Шу йил 23 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори М. Рахманқулов ва Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни ривожлантириш” лойиҳаси раҳбари Кристоф Копецки ўртасида учрашув ташкил этилди.

Учрашув давомида Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти билан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари бўйича фикр алмашилди.

Хусусан, томонлар янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси лойиҳаси ва фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш бўйича бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш билан боғлиқ қўшма чора-тадбирлар комплексини Германия халқаро ҳамкорлик жамиятини жалб қилган ҳолда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Учрашув якунида томонлар ўртасида юқоридаги масалаларни ўз ичига олган келгусидаги ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.