Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йил 2 февралда “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармоннинг қабул қилиниши маҳаллий вакиллик ва ижро органлари ўртасидаги ваколатларни тақсимлаш орқали 69 та қонун ҳамда 5 та кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласини кун тартибига қўйди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “йўлимизда қандай тўсиқ ва қийинчиликлар, кескин ва долзарб муаммоларга дуч келсак ҳам, шошма-шошарлик билан, пала-партиш қарор қабул қилишга, яхши ўйлаб кўрилмаган хатти-ҳаракатларга йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ”. Шу нуқтаи назардан, Фармонда тавсия этилган турли соҳа йўналишларига оид ўзгартириш ва қўшимчаларни таҳлил қилиш ва улар бўйича хулосалар бериш экспертлар жамиятига тегишли қонун нормаларини синчковлик билан ўрганиш масъулиятини юклайди.
Ушбу Фармоннинг 3-иловаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ташкил этиш юзасидан қонунчилик хужжатларини такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси”дан иборат бўлиб, унинг 1-бобида маҳаллий вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аник белгиланиши назарда тутилаётган вазифа ва функциялар кўрсатиб ўтилган.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармонида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 25-моддаси бешинчиқисмини “МАҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари билан белгиланган жариманинг энг кўп миқдори ушбу кодекснинг 6-моддасига биноан фуқароларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан, мансабдор шахсларга эса – беш бараваридан ошмаслиги керак”, деган норма маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик ва ижро органларининг бири орасида тақсимланиши белгиланган Қонун лойиҳасини ишлаб чиқувчи мазкур тақсимотни амалга оширишдан олдин тегишли муносабатларни аниқлаштириб олиш лозим. Хусусан, ушбу модданинг диспозицияси ҳавола қилган 6-модда мазкур кодексда мавжуд эмас. Жариманинг энг кўп миқдорини белгилаш маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик ёки ижро органларининг бири орасида тақсимланган тақдирда ҳам кучини йўқотган нормага ҳавола қилиш амалиётда турли нотўғри талқинларга сабаб бўлиши мумкин.
Фармонга асосан “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси ҳам маҳаллий вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари орасида тақсимланмоқда. Мазкур модданинг олтинчи хатбошисида келтирилган “фармацевтика фаолиятининг йўналишини – дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялашни белгиланган тартибда амалга ошириш” масаласи ҳам маҳаллий вакиллик ёки ижро органларидан бирига юкланмоқда.
2024 йил 23 январида ушбу ваколат Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фармацевтика соҳасини тартибга солиш бўйича қўшича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига биноан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига юклатилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қавватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонининг 9-иловаси 9-бандига кўра маҳаллий ҳокимликларга ўтказиш мумкин бўлган функция ва ваколатларни танлаб олиб, якуний рўйхатни шакллантиришш билан бир қаторда уларнинг тайёрлигини таҳлил қилиш масаласи ҳам амалий чора-тадбир сифатида белгиланган. Фикримизча, дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялаш масаласи соҳавий ёндашувни, профессионал билим, зарур ташклий-техник ўрганишларни тақозо этишини, қолаверса, дори воситаларининг истеъмоли билан боғлиқ ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳам инобатга олиб, маҳаллий вакиллик ва ижро этувчи органлардан бирига ўтказилишидан олдин, уларнинг бу ваколатни қабул қилишга тайёрлигини ўрганиб таҳлил қилиш мақсадга мувофиқдир. Бу ҳолат тизимли таҳлилга бўлган заруратни келтириб чиқаради.
Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 10-моддаси биринчи қисмининг еттинчи хатбошиси “табиатнинг муҳофаза қилиниши устидан назорат ўрнатиш, атроф-муҳитга зарар етказаётган маҳаллий аҳамиятга молик объектлар фаолиятини вақтинча ёки бутунлай тўхтатиш ва қайта ихтисослаштириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш” ваколатини ҳам маҳаллий вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари орасида тақсимлаш вазифаси қўйилмоқда. Бироқ модда матнидан қайси объектлар тўғрисида гап кетаётганини аниқлашнинг имкони йўқ. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқувчи томонидан ушбу объектлар (давлат ёки нодавлат) тушучаси қонун матнида таъриф берилиши мақсадга мувофиқ.
Қолаверса, қонун лойиҳасини ишлаб чиқувчи объектлар фаолиятини вақтинча тўхтатиш муддати (муддат давомийлиги, вақтинча тўхтатилиш сабаблари, сабабларни бартараф этиш омиллари, қайта рухсат бериш учун асослар)га доир масалани аниқлаштириши лозим. Акс ҳолда бу вазият “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги Қонуннинг 13 ва 14-моддаларида келтирилган “дискрецион ваколатларнинг кенглиги”, шунингдек, “вақт чегараларининг ноаниқлиги”га доир муносабатларни шакллантириб, коррупциявий омилни келтириб чиқариш эҳтимоли мавжуд.
