Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори ўринбосари Восид Эргашев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Oмбудсман) институтининг 29 йиллиги муносабати билан “Инсон ҳуқуқлари – давлатлар барқарор ривожланишининг муҳим омили” мавзусида шу йил 23 февралда Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро конференцияда модератор сифатида иштирок этди.
Тадбир Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ҳамда Фридрих Эберт жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Конференцияда Австралия, Озарбайжон, Венгрия, Италия, Қозоғистон, Қирғизистон, Марокаш, Монголия, Норвегия, Покистон, Россия, Сербия, Тайланд, Туркия, Тожикистон ва Туркманистон давлатлари омбудсманлари ҳамда БМТ ихтисослашган қўмиталари, Европа Кенгаши, ЕҲХТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Венеция комиссияси, Халқаро омбудсманлар институти, Осиё омбудсманлари ассоциацияси вакиллари иштирок этишди. Шунингдек, тадбирда сенатор ва депутатлар, Болалар ва Бизнес омбудсмани, Конституциявий суд, Олий суд, Бош прокуратура, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва қатор давлат ташкилотлари вакиллари қатнашишди.
Халқаро конференция ўз ишини сессияларга бўлинган ҳолда олиб борди. Сессияларда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг парламент ва фуқаролик жамияти билан инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги ҳамкорлиги, рақамлаштириш шароитида инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг долзарблиги, Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида гендер тенглик ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг таъминланиши, меҳнат муносабатларининг кафолатлари ҳамда муносиб меҳнат шароитларининг яратилганлик масалалари муҳокама қилинди. Тадбир якунида Тошкент резолюцияси қабул қилинди.