Жорий йилнинг 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти биносида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси вакиллик ҳокимияти органларига оид нормалари ижро механизмлари таҳлилига бағишланган “ақлий ҳужум” шаклидаги семинар ўтказилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди экспертлари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатлари, Олий Мажлис Сенати девони Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти ҳамда Тошкент давлат юридик университети вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида вакиллик органларининг янгиланган конституциявий-ҳуқуқий муносабатлар тизимидаги ўрни ва мақоми, парламент ва Халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Иштирокчилар маҳаллий вакиллик ва ижро этувчи органлар ўртасидаги барқарор ва самарали ўзаро муносабатларнинг ташкилий-ҳуқуқий моделини шакллантириш йўллари ҳақида ҳам фикр алмашдилар.
Шунингдек, парламентаризм соҳасидаги илғор хорижий тажрибалар ва халқаро стандартлар ўрганилиб, уларнинг маҳаллий шароитларга мослаштириш имкониятлари муҳокама қилинди. Мазкур тадбирда янги конституциявий нормалар ва принциплар асосида шакллантирилган вакиллик ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.