкумларнинг ҳуқуқлари ҳам давлатнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги сиёсати эътиборида, бунинг исботи қонунчиликни такомиллаштириш жараёнида ҳам ўз аксини топади.

Конституциянинг 128-моддасига кўра, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра, озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Бундан бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини чеклашга йўл қўйилмайди.

Президентимиз жорий йил 28 август куни “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Унга кўра, агар оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумлар Ўзбекистон Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари сайловлари ҳамда референдумда иштирок этиш ҳуқуқидан қонунга мувофиқ ва суднинг ҳукми асосида маҳрум этилган бўлмаса, улар мазкур сайловларда иштирок этиш ҳуқуқига эга экани мустаҳкамланди.

Мазкур нормалар миллий ҳуқуқ учун мутлақо янги нормалар ҳисобланади. Сабаби, эски таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясига (1992 йил) кўра, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этиб, озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок эта олмаган.

Киритилган ўзгартиришларнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, нормада маҳкумларнинг сайловда иштирок этиш ҳуқуқи 2 та муҳим шарт билан ҳимояланган.

Биринчиси, сайловда иштирок этиш ҳуқуқи фақатгина қонунда белгиланган ҳолларда чекланиши мумкин. Масалан, келажакда янги қонун қабул қилиш орқалигина аниқ бир турдаги жиноятни (масалан, тинчликка қарши жиноятлар) содир этган шахсларнинг сайлов ҳуқуқи чекланиши мумкин. Шунингдек, қонуности ҳужжатлар, масалан, турли давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, бошқа идоравий ҳужжатлар билан маҳкумларнинг сайлов ҳуқуқи чекланиши мумкин эмас.

Иккинчи кафолат эса бевосита ҳуқуқ ва эркинликларни суд орқали ҳимоя қилиш институти билан боғлиқ. Бошқача айтганда, фақатгина жиноят ишлари бўйича суднинг қонуний кучга кирган ҳужжати, яъни ҳукми билангина оғир ёки ўта оғир жиноят содир этгани учун озодликдан маҳрум қилинган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин. Мазкур масала судлар томонидан белгиланган тартибда чуқур ўрганиш асосида, синчковлик ва индивидуал тарзда ҳал этилади.

Янги қабул қилинган қонун нормасининг яна бир нозик ва муҳим жиҳати шуки, унда оғир ёки ўта оғир жиноят содир этган ва бу учун айнан озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг ҳуқуқлари чекланиши мумкинлиги кўрсатилган. Бунда худди шундай оғир ёки ўта оғир жиноят содир этган, бироқ жазони ижро этиш (шу жумладан, даволаш, тарбия) колониялари, турмалар ва маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналарда сақланмаётган маҳкумларнинг сайловда иштирок этиш ҳуқуқи чекланмайди. Содда қилиб айтганда, мисол учун, шахс гарчи ўта оғир жиноят содир этган бўлса-да, аммо ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган бўлса, унинг сайловда иштирок этиш ҳуқуқи ҳеч қандай ҳолатда чекланилмайди.

Бундан ташқари, тергов ҳибсхоналари ёки изоляторларида сақланаётган оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда гумон қилинувчилар ва айбланувчилар ҳам юқоридаги норма доирасига тушмайди ва уларнинг сайловда иштирок этиш ҳуқуқи ҳеч қайси ҳолатда чекланишига йўл қўйилмайди. Бошқача айтганда, Конституция ва қонун сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласини ҳал этишда максимал равишда тор доирадаги шахсларни қамраб олишга ҳаракат қилган.

Четдан қараганда, шунчаки демократик давлатга хос бўлган шахснинг навбатдаги ҳуқуқи давлат томонидан кафолатлангандек фикр туғилиши ва бу қонунчилигимизда “кафолатланиши шарт бўлган ҳуқуқдек” кўриниши мумкин. Аслида, бундай эмас ва мазкур сайлов ҳуқуқи чуқур фундаментал ва фалсафий масалаларга бориб тақалади. Шунингдек, бу борада давлатларнинг ҳам турлича ёндашувлари мавжуд, Ўзбекистон бу йўналишда энг ривожланган айрим давлатлардан ҳам илғорилаб кетганининг гувоҳи бўлишимиз мумкин.

Масалан, қизиқ факт, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг асосий ҳужжат — 1948 йилдаги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ёки Европа учун энг асосий ҳужжат — 1950 йилдаги Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенциясида сайлов ҳуқуқига оид кафолатлар белгиланмаган. Тўғри, кейинчалик 1966 йилдаги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пакт ва Европа Конвенциясига 1952 йилда киритилган баённомаларда мазкур ҳуқуқ охир-оқибат ўз аксини топди. Лекин нима учун ушбу ҳужжатларда сайлов ҳуқуқи белгиланмагани ва бу нарса тасодиф ёки тасодиф эмаслиги кишини ўйлантириши аниқ.

Замонавий фуқаролик жамияти шахсларни озодликдан маҳрум этиш тушунчаси борасида ўрта асрларга хос бўлган стереотип ва ёндашувдан воз кечган. Эндиликда маҳкумлар, гарчи оғир ёки ўта оғир жиноят содир қилган бўлса ҳам сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан шунчаки маҳрум қилинмайди. Конституциямизда белгиланган инсонпарвар демократик давлатда ҳар қандай шахснинг овози муҳим ва бу ҳуқуқ Асосий қонун билан қўриқланади.

