“Вакилик ҳокимияти органлари тизимини модернизация қилишнинг конституциявий-ҳуқуқий муаммолари: Ўзбекистон учун халқаро тажриба” халқаро конференцияси доирасида 2025 йил 18 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти томонидан Халқ депутатлари кенгашлари раислари ва масъул котиблари учун янгиланган Конституция нормаларини амалга ошириш шароитида маҳаллий вакилик органлари фаолияти самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган интерактив семинар ташкил этилди.

Мақсад – Халқ депутатлари кенгашлари ўз кундалик фаолиятида дуч келаётган муаммоларни амалий таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, ижро ҳокимияти органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқаролар билан ҳамкорликнинг хориж тажрибаси ва истиқболларини муҳокама қилишдан иборат.

Таъкидланишича, давом этаётган ислоҳотлар шароитида мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун маҳаллий вакилик органларининг самарадорлиги ва мустақиллигини таъминлаш муҳим шарт ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳририни амалга ошириш доирасида Халқ депутатлари кенгашларида ваколатлар кенгайтирилди ва уларни самарали амалга ошириш учун таъсирчан ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратилиши зарур.

Шу муносабат билан семинар доирасида муҳокама ва сўровномалар орқали Халқ депутатлари кенгашларининг самарали фаолиятига тўсқинлик қилаётган асосий муаммолар, уларни ҳал этиш бўйича хорижий тажрибалар кўриб чиқилиб, тегишли эксперт тавсиялари берилди. Семинар якунларида иштирокчилар Халқ депутатлари кенгашлари фаолиятини янада такомиллаштириш учун унда ўртага ташланган масалаларнинг аҳамиятини юқори баҳоладилар. Тадбир маҳаллий вакилик ҳокимияти органларининг ҳокимлар, бошқа давлат тузилмалари ва фуқаролар билан ўзаро ҳамкорлигини яхшилаш бўйича долзарб йўналишларни аниқлаш, ҳамда тизимли камчиликларни аниқлаш имконини берди. Сўровнома натижалари ва амалий кейслар муҳокамаси Халқ депутатлари кенгашлари ишини самарали ташкил этиш ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги ролини кучайтиришга қаратилган аниқ тавсия ва таклифларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.