Бугун электромобилдан фойдаланувчилар тобора кўпаймоқда. Жумладан, 2022 йилда дунёда фойдаланишдаги электромобиллар сони 26 миллиондан ошди. 2023 йил эса Марказий Осиё минтақасида электромобиллар сотиб олиш борасида энг катта ўсиш билан эсда қолди. Айни пайтда Ўзбекистонда 40 мингдан ортиқ электромобиль мавжуд бўлса, шунинг 25,7 мингтаси охирги бир йилда импорт қилинган.

Экология ёмонлашиб, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш долзарб аҳамият касб этаётган ҳозирги даврда булар яхши кўрсаткич. Чунки электромобиллар, аввало, атроф-муҳитга зарарли газ чиқармайди ва уларнинг оммалашишининг асосий сабаби ҳам шунда. Аммо масаланинг иккинчи томони — уларнинг батареяларини қайта ишлаш масаласи ҳам борки, бу бўйича самарали чоралар кўрилмаса, яна бир жиддий экологик муаммо юзага чиқиши мумкин.

Мутахассислар таъкидича, электромобилни ўртача эксплуатация қилиш муддати 8 йилни ташкил этади. 2030 йилга бориб, 100-120 ГВт/ соат қувватли автомобиль батареялари яроқсиз ҳолга келади. Ўзбекистонда йилига ўртача 140 минг тоннадан ортиқ электрон чиқиндилар пайдо бўлади ва бу аҳоли жон бошига ўртача 4-5 килограммни ташкил этади. Улар, асосан, батареялар ва аккумуляторлар ҳисобига шаклланади.

Тўғри, ҳозирги кунда электромобилларнинг деярли барча қисми қайта ишлаб чиқаришга йўналтирилади дейилади. Лекин дунё бўйлаб 2023 йилда электромобиллардан чиққан батареяларнинг атиги 3 фоизи қайта ишлашга юборилганини, бундай автомобиллар сони кун сайин ортиб бораётганини инобатга олсак, тармоққа инвестиция киритиш, электрон чиқиндиларни утилизация қилиш ҳаётий зарурат ва мажбуриятга айланади, десак муболаға эмас. Бугунги кунда электромобиль батареяларини қайта ишлаш жараёнида энг катта қийинчиликлардан бири ортиқча энергия талаб этилишидир. Демак, батареяларни қайта ишлаш ҳам арзонга тушмайди. Яна шуниси эътиборлики, ҳозиргача дунёда батареяларни утилизация қилиш бўйича ягона тажриба мавжуд эмас. Аммо халқаро амалиётда батарея учун зарур хомашё етишмаслиги кузатилмоқда.

Автомобиль батареяларини қайта ишлаш бўйича Хитой етакчидир. Ушбу мамлакатда уларнинг тахминан 70 фоизи қайта ишланади. Ҳукумат ишлаб чиқарувчиларнинг батареяларни қайта ишлаш мажбуриятини диққат билан кузатиб боради. Европа мамлакатлари ва АҚШда бу кўрсаткич 5 фоиздан ҳам ошмайди.

Ички ёнув двигателига эга транспорт воситалари аккумуляторларини қайта ишлаш ҳам долзарбдир. Бугунги кунда мамлакатимизда 4,2 миллиондан ортиқ автомобиль рўйхатга олинган бўлиб, улар уч турдаги батареялар билан жиҳозланган. Шуларни инобатга олиб, электрон батареяларни (аккумуляторларни) утилизация қилиш ва қайта ишлаш бўйича хорижий тажрибаларни ўрганиш, шунга ихтисослашган корхоналар ташкил этиш ва бунинг учун махсус илмий экологик тадқиқотлар ўтказиш, ушбу йўналишдаги ишларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тезкорлик билан тайёрлаш мақсадга мувофиқ.

Ўзбекистон автомобилсозликда ўзига хос тажрибага эга. Соҳа ривожланиб, электромобиль ва гибрид автомобиллар ҳамда уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришга жиддий киришилмоқда. Мана шу омиллар туфайли 2035 йилга бориб, юртимизда 10 минг тоннага яқин электрон чиқинди пайдо бўлиши тахмин қилинмоқда. Бу эса олдимизга бир қатор вазифаларни қўяди.

Т.Дауров
Ўзбекистон Республикаси Президенти

ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат
институти юрисконсулти