Жорий йил 16 майда Институт бош илмий ходими, профессор А.Акилов VI Москва академик иқтисодий форуми доирасида Россия табиий фанлар академияси томонидан “Нейрон тармоқлар ва сунъий интеллект ҳудудлар ва шаҳар агломерацияларини бошқариш тизимларини ривожлантиришнинг истиқболли йўналиши сифатида” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этди.

Конференция давомида ҳудудий бошқарув жараёнларида нейрон тармоқлар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш натижасида юзага келадиган асосий муаммолар ҳамда давлат бошқаруви тизимини интеллектуаллаштириш жараёнларининг иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Хусусан, мутахассислар ҳудудлар ва агломерацияларни стратегик режалаштириш ва бошқаришни интеллектуаллаштириш истиқболлари, ҳудудлар ва агломерацияларнинг уй-жой коммунал хўжалиги мажмуаларини бошқаришни рақамлаштириш, нейрон тармоқлар ва сунъий интеллектни бошқарув тизимида қўллашнинг эҳтимолий ижтимоий ва иқтисодий оқибатлари каби масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Конференцияда профессор А.Акилов Ўзбекистонда нейрон тармоқлар ва сунъий интеллект ривожланишининг бугунги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида маъруза қилди, унинг асосий мазмуни республикада ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик базасини яратиш зарурлигидан иборат бўлди.

Тадбир якунлари бўйича маърузачиларнинг асосий фикрларини акс эттирувчи тавсиялар тайёрланди.