Ушбу тамойил амалий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон ўз миллий манфаатларига асосланган ҳолда очиқ, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат олиб бормоқда. Замонавий ташқи сиёсий ҳолатимиз дунёда ва минтақада шиддат билан ўзгараётган вазият ҳамда мамлакат ичидаги кенг кўламли ўзгаришларга асосланиб шаклланмоқда.
Маълумки, мамлакатимизнинг ташқи сиёсати халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принципларига асосланувчи, дўстона ва тинчликсевар ташқи сиёсатдир.
Бугунги кунда мамлакатимиз жаҳон сиёсатининг марказларидан бирига ва глобал ташаббуслар муаллифига айланмоқда. Ўзбекистон дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакати билан дипломатик алоқалар ўрнатган, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларда Ўзбекистоннинг 55 та дипломатик ва консуллик ваколатхоналари мавжуд. 100 дан ортиқ халқаро ташкилотлар аъзоси, турли кўп томонлама ҳамкорлик тузилмалари билан ўзаро шерикчилик алоқаларини ривожлантирмоқда. Бугунги давр мазкур сиёсатни изчиллик билан давом эттиришни тақазо этмоқда.
Ўзбекистон 2019 йилда Туркий давлатлар ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиб кирди, Туркия билан алоқаларни кенгайтиришга жадал ҳаракат қила бошлади. Ўзбекистоннинг Афғонистондаги сиёсати ҳар доим прагматизми билан ажралиб турган. Эрон, Ҳиндистон ва Покистон билан эса бир қатор муҳим транспорт лойиҳаларини амалга оширмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари, Туркия, Эрон, Афғонистон, Озарбайжон ва Покистонни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) бирлаштириб туради.
Ўтган йилда Ўзбекистон ташқи сиёсатда Туркий давлатлар, айниқса Озарбойжон, Яқин Шарқ (айниқса Қатар ва Эрон) векторларини анча мустаҳкамлаб олди. Марказий Осиёнинг глобал майдонда аввалгидек пароканда эмас, яхлит минтақа бўлиб ҳаракат қилишга интилиши яққол кўзга ташлана бошлади. Минтақа мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқалари ҳар қачонгидан кўра анча кенгайди. Биргина 2022-2023 йилларда Марказий Осиё йўналишида 150 дан ортиқ олий ва юқори даражадаги тадбирлар амалга оширилди. Пировард натижада Марказий Осиё халқларининг бир-бирига яқинлиги таъминланмоқда, борди-келди алоқалари кўпайди, савдо-сотиқ муносабатларининг салмоғи анча ортди.
Ўзбекистоннинг изчил, конструктив ва мутаносиб сиёсати туфайли минтақа давлатлари билан ишонч ва ўзаро тушуниш анча мустаҳкамланди. Минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришнинг ўзига хос механизми – минтақа давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари жорий этилди.
Шунингдек, халқаро муносабатларда МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти каби минтақавий ташкилотларда Ўзбекистон томонидан фаол ишлар амалга оширилмоқда. Корея Республикаси, Япония каби мамлакатлар билан алоқалар изчил ривожланмоқда. Жануби-Шарқий Осиё давлатлари мамлакатимиз ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолмоқда.
2023 йил 17-18 май кунлари ХХРнинг Сианда бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Хитой саммитида қабул қилинган Сиан декларациясида республикамиз ва Марказий Осиё давлатлари кўтарган ғоялар асосий ўрин тутади. Бу халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кучли ёндашув сифатида қабул қилинди, мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги салмоқли нуқта бўлди.
2023 йил сентябрдаги Марказий Осиё ва АҚШ саммити ҳам юқори даражада бўлди. Президентимизнинг БМТдаги чиқишлари, Европа билан ҳамкорлик, Жанубий Осиё билан муносабатларда ривожланиш давомийлиги Ўзбекистон кўтараётган масалалар нафақат Марказий Осиё, балки халқаро ҳамжамиятда ҳам муҳим ўринга эгалигини кўрсатяпти.
Ташқи сиёсатимизда дастурий ғоялар ва давлатимиз раҳбари кўтарган ташаббуслар ўз аксини топмоқда. Ўзбекистон ташқи сиёсатда илгари сураётган ташаббуслар фақат мамлакатимиз учун эмас, балки Марказий Осиё давлатлари ривожланиши учун ҳам муҳим ҳисобланади. Буни Президентимиз бошчилигидаги хорижий давлатларга қилган расмий ташрифлар мисолида кўрсак бўлади.
Узоқ йиллар давомида қўшни давлатлар билан борди-келдилар анча камайган, чегаралар ёпилган тарзда яшашга мажбур бўлдик. Бироқ, кейинги йилларда вазият тубдан ўзгарди. Бугунги кунда ён қўшниларимиз билан ишонч ва ҳурматга, ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган прагматик сиёсат олиб борилмоқда. Натижада савдо-сотиқ, маданий-маърифий алоқалар кундан кун ривожланиб бормоқда. Энг муҳими, қардош халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч, қуда-андачилик, яхши қўшничилик анъаналари қайта тикланди.
Жорий йил 24 январда Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Хитой музокаларида, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб бораётгани, мамлакатларимиз муҳим масалалар юзасидан бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Ўтган йил якунлари бўйича товар айирбошлаш 14 миллиард долларга етди. Яқин истиқболда буни 20 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар борлиги тўғрисида якдил фикр билдирилди.
Кейинги йилларда Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар ҳажми беш баробар, қўшма корхоналар сони эса уч баробар ошди.
Инфратузилма, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва “яшил” энергетикада технологиялар трансфери соҳаларида ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш ва қабул қилишга келишиб олинди.
