Жорий йил 22 октябрь куни Институтда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайловларни кузатиб бориш бўйича миссияси раҳбари Дуглас Уэйк билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда жамият ва давлат қурилишини янада демократлаштириш ва либераллаштиришга қаратилган миллий қонунчиликдаги янгиликлар, хусусан, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ва парламент ролини ошириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилди.
Халқаро кузатувчиларга, шунингдек, миллий сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар, хусусан, аралаш сайлов тизимини жорий этиш, сайлов комиссиялари фаолиятини такомиллаштириш ва мустақиллигини кучайтириш, депутатликка номзодлар кўрсатишда гендер вакиллигини кенгайтириш ва сайлов жараёнини рақамлаштиришга оид маълумотлар етказилди.
Учрашув якунида томонлар сайлов жараёни ва сайлов қонунчилигини демократлаштиришни давом эттириш, шунингдек, сайлов жараёнининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришнинг муҳимлиги юзасидан умумий тўхтамга келдилар.