Жорий йил 22 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўйича депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти бошланди. Мазкур жараён сайлов кампаниясининг энг муҳим босқичи бўлиб, сайловчиларга сиёсий партиялар ва номзодлар билан яқиндан танишиш имконини беради.
Сайловолди ташвиқоти ўзи нима ва ким томонидан олиб борилади?
Сайлов кодексига мувофиқ, сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир. Мазкур фаолиятдан кўзланган асосий мақсад — сайловчиларни улар учун овоз беришга чорлаш. Бинобарин, сайловолди ташвиқотида сиёсий партия ва номзодлар сайловда ғалаба қозониш учун фаол ҳаракат олиб боради.
Сайловолди ташвиқоти нафақат номзодлар томонидан, балки:
– депутатликка номзод депутат этиб сайланиши учун унинг номидан ишончли вакиллар;
– партия рўйхати бўйича номзодлар сайланиши учун сиёсий партиялар ва уларнинг вакиллари томонидан олиб борилиши мумкин.
Айрим тоифадаги шахслар (давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари, Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, судьялар, сайлов комиссиялари аъзолари, диний ташкилотлар профессионал хизматчилари)нинг сайловолди ташвиқоти олиб бориши тақиқланади.
Қачон ўтказилади?
Сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодларни ва Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхатини белгиланган тартибда рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин тугатилади. Номзодлар ва партия рўйхатини рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганда тугалланади. Демак, рўйхатга олиш якунланганидан сўнг ташвиқот тадбирлари бошланади.
Сайлов қонунчилигига кўра, сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди. Мазкур амалиёт халқаро тажрибада “сукунат” куни деб аталади. Кўплаб хорижий мамлакатлар тажрибасида сайловдан бир (Франция, Ҳиндистон, Италия, Қозоғистон, Венгрия, Хорватия) ёки икки кун (Аргентина, Миср, Сербия), айрим давлатларда уч кун (Австралия, Индонезия, Чехия) олдин сайловолди ташвиқоти ўтказилмайди. Бироқ биноларга, иншоотларга ва бошқа жойларга илгари (жумладан, сайлов кунидан икки кун олдин) жойлаштирилган сайловолди ташвиқоти материалларини сайлов куни ва овоз беришдан бир кун олдин олиб қўйилиши мажбурий ҳисобланмайди. “Сукунат” кунидан кўзланган мақсад сайловчиларнинг мустақил танловини таъминлаш, четдан аралашув ва босимнинг олдини олиш ҳисобланади.
Ташвиқот қандай шакл ва усулларда олиб борилиши мумкин?
Номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партиялар ва уларнинг вакиллари сайловолди ташвиқотини қонунда белгиланган шакл ва усулларда амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга ўзининг келгусидаги фаолияти дастури, сиёсий партиянинг дастури ва сайловолди платформасини ташвиқот қилиш ҳуқуқи берилади.
Депутатликка номзодлар ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда сайловолди ташвиқотида сиёсий партиянинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборот ёки депутатликка номзод ва сиёсий партия тўғрисидаги ахборот тарқатилиши мумкин.
Сайловолди ташвиқоти ОАВ, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чоп этиш ҳамда тарқатиш, сайловчилар билан бевосита учрашувлар ташкил этиш орқали амалга оширилади.
Айтиб ўтиш лозимки, депутатликка номзодларнинг таржимаи ҳоли ва уларнинг сайловолди дастурлари, шунингдек, партия рўйхати ва сиёсий партияларнинг дастурлари тўғрисидаги тегишинча Марказий сайлов комиссияси ва бошқа сайлов комиссияларининг ахборот материаллари (плакатлари) сайловолди ташвиқоти материаллари ҳисобланмайди.
Сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг турлари, шакл ва усулларининг мазмун-моҳияти номзодлар ва сиёсий партиялар томонидан мустақил белгиланади.
Умуман олганда, сайловолди ташвиқоти даврида уни олиб боришнинг қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай турлари, шакл ва усулларидан ҳам фойдаланилиши мумкин.
Унда нималарга йўл қўйилмайди?
Сайловолди ташвиқотини сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек, пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади.
Ташвиқот давлат суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши қаратилмаган бўлиши, халқнинг саломатлиги ҳамда маънавиятига таҳдид солмаслиги, уруш, миллий нафрат, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилмаслиги, конституциявий тузумни зўрлик ишлатиб ўзгартириш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини чекловчи ҳаракатларга даъват қилмаслиги керак.
Шунингдек, сайлов жараёнида нотўғри ахборотни тарқатиш, шахсга доир маълумотларнинг махфийлигини бузиш, номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган ҳар қандай маълумотларни, шунингдек, ёлғон (шу жумладан, чалғитадиган ёки адаштириб юборадиган даражадаги), бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зиён етказувчи ҳар қандай сайловолди ташвиқоти материалларини, шу жумладан, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.
