Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётга ўтишнинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича вазифаларни амалга ошириш доирасида жорий йилнинг 3 апрель куни Институт томонидан “Яшил” иқтисодиёт – келажак иқтисодиёти” мавзусида назарий семинар ташкил этилди.

Тадбирда иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш ва экология масалалари қўмитаси раиси Борий Батирович Алихонов таклиф этилди.

Тадбир давомида Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, уни ҳуқуқий таъминлаш тизими муҳокама қилинди.

Семинарда мамлакатимизда “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, ушбу соҳада миллий қонунчиликни ривожлантириш учун сиёсий ва ҳуқуқий шароитлар яратилгани таъкидланди. Хусусан, 2019 йил 4 октябрдаги 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси ва 2022 йил 2 декабрдаги 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва “яшил” ўсишни таъминлаш дастури каби муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.

Давлатларнинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнида юзага келадиган муаммоли масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларнинг ечими сифатида семинар иштирокчилари томонидан иқтисодий ривожланиш жараёнига иқтисодиётнинг барча тармоқларида кам углеродли ривожланиш ва ресурсларни тежаш, самарали ва экологик тоза технологияларни жорий этишга қаратилган “яшил” иқтисодиёт тамойилларини сингдириш орқали табиий ва энергия ресурсларидан фойдаланиш усулларини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Мамлакатимиз саноатига инновацион технологиялар асосида материаллар ишлаб чиқариш билан боғлиқ иқтисодиётнинг янги тармоқларини ривожлантириш имконини берадиган замонавий иқтисодий ва ҳуқуқий механизмларни яратиш, нанотехнологиялар, муқобил энергия ташувчиларни жорий этиш муҳимлиги қайд этилди.

Умуман олганда, ушбу тадбир «яшил» иқтисодиётни шакллантириш ва ривожлантириш соҳасида ҳуқуқий тартибга солиш тизимини (қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, стратегик режалаштириш ва бошқалар) янада такомиллаштириш бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказиш, эксперт-таҳлилий ишларни ташкил этиш юзасидан Институт олдида турган вазифаларни аниқ белгилаш имконини берди.