Қонунчиликни такомиллаштириш Ўзбекистон ҳуқуқий сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Қонунчилигимизда қатор ўзгаришлар рўй берди, бу юртимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан боғлиқ. Бундай ўзгаришлар тизимли ва мувофиқлаштирилган чораларни талаб қилади. Шу сабабли қонун ижодкорлиги фаолиятида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш режаларини ўз ичига олган дастур ва мақсадли ҳужжатларни қабул қилиш амалиёти шаклланди. Шулардан бири “Ўзбекистон — 2030” стратегиясидир.

2023 йилда Президентимизнинг “Ўзбекистон — 2023” стратегиясини амалга ошириш тўғрисидаги тегишли қарори қабул қилиниши билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхатини тасдиқлаш амалиёти юзага келди. Мазкур қарорда 113 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши белгиланган.

Бу амалиёт 2024 йилда ҳам давом эттирилиб, йўналишлар кесимида жами 103 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. Хусусан, 18 та қонун лойиҳаси, Президентнинг 3 та фармони ва 14 та қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори ва 2 та фармойиши лойиҳаси шулар жумласидан.

Шу билан бирга, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида ўз аҳамиятини йўқотмаган барча мақсадларга эришиш, амалга оширилиши давом этаётган Тараққиёт стратегиясида белгиланган долзарб вазифаларнинг бажарилиши таъминланади.

Ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхатини тасдиқлаш қатор афзалликларга эга.

Биринчидан, улар “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг бешта устувор йўналиши бўйича таснифланади. Бу 2030 йилга қадар режалаштирилган мақсадли кўрсаткичларга эришиш имконини беради. Хусусан, йод танқислигининг олдини олиш механизмларини такомиллаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши стратегиянинг аҳоли ўртача умр кўриш давомийлигини ошириш бўйича 13-мақсадига, жумладан, саратон, юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет ва нафас олиш касалликларидан эрта ўлим кўрсаткичларини камайтиришга йўл очади. Яна бир мисол — болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш. Ушбу чора стратегиянинг 24-мақсади — болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, яъни жамиятда болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни рад этиш маданиятини шакллантиришни таъминлайди.

Иккинчидан, фармон лойиҳасида ишлаб чиқилиши режалаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг мазмуни тўғрисида умумий қоидалар кўзда тутилган. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг аҳолини иш билан таъминлашнинг прогрессив шаклларини ривожлантириш орқали бандликни янада кенгайтириш ва тадбиркорлик субъектлари учун имкониятлар яратишга оид қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш. Унда қуйидагилар назарда тутилади:

— аутстаффер (иш берувчи) ходимини бошқа иш берувчига шартнома асосида юбориш тартибини ишлаб чиқиш;

— аутстаффинг хизматларини кўрсатишда тарафларнинг мажбуриятларини белгилаш;

— аутстаффинг хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар бўйича бажарилишига йўл қўйилмайдиган ишлар турлари рўйхатини шакллантириш.

Яна бир мисол — Вазирлар Маҳкамасининг темир йўл транспорти соҳасида давлат томонидан тартибга солинадиган ва бозор тамойиллари асосида кўрсатиладиган хизматлар рўйхатини тасдиқлашга оид қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш. Ушбу ҳужжат доирасида темир йўл соҳасида кўрсатиладиган хизматларнинг барчасини қамраб олган ҳолда, давлат томонидан тартибга солинадиган ва бозор тамойилларига ўтадиган хизматлар турларини тасдиқлаш режалаштирилмоқда.

Бундай тартиб масъул ижрочиларга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг асосий мазмуни ва маъносини тушунишга имкон беради. Бундан ташқари, жамоатчилик қонунчиликда режалаштирилган ўзгариш ҳақида аниқроқ тасаввурга эга бўлади. Бу жуда муҳим, айниқса, фармон лойиҳасини муҳокама қилиш босқичида.

Учинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш учун муддатлар ва масъул ижрочилар белгиланган. Таъкидлаш жоизки, масъул ижрочилар тегишли фармон лойиҳасининг мақсад ва вазифаларини ҳисобга олган ҳолда белгиланмоқда. Лойиҳаларнинг асосий қисмини ишлаб чиқишни Иқтисодиёт ва молия (9 та лойиҳа), Маданият (5 та лойиҳа), Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликларига (3 та лойиҳа) топшириш таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, мавзуни ҳисобга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқишда амалий ёрдам кўрсатадиган ҳамижрочилар кўрсатиляпти.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида айрим ҳолларда фуқаролик жамияти институтлари билан фаол ҳамкорликни ҳам кўриш мумкин. Хусусан, атоқли адибларнинг таваллуд саналарини адабиёт ва китобхонлик байрамлари сифатида нишонлаш, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссияси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ҳужжатларни ишлаб чиқишда Ёзувчилар уюшмаси ижрочи сифатида кўрсатилмоқда. Савдо-саноат палатаси эса йод танқислигининг олдини олиш механизмларини такомиллаштириш (калий йодатни кенг ишлаб чиқариш орқали) ва ишга қабул қилишда иш берувчилар томонидан талаб этиладиган ҳужжатлар сонини қисқартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда ижрочилардан бири сифатида қайд этилган.