Етакчилар ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашганига алоҳида эътибор қаратди.
Таълим ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, ўзаро маданият кунларини ўтказиш амалиётини давом эттириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Қўшма Ёшлар инновация форумини ўтказиш таклиф қилинди.
Режалаштирилган барча тадбирлар ва илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида томонлар Ҳукуматлараро қўмита ва унинг барча кичик қўмиталари йиғилишларини жорий йилнинг биринчи ярмида ўтказишга аҳдлашиб олди.
Мамлакатимизнинг миллий манфаатларига жавоб берадиган ҳамда яқин ва узоқ хорижий давлатлар билан алоқаларни кенгайтиришга қаратилган фаол, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсий йўналишни ривожлантириш бўйича муайян натижаларга эришилмоқда.
Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳасига кўра, давлат дастури 7 та блокдан иборат, 36 та бандни ўз ичига олади. Дастурнинг “Стратегиянинг хавфсизлик ва ташқи сиёсат йўналишидаги ислоҳотлар” блоки алоҳида аҳамиятга эга.
Унга асосан, жорий йил мобайнида минтақада хавфсизликни ва тинчликсеварлик ғояларни изчил таъминлаш мақсадида қуйидаги устувор вазифалар белгиланмоқда. Жумладан:
– анъанавий шериклар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш;
– глобал ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирларига қўшилиш, айниқса АҚШ, Канада ҳамда Америка қитъасининг бошқа ҳамкор мамлакатлари билан кенг қамровли ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштириш ва ҳар томонлама кенгайтириш;
– АҚШ билан стратегик шериклик мулоқоти, Канада ва Бразилия билан сиёсий маслаҳатлашувларни доимий ўтказиб бориш;
– “С5+1” формати доирасида ҳамкорликни кенгайтириш, парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш;
– Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар билан ташқи савдони кенгайтириш, хорижий инвестициялар, молиявий-техник ёрдам ва илғор технологияларни жалб этиш.
Шунингдек, Марказий Осиё минтақасида амалий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида сув хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ҳамкорликдаги илмий-амалий лойиҳаларни йўлга қўйиш, минтақа давлатлари томонидан трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш ва гидроиншоотлар барпо қилиш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда қўшни давлатлар билан халқаро грант маблағларни олиш чоралари кўриш вазифалари ҳам шулар жумласига киради.
Кези келганида эслатиб ўтиш жоизки, 2022 йил 6 июль куни Брюсселда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲТБ) имзоланган эди. Ушбу ҳужжат инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик, маданий алоқаларни илгари суриш, молиявий ва техник ҳамкорлик, инвестициялар, товар ва хизматлар савдоси, шунингдек, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
КШҲТБ лойиҳаси бўйича музокаралар 2019 йил февраль ойида бошланган ва 2022 йил июнь ойи охирида якунланган. Ушбу давр мобайнида экспертлар, бош музокарачилар ҳамда ҳукумат аъзолари даражасида 10 раунд музокаралар ва 150 дан ортиқ учрашувлар бўлиб ўтган.
Ушбу битимнинг муҳим йўналишлари савдо ва унга тегишли масалалар, шу жумладан, божхона маъмурчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари, рақобат ва давлат корхоналарининг фаолияти, давлат харидлари, низоларни ҳал қилиш ва бошқа соҳалар билан боғлиқ қоидалардан иборатлигини инобатга олиб, жорий йилда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитини юксак даража ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” вазирлар форматидаги навбатдаги учрашувида самарали иштирокини таъминлаш ҳамда Ўзбекистоннинг GSP+ имтиёзлар тизими бенефициари мақомини узайтириш масаласини илгари суриш назарда тутилган.
Бундан ташқари, янги Битим Жаҳон савдо ташкилотининг асосий қоидаларини ўз ичига олгани натижасида инвестициявий шериклик, товарлар, хизматлар ва интеллектуал мулк савдоси соҳаларидаги муносабатлар доираси сезиларли даражада кенгайтирилган.
Шунингдек, мамлакатимизда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференцияни ташкил этиш, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш каби бир қатор тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган.
Ўз навбатида, Ўзбекистон ташқи сиёсатнинг муҳим йўналиши сифатида икки томонлама ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор беради.
Ўтган йили мазкур йўналишда 40 дан ошиқ татбирлар амалга оширилди. Бу йилда ҳам мазкур йўналишни ривожлантиришга қаратилган бир қатор давлат ташрифлари режалаштирилган.
Жумладан жорий йил 7-9 февраль кунлари Беларус Республикаси Президенти А.Лукашенконинг расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Беларус ҳудудлараро иккинчи форуми ўтказилди, форум доирасида Ўзбекистон ва Беларус ишбилармон доираларининг минтақавий вакилларини фаол ва муваффақиятли ҳамкорлик ривожлантириш, ҳукуматлар томонидан қўшма ташаббусларни амалга ошириш ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади.
Томонлар 2024-2025 йилларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган чора-татбирлар режаси доирасида бир бирида савдо уйларни ташкил этиш, ёғоч ва озиқ-овқат маҳсулотларини имтиёзли харид қилиш ва тизимли етказиб бериш механизмини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш икки давлат муносабатларининг истиқболли йўналишларидан эканлиги таъкидланди.
Шубхасиз мазкур тадбирлар чет эллик инвесторларни Ўзбекистонга жалб қилиш, улар иштирокида турли бизнес-форумлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш, мамлакатимизнинг таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда алоқаларини кенгайтириш, хусусан, университетлараро ва илмий тадқиқотлар йўналиши бўйича турли дастурларда иштирок этиш ҳамда кўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтиради.
Баҳодир Исмоилов
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти шўъба мудири