2026 йил 28 январда ҚҲСИ бош илмий ходими Ш. Зокиров коррупцияга қарши курашиш ва ички назорат масалалари бўйича «O‘zlitineftgaz» акциядорлик жамиятида ўтказилган илмий-амалий семинарда маъруза билан иштирок этди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад қонунчиликдаги янгиликлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини ходимларга атрофлича тушунтириш, ташкилот фаолиятида шаффофликни таъминлаш, ички назорат тизимини ривожлантириш ҳамда ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишдан иборат бўлди.
Семинар давомида Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги ҳамда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунларининг мазмун-моҳияти кенг муҳокама қилинди. Шунингдек, комплаенс бўлинмалари ходимларининг ваколатлари ва мажбуриятлари, коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг мустақиллигини таъминлаш ва улар фаолияти самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, давлат харидлари тизимида рақобат муҳитини кучайтириш ва шаффофликни таъминлаш бўйича белгиланган талаблар, шунингдек, номзодларни ишга қабул қилишда муддатли ва муддатсиз меҳнат шартномалари ҳамда фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларни тузиш тартиби юзасидан амалий тушунтиришлар берилди.
Семинар якунида иштирокчилар билан савол-жавоблар ўтказилиб, амалиётда қонунчилик талабларини қўллаш билан боғлиқ масалалар бўйича қўшимча изоҳлар берилди.
Бу каби тадбирлар ҳуқуқий саводхонликни ошириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва ички назорат тизимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