Маҳкумларнинг сиёсий ҳуқуқларга, жумладан, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларига эга бўлиш ёки эга бўлмаслиги масаласи ҳуқуқшунос ва файласуфлар ўртасида доимо баҳс-мунозара предмети бўлиб келган. Жумладан, машҳур инглиз олими Джон Локк жиноятчи сайлов ҳуқуқига эга бўлмаслиги тарафдори бўлган. Унинг фикрича, гарчи инсон ҳуқуқлари ўз табиатига кўра мавжуд бўлса-да, самарали бошқариладиган давлатни шакллантириш учун фуқаролар давлат билан ижтимоий шартнома тузиши керак бўлади. Мазкур шартнома айрим табиий ҳуқуқларга нисбатан чекловларни белгилай олади. Олимнинг таъкидлашича, жиноятчи ўз келиб чиқишига кўра, бундай шартномага умуман алоқаси бўлмайди.

Хорижий тажрибани таҳлил қилсак, Англия ва Ирландия, шунингдек, АҚШнинг барча штатлари (Мэн ва Вермонтдан ташқари)да оғир жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилинган шахслар сайловда қатнашиш ва овоз бериш ҳуқуқига эга эмаслигини кузатамиз. Худди шундай Россияда ҳам озодликдан маҳрум қилинган шахслар сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Хўш, нима учун бундай ривожланган давлатларда маҳкумларнинг сайлов ҳуқуқи чекланган бўлса-да, Ўзбекистонда ҳаётда қоқилган, билиб-билмай жиноят содир этган шахсларга жиддий эътибор қаратилмоқда, улар учун ҳаттоки сайловда иштирок этиш учун шарт-шароитлар яратилмоқда?

Бунда гап ўзбек халқининг кечиримлилигида ҳам эмас, балки миллатнинг инсонийлиги билан боғлиқ. Озодликдан маҳрум этилган шахс ҳам, аввало, инсон, у ҳам ким учундир ота ёки она, фарзанд ёки ака-сингил мақомидаги шахсдир. Жиноят содир этиши уни инсон тоифасидан бошқа мавжудот турига айлантириб қўймайди. У ҳануз ҳар томонлама Ўзбекистон фуқароси, жамият бир бўлагининг аъзоси бўлиб қолади. Бошқа фуқаролар каби барча юридик ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади, фақатгина эркинлик ҳуқуқи маълум муддатга чекланади. Унинг озодликдан маҳрум этилиши эса бошқа бир муҳим тамойил жавобгарликнинг муқаррарлигини сўзсиз таъминлаш, уни ахлоқан тузатиш ва келажакда яна жиноят содир этилишининг олдини олиш ҳисобланади. Яъни инсон Жиноят кодексида белгиланган жазони ўташ учун эмас, балки қилган қилмишига яраша жазо олгани учун озодликдан маҳрум этилади.

Худди шундай инсонийлик ҳозирги давр, янги Ўзбекистон даври ахлоқи ва руҳиятига ҳам хосдир. Шундай экан, овоз бериш ҳуқуқи бу имтиёз эмас, балки инсоннинг инсон эканини қўшимча тасдиқловчи имкониятдир.

33 йилда улкан мамлакатлар ҳанузгача таъминлаб беролмаган ҳуқуқларни мамлакатимиз кафолатлаб берди. Ваҳоланки, масалан, асрлар мобайнида аёллар сайлов ҳуқуқидан маҳрум бўлиб келган. Испанияда аёллар фақатгина 1933 йилдан, Японияда 1945 йилдан, Кореяда 1948 йилдан, Хитойда 1954 йилдан, Қувайтда 2005 йилдан, БААда 2006 йилдан, Саудия Арабистонида эса 2015 йилдан бошлаб аёлларга сайловларда қатнашишга рухсат берилди.

Таъкидлаш жоизки, яқин ўтмишгача сайловда иштирок этишнинг турли чекловлари мавжуд бўлган. Масалан, сайловда иштирок этиш учун мол-мулкка эга бўлиш (мулкий ценз, масалан, Нью-Йоркда 1826 йилгача камида 20 гектар ери бўлган одам сайловда қатнаша олган) ёки овоз бериш учун солиқ тўлаш (Францияда 1830 йилдан бошлаб овоз бериш учун 200 франк тўланган), маълум ирққа мансуб бўлиш (1965 йилдан бошлаб АҚШда қора танлилар тўлиқ сайлов ҳуқуқини олишган), ёш цензи (масалан, илгари Бельгия, Германияда 25 ёшга кирган бўлиши лозим бўлган. Ўзбекистонда бу 18 ёш), касбий ценз (масалан, Колумбия, Мексика, Парагвайда ҳарбийлар ёки диний муассаса вакиллари сайловда иштирок этиши чекланган) каби чекловларни санаб ўтиш мумкин.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, замонавий фуқаролик жамияти шахсларни озодликдан маҳрум этиш тушунчаси борасида ўрта асрларга хос бўлган стереотип ва ёндашувдан воз кечган. Эндиликда маҳкумлар, гарчи оғир ёки ўта оғир жиноят содир қилган бўлса ҳам сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан шунчаки маҳрум қилинмайди. Конституциямизда белгиланган инсонпарвар демократик давлатда ҳар қандай шахснинг овози муҳим ва бу ҳуқуқ Асосий қонун билан қўриқланади. Шу билан бирга, маҳкумларни тўғри йўлга қайтариш, уларни қайта тарбиялаш, жазони ўтаб бўлгач, нормал ҳаёт кечиришига ёрдам бериш нафақат жазони ижро этиш тизими вакиллари вазифаси, балки хатога йўл қўйган инсоннинг ён-атрофида бўлган ҳар қандай шахснинг фуқаролик бурчи ва ёрдами бўлиб қолиши лозим.

К.Нигматов
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилик
шўъбаси мудири