Бундан ташқари, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партия ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади.
Сайлов комиссиялари холис бўлишини инобатга олган ҳолда, уларнинг аъзолари партия рамзлари туширилган кийим кийиши, тақинчоқ тақиши ва бошқа белгилардан фойдаланиши мумкин эмас.
Зарур шарт-шароитлар қандай яратилади?
Сайловолди ташвиқоти доирасида тегишли шарт-шароитлар яратилиши қонунчиликда белгиланган.
Депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларга сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун маблағлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилади.
Сайловчилар билан учрашувларни самарали ташкил этиш мақсадида номзод ўзи рўйхатга олинган сайлов округи жойлашган ҳудудда барча турдаги давлат йўловчи транспортида бепул юриш ҳуқуқига эга (бундан шаҳар йўловчи транспорти, такси ва бошқа транспорт турларининг буюртма қилинадиган рейслари мустасно). Сайлов округидан ташқарида яшовчи депутатликка номзод сайлов округига бориш ва яшаш жойига қайтиш учун уларда текинга юриш ҳуқуқидан фойдаланади. Мазкур ҳуқуқларни таъминлашга доир зарур чоралар транспорт соҳасидаги ваколатли давлат органи томонидан кўрилади.
Номзодлар ва сиёсий партияларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш мустақил амалга оширилиб, бунинг учун сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш жойи ва вақти ҳақида тегишли ҳудудий, туман, шаҳар ёки участка сайлов комиссиясига маълум қилиб, туман (шаҳар) ҳокимликларини камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилишнинг ўзи етарли. Яъни мазкур тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб қилинмайди.
Учрашувларни ташкил этишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кўмаклашиши лозим. Бунинг учун мазкур давлат органлари, идора ва ташкилотлар учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиши, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда ёрдам кўрсатиши шарт.
Тенглик қандай таъминланади?
Депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини олиб бориш борасида тенг ҳуқуқларга эгалиги кафолатланган. Сайловолди ташвиқотини олиб бориш харажатларини молиялаштириш учун ажратиладиган бюджет маблағларининг ҳажми Марказий сайлов комиссияси томонидан тенг улушларда белгиланади ва сиёсий партиянинг тегишли ҳисобварағига ўтказилади.
Сайлов кодексига мувофиқ, ташвиқот олиб борилаётганда давлат ОАВларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади.
ОАВ сайловолди ташвиқоти даврида бепул ажратиладиган эфир вақти ва нашр майдони доирасида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга зарур шарт-шароитлар яратиб, янгиликлар дастурлари ва бошқа ахборот материалларида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди тадбирларини ёритишда тенглик принципига риоя қилиши керак. Бу турдаги материаллар сайловолди ташвиқоти материаллари эканлиги ОАВларда қайд этиб борилади.
ОАВ томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар барча учун тенг ва бир хил бўлиши керак.
Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 20 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар ва сиёсий партиялар учун сайловолди ташвиқоти мақсадида ОАВдан бепул фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти белгиланди. Хусусан, мазкур қарор билан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг марказий телеканаллари, радиоканаллари, ҳудудий телерадиоканаллари ҳамда уларда бепул ажратиладиган эфир вақти ҳажми, марказий нашрлар (“Янги Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Овози тожик”, “Нурлы жол” газеталари) ҳамда маҳаллий газеталарда бепул ажратиладиган нашр майдони ҳажми белгиланди. Маҳаллий кенгашларга сайловларда ОАВдан тенг фойдаланиш масаласи тегишли сайлов комиссиялари томонидан ҳал этилади.
Талабларни бузганлик учун қандай жавобгарлик чоралари бор?
Амалдаги қонунчиликда сайловолди ташвиқоти талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Жумладан:
– Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг қарорлари (шу жумладан, бепул ва бир хил эфир вақти ва нашр майдони ҳақидаги қарорлари)ни ижро этмаслик;
– номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини (хусусан, сайловолди ташвиқоти даврида ҳам) бузиш;
– сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш;
– сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод, сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ёки бошқа усуллар орқали тарқатиш;
– биноларга, иншоотларга ёки бошқа жойларга жойлаштирилган ахборот, ташвиқот материалларини сайловга тайёргарлик кўриш ва сайлов ўтказиш жараёнида қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш;
– жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари тахминларини, шунингдек, сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бузиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Фуқароларнинг депутат сайлаш ёки сайланиш, сайловолди тарғиботи олиб бориш ҳуқуқларини, депутатликка номзод шахснинг ишончли вакиллари ўз ваколатларини эркин амалга оширишларига зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилиш эса жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, сайловолди ташвиқоти муҳим сиёсий жараён, амалдаги қонунчилик мазкур тадбирларнинг ҳар томонлама самарали амалга оширилишини, номзодлар ва сиёсий партиялар учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлайди.
А.К.Расулев
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти
илмий котиби