Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори ўринбосари Восид Эргашев жорий йил 30 апрелда Тошкент шаҳрида “Янги Ўзбекистон Конституцияси: амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар” мавзусида ташкил этилган илмий-амалий конференцияда маъруза билан иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Парламент тадқиқотлари институти ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда Қонунчилик палатаси, Сенат, сиёсий партиялар, Конституциявий суд ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари қатнашишди.
Конференцияда 2023 йил 30 апрелда Ўзбекистонда ўтказилган умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинганлиги ва бу билан мамлакатимизда янги ижтимоий-сиёсий муҳит шаклланганлиги, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги механизмлари ва давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги модели жорий қилинганлиги қайд этилди.
Тадбирда янги таҳрирдаги Конституциянинг бутун мамлакат ҳудудида олий юридик кучга эгалиги ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этиши алоҳида таъкидланди.
Конференция якунида янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш бўйича устувор вазифалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.