Бундан ташқари, модда матнидаги “атроф-муҳитга зарар етказаётган маҳаллий аҳамиятгамолик объектлар фаолиятини бутунлай тўтатиш ва қайта ихтисослаштириш” масаласи ҳам маҳаллий вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари орасида тақсимланмоқда. Бу ерда қонун лойиҳасини ишлаб чиқувчининг эътиборини айрим жиҳатларга қаратишни лозим топдик. “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги амалдаги Конуннинг 10-моддаси иккинчи қисмига асосан “Атроф -муҳитга зарар етказаётган тадбиркорлик субъектлари ҳисобланган маҳаллий аҳамиятга молик объектларнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш (фавқулодда вазитялар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига атроф табиий муҳитнинг нормативдан ортиқ даражада ифлосланиши билан боғлиқ хавф юзага келишининг олдини олиш мақсадида фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатда тўхтатиб қўйиш ҳоллари бундан мустасно) ёки тугатиш ва қайта ихтисослаштириш суд тартибида амалга оширилади”, деб мустаҳкамланган.
Битта муносабатни тартибга солишдаги икки хил ёндашув ҳуқуқни қўллаш амалиётида турли тушунмовчиликларни келтириб чиқариш эҳтимоли катта. Фикримизча, уларни бирхиллаштириш ва маҳаллий аҳамиятга молик объектлар фаолиятини бутунлай тўхтатиш ва қайта ихтисослаштириш билан боғлиқ ваколатнинг судлар томонидан амалга оширилишини назарда тутиш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 10-моддаси бешинчи хатбошиси – “табиий ресурслардан фойаланиш ҳуқуқини берувчи рухсатномаларни белгиланган тартибда бериш” ва олтинчи хатбошиси – “табиий ресурслардан фойдаланганлик учун тўловлар ундириш” ваколатлари маҳаллий вакиллик ёки ижро этувчи ҳокимият органларидан бирига юклатилиши белгиланмоқда. Моҳиятан, тўловларни ундириш тўғридан-тўғри юқоридаги икки органдан бири томонидан бевосита амалга оширилиши мустаҳкамланмоқда. Бу ўринда дастлаб соҳа мутаҳассисларининг экспертлик хулосалари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини чуқур таҳлил қилиш зарур.
Ҳозирги кунда ушбу ваколат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси нинг “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига кўра ушбу жамғарма томонидан амалга оширилади. Фикримизча, табиий ресурслардан фойдаланганлик учун тўловлар ундириш ваколатини маҳаллий вакиллик ёки ижро этувчи ҳокимият органларига ўтказишдан олдин уларнинг махсус тайёргарлиги ва ваколатларни қабул қила олишига доир чуқур таҳлилларни амалга ошириш талаб қилинади.
Қолаверса, соҳа экспертлари фикрича, ушбу ваколат назорат ва ҳисоб юритиш каби омилларга боғлиқ бўлганлиги туфайли табиий ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқига рухсатнома берган орган табиий ресурслардан фойланганлик учун тўловларни ундириш ваколатини амалга ошириши даркор. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқувчи ушбу масалаларни синчковлик билан ўрганиши ва Фармонда кўрсатилган нормаларнинг аниқ механизмини қонун лойиҳасида батафсил белгилаши лозимдир.
Ўзбекистон минтақалари ва улар ўртасидаги соғлом рақобатни ривожлантириш, шубҳасиз, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик ва ижро этувчи органлари томонидан амалга ошириладиган функцияларга бевосита боғлиқ. Мазкур ривожланиш ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва кадрлар салоҳияти ўртасида мувозанатни таъминлаш масъулиятига риоя этиш мажбуриятини белгилаши сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонида белгиланган ваколатларни ўтказиш билан боғлиқ масалаларни кучли ва заиф томонлар, имконият ва таҳдидлар таҳлилини, шунингдек, тартибга солиш таъсирини баҳолаш каби жараёнлардан ўтказиш зарур. Бу ҳолат ҳуқуқшунослар таъбири билан айтганда, conditio sina qua non, яъни бажармаса бўлмайдиган шартдир.
Г.Маликова
Конституциявий қурилиш ва давлат бошқарувининг
самарадорлигини таҳлил қилиш шўъбаси
бош илмий ходими, ю.ф.д. профессор