2024 йил 7 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтида “Виртуал тармоқлар Ўзбекистон ёшларининг ижтимоий ролини шаклланиш омили сифатида” мавзусига бағишланган навбатдаги илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирликлар, Ёшлар ишлари агентлиги, оила ва хотин-қизлар давлат Қўмитаси, Бош прокуратура, Миллий гвардия, илмий ва таълим муассасалар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этишди. 

Семинарда Ўзбекистон Республикаси СенатинингЁшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, сенатор Д.Г.Ташмухамедова маъруза  қилди. Д. Ташмухамедова ўз маърузасида Ўзбекистон Республикаси янгиланган Конституциясида фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқини таъминлаш, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш давлат мажбурияти этиб белгиланганлигини, Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологияларининг динамик ривожланиши соҳасида олиб борилаётган улкан ишлар натижасида интернет фойдаланувчилари сони 29,52 миллионга етганини таъкидлади.

Бундан ташқари, мамлакатда ахборот технологиялари соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида ҳудудларда 89 та ва соҳаларда 200 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилган бўлиб, уларнинг натижасида IT-парк резиденти бўлган таълим ташкилотлари сони 10 баробар ошиб, 372 тага етди. Шу билан бирга илғор кадрларни тайёрлаш мақсадида «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси ҳамда «IT-истеъдодлар» дастури ишга туширилди. Ушбу дастур доирасида ёшларнинг халқаро ИТ-сертификатлар учун сарф қилган харажатларининг 60% гача ҳамда “B2” ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга ёшларнинг халқаро ИТ-сертификатлар учун сарф қилган харажатларини 100% қисми қоплаб берилади.

Шу билан бирга, Интернет муайян хулқ-атворининг шаклланиши ва шахсиятнинг ўзгариши учун қулай муҳит эканлиги таъкидланди. Бундай шароитда интернет платформаларининг ижобий таъсири билан бирга пайдо бўлаётган янги таҳдидларга нисбатан ёшларнинг ҳимоясизлиги ҳақида ўйлаб кўриш муҳимдир. Шу сабабли, интернет хавфсизлигини таъминлаш борасида давлат ҳокимияти органлари, таълим муассасалари ва фуқаролик жамияти институтлари керакли чораларни кўришлари зарур.

Семинарда шунингдек, Ўзбекистоннинг интернет-сегментида замонавий ёшларнинг икки модели шакллангани таъкидланди. Биринчи модель — «инновацион шахслар», яъни технологиялар, онлайн таълим ва виртуал учрашувларга қизиқиш билдирувчи ёшлар бўлиб, улар келажакда жамиятнинг локомотивлари бўладилар. Иккинчи модель — интернетга қарам бўлиб қолган ва руҳий қийинчиликларга дуч келаётган ёшлардир. Хусусан, Ўзбекистон ёшларининг психоэмоционал ҳолатига интернетга боғлиқликнинг салбий таъсирини аниқлаш бўйича олиб борилган тадқиқотлар қуйидаги муаммоларни борлиги кўрсатди: 38,9% ёшлар гаджетларга қарамликдан азият чекади, 45% ташвиш ва 34% эмоционал қарамликни сезади, 27,4% кайфият ўзгаришларига дуч келади ва 37,1% эса бошқа фаолиятларга қизиқишни йўқолганлигини қўришимиз мумкин.

Интернет платформаларининг ёшларга бўлган таъсири тобора ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, интернет маданиятини тарғиб қилиш ва хавфсиз интернетни жорий этиш бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш таклифлари илгари сурилди. Бу стратегия доирасида сунъий интеллект ёрдамида хавфли контентдан ҳимоя қилиш чораларини ишлаб чиқиш, ваколатли органлар орқали интернет ва ижтимоий тармоқларга кириш жараёнини бошқариш, махсус илмий мактаб яратиш ва қонунчиликни такомиллаштиришга келишилди.