Фармон лойиҳасининг таҳлили режалаштирилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда эътибор берилиши керак бўлган қатор муҳим жиҳатларни ажратиб кўрсатишга имкон беради.

“Ўзбекистон — 2030” стратегияси муҳим дастурий ҳужжат бўлиб, унинг амалга оширилиши эркин ва фаровон, кучли давлат қуриш бўйича барча мақсадларга эришиш имконини беради. Жамоатчилик томонидан кўплаб таклифлар билдирилаётгани ҳуқуқий сиёсатни шакллантириш муҳимлигидан далолатдир.

Биринчидан, янги таҳрирдаги Конституция қоидаларини амалга оширишга эътибор қаратиш лозим. Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси янги таҳрирдаги Конституциямизни амалга ошириш доирасида қабул қилинди. Бунда муҳим конституциявий янгиликларга эътибор қаратиш лозим.

Масалан, лойиҳада маҳаллий вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари функцияларини ажратишнинг ҳуқуқий асосларини акс эттириш мақсадга мувофиқ. Бу Конституциянинг ҳокимлар ва Халқ депутатлари кенгашлари раислари лавозимлари ажратилишини назарда тутган 120-моддасига ҳам, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг 75-мақсадига ҳам мосдир. Фармон лойиҳасида маҳаллий кенгашлар фаолиятида жамоатчилик иштирок этиши учун зарур шароит яратиш, маҳаллий ҳокимликлар, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари ваколатлари доирасида ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларни аниқ белгилаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Фикримизча, фармон лойиҳаси доирасида конституциявий қоидаларнинг бажарилишига эътибор қаратиш лозим.

Иккинчидан, тегишли соҳада ҳуқуқ ижодкорлиги бўйича тўпланган тажрибани ҳисобга олиш. Айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича ҳуқуқий тартибга солишга оид муайян тажриба тўпланган. Масалан, муҳандис кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий фаолият самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида муҳандис кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш масаласи кўтарилган. Табиий ва муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлашни кенгайтириш вазифасини амалга ошириш доирасида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетига айлантирилди. Фикримизча, бу тажриба бутун мамлакат, хусусан, ҳудудларда муҳандис кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш учун фойдали бўлади.

Учинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда амалдаги ҳуқуқий тартибга солишдаги бўшлиқларни аниқлаш керак. Улардан бири болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш чораларини янада кучайтиришдир.

Дарҳақиқат, болаларга қарши ахборот таҳдидлари айнан виртуал маконда кучаймоқда. Статистикага кўра, дунё бўйлаб болаларнинг 72 фоизи камида битта кибертаҳдидни бошдан кечирган. Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда “Кўк кит” ўйини қайта тикланиши ҳақида ҳам маълумотлар пайдо бўлмоқда. Шу сабабли фармон лойиҳасида болаларни интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича ҳужжат ишлаб чиқиш бўйича таклиф этилган чора жуда ўринли. Шу муносабат билан қонунчиликда мавжуд камчиликларни ҳисобга олиш ва уларни “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг мақсадларини амалга ошириш орқали тўлдириш муҳим.

Тўртинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш ва ишлаб чиқишга илмий-академик ва эксперт-таҳлилий доираларни янада кенгроқ жалб этиш лозим. Айнан шу ташкилотлар муҳим ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишда фаол иштирок этиши керак.

Юқоридагиларни умумлаштириб айтиш мумкинки, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси муҳим дастурий ҳужжат бўлиб, унинг амалга оширилиши эркин ва фаровон, кучли давлат қуриш бўйича барча мақсадларга эришиш имконини беради. Жамоатчилик томонидан кўплаб таклифлар билдирилаётгани ҳуқуқий сиёсатни шакллантириш муҳимлигидан далолатдир. Шу сабабли стратегияда баён этилган ғояларни тизимли ва изчил равишда ҳаётга татбиқ этиш нафақат давлат, балки жамият, хусусан, ҳар биримизнинг иштирокимиз орқали амалга оширилади!

А.Расулев
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти
Илмий котиби