Мамлакатимизда иш билан банд аҳолининг 80 фоиздан ортиғи хусусий сектор улушига тўғри келмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги ҳиссаси эса 52 фоизга тенг. Ушбу рақамлар бизнес ва тадбиркорлик соҳаси иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга эканини намоён этади. Шу боис, бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга устувор йўналишлардан бири сифатида эътибор қаратилиб, соҳанинг ҳуқуқий ва ташкилий асослари йил сайин такомиллаштирилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 21 февралдаги “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида ҳам бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг қамровли чоратадбирлар назарда тутилган.

Жорий давлат дастурининг 98 та банди бевосита иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга қаратилгани бу борадаги ишлар кўлами ва изчиллигидан далолат беради.

Ҳужжатда Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш, миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини кучайтириш, рақамли технологияларни ривожлантириш орқали мамлакатни минтақавий IT хабга айлантириш кўзда тутилган. Ҳудудларда хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш, инфратузилма лойиҳаларини барқарор ва узоқ муддатли молиялаштириш манбалари билан таъминлаш, банк тизимида ислоҳотларни жадаллаштириш ва банк хизматлари бозори ҳажмини ошириш чора-тадбирлари белгиланган. Монопол соҳаларни бозор тамойилларига изчил ўтказиш, иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш ва тадбиркорларга эркин фаолият юритиши учун янада қулай шароитлар яратиш каби йўналишларда қатор қўшимча қулайлик ва енгилликлар назарда тутилган.

Иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида инвестициявий қулайлик ва жозибадорликни янада ошириш вазифаси белгиланган. Унга кўра, 2024 йил май ойида пойтахтимизда учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳамда Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлиси ўтказилади. Шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида АҚШ, Япония, Буюк Британия, Канада, Германия ва Швеция каби давлатларнинг салоҳиятли компаниялари билан тасдиқланган режа асосида учрашувлар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Бундан ташқари, жорий йил давомида иқтисодиётимизга 1 миллиард долларлик грант маблағларини жалб қилиш бўйича келишувларга эришиш (битим ва меморандумлар имзолаш), 309 та йирик ишлаб чиқариш объекти ва қувватини ишга тушириш орқали 36 мингта янги иш ўрни ташкил этиш белгиланган. Шу мақсадда 41 та истиқболли лойиҳа бўйича дастлабки ҳисоб-китоблар ва лойиҳаолди ҳужжатларни ишлаб чиқиб, хорижий инвесторлар ва халқаро молия институтларига тақдимот қилиш режалаштирилган.

Экспортни рағбатлантириш ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорлари билан янги вазифалар, чоратадбирлар белгиланди. Бу эса соҳани янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур жараёнда “Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури ҳам ўз ўрнига эга. Ушбу дастур юртимизда экспорт ривожига ўзига хос туртки бўлмоқда. Жумладан, 2023 йилда республика экспорти (махсус экспортсиз) 16,2 миллиард долларни, ўсиш 104 фоизни ташкил этди. Ҳозирги кунда дастурни кенгайтириш, унда қамраб олинадиган корхоналар сонини 500 тага етказиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Жорий йилда ҳам миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини кучайтириш ҳамда товар ва хизматлар экспорти ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун қатор вазифаларни бажариш назарда тутилган. “Экспорт акселератор” дастурини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш, “Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури асосида миллий брендларни хорижий бозорларга олиб чиқиш шулар жумласидан. Янги халқаро стандартларни амалиётга киритиш ҳамда 822 та корхонада халқаро стандартларни жорий қилиш орқали экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ҳажмини ошириш, шунингдек, хорижий мамлакатлар билан Ўзбекистон маҳсулотлари учун сертификат, бож ва йиғимларни юмшатиш бўйича музокаралар ўтказиш вазифалари белгиланган.

Юртимизда хизмат кўрсатиш соҳаси юқори суръатларда ривожланмоқда ва аҳоли бандлигини таъминлашда катта аҳамият касб этмоқда. Жорий йилда бу йўналишдаги ишлар янада кенгаяди.

Хусусан, ўрта ва йирик шаҳарлар ҳамда аҳолиси 300 мингдан кўп туманларда замонавий хизматлар ривожлантирилади, хизмат кўрсатиш соҳасида 10 мингта савдо-сервис объекти ташкил этилади. Шунингдек, аҳоли гавжум кўчаларда савдо, сайилгоҳ ва маиший-кўнгилочар хизматларни ривожлантириш учун бўш ер майдонлари аукцион савдоларга чиқарилади. Янги хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш учун 2,2 мингта ер (лот) майдони ҳам аукцион савдоларга қўйилади.

Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида туризмнинг ўрни тобора кенгаймоқда. Мутахассислар таъкидлашича, туризмдан топилган даромаднинг 30 фоизи одамлар қўлига иш ҳақи бўлиб қайтади, саноатда ва бошқа тармоқларда бу 10 фоиздан ошмайди. Яратилаётган ҳар бир янги иш ўрни бошқа тармоқларда яна 2 та иш жойини ҳосил қилишга имкон беради.

Ана шу жиҳатлардан келиб чиқиб, давлат дастурида иқтисодий тараққиётни таъминловчи асосий шартлардан бири сифатида ташқи ва ички туризмни янада ривожлантириш учун кенг шароит яратишга алоҳида аҳамият берилган. 2024 йилда хорижий сайёҳлар сонини 10,5 миллионга, туризм хизматлари экспортини 2,5 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган. Жумладан, тиббиёт ва таълим туризми экспорти йилига 200 миллион долларга етказилиб, бунда хорижий давлатларда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, “меҳмонхона — транспорт — туроператор — савдо ва сервис” корхоналарининг кооперацияси асосида фаолият юритадиган 4 та йирик туризм кластери (мажмуаси)ни ташкил этиш ва бу орқали ҳудудларда 600 та янги меҳмонхона, меҳмон уйлари ва хостеллар ташкил этиш режаланган.

Шу билан бирга, дастур доирасида Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари туман ва шаҳарларини боғловчи “Олтин водий сайёҳлик ҳалқаси”, Хоразм ва Қорақалпоғистон бўйлаб “Қалъалар ҳалқаси” каби янги туристик йўналишлар ташкил қилинади. Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш ва уни ривожлантириш бўйича кўрилаётган бундай чоратадбирлар тадбиркорлик имконияти кенгайиши ҳамда иқтисодиёт юксалишига хизмат қилади.

Банкларнинг кредит сиёсатини ислоҳ қилиш ҳам давлат дастурида назарда тутилган муҳим вазифалардан бири. Хусусан, банкларда тижорат кредитлари фоиз ставкасини 2-3 фоиз камайтириш, “яшил кредитлар”ни жалб қилиш ва молия бозорини тартибга солишда ESG (Environmental, Social, Governance) тамойилларини жорий қилиш лозим. Шунингдек, муаммоли кредитларнинг олдини олиш ва салмоғини камайтириш мақсадида банклар кредит сиёсатига ўзгартириш киритиш, кредитлаш мезонлари (иқтисодий асослангани, қарз юки ва таъминотига қўйилган минимал талаблар)ни қайта кўриб чиқиш белгиланган. Ўз навбатида, банкларда кредит фоиз ставкалари камайтирилиши тадбиркорлик субъектлари учун муҳим ижобий ўзгариш бўлади, уларга маблағларини тежаш ва даромадини кўпайтириш имконини беради.

Давлат дастури доирасида ҳудудларда саноат соҳасини ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланган. Ҳудудлар имкониятидан келиб чиқиб, хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб қилиш учун янги инвестициявий лойиҳа таклифлари тайёрлаш лозим. Бунда ҳудудларнинг мавжуд хомашё салоҳияти ва имкониятини чуқур таҳлил қилиш орқали йирик, ўрта ва кичик лойиҳалар рўйхатини шакллантириш, консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда бизнесрежалар ишлаб чиқиш керак. Янги лойиҳа таклифларини хорижий ва маҳаллий инвесторларга тақдим қилиш ҳамда уларни ишга тушириш бўйича амалий ишларни бошлаш шулар жумласидан.

Ҳудудларда саноат тармоғини ривожлантириш мақсадида тадбиркорлик субъектларига қимматбаҳо, рангли, ноёб металлар ҳамда норуда кон ва участкаларига (жами 200 та) ер қаъридан фойдаланиш учун рухсатномаларни шаффоф механизмлар асосида онлайн аукцион орқали таклиф этиш назарда тутилган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, давлат дастури доирасида бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича назарда тутилган чора-тадбирлар тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш, иш ўринлари яратиш ҳамда хорижий давлатлар билан иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Буларнинг барчаси пировард натижада мамлакат иқтисодиётининг тараққий этишига ижобий таъсир кўрсатади.

Қ.Жумаев
иқтисодий соҳадаги қонунчилик
шўъбаси етакчи илмий ходими