Жорий йилнинг 26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтида Конституцияга шарҳ тайёрлаш доирасида “ижтимоий давлатнинг асосий конституциявий устувор йўналишлари” мавзусида навбатдаги “ақлий ҳужум” бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимиз олимлари ва амалиётчилари, шунингдек, Любляна университети профессори, Словениянинг собиқ Бош вазири Мирослав Церар ва бошқа хорижий экспертлар иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган мақсад маҳаллий ва хорижий экспертлар билан биргаликда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги конституциявий янгиликларни амалга ошириш доирасидаги муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

“Ақлий ҳужум” давомида Асосий қонун бутун матнининг деярли 50 фоизини ташкил этувчи ижтимоий соҳадаги конституциявий нормаларга оид масалалар муҳокама қилинди.

Тадбир якунлари бўйича Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясига шарҳ тайёрлашда фойдаланиш учун тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Якунда жаноб Церар эксперт сифатида ушбу “ақлий ҳужум”га таклиф қилингани учун Институт раҳбариятига ўзининг миннатдорчилигини билдириб, илмий доиралар иштирокидаги бундай тадбирлар иштирокчилар учун фойдали бўлишини ва самарали натижа беришини таъкидлади.