Жорий йил 16-17 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори М.Рахмонқулов раислигида Институт Кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Кун тартибига мувофиқ, тадбир давомида Институт ва Кенгашнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва уларнинг 2024 йилга мўлжалланган иш режалари, Институт Ёш олимлар кенгаши фаолиятининг 2024 йилга мўлжалланган устувор йўналишлари, Институтнинг халқаро ҳамкорлиги, молиявий-хўжалик фаолияти ва кадрлар захираси ҳолати ва ривожланиш истиқболларига оид масалалар кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари фаолиятини ахборот-таҳлилий таъминлаш ва ҳуқуқий сиёсатини амалга ошириш соҳасида Институтнинг миқдорий ва сифат кўрсаткичлари таҳлил қилинди.
Институтнинг 2024 йилга мўлжалланган фундаментал ва амалий илмий-тадқиқотлари ва эксперт-таҳлил ишлари дастури лойиҳаси атрофлича ва танқидий муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунлари бўйича Институтнинг 2023 йилда амалга оширган ишлари ва 2024 йилдаги фаолиятининг устувор йўналишлари тўғрисидаги ҳисоботлар тасдиқланди, шунингдек таркибий бўлинмалар раҳбарларига ҳуқуқий сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишда юқори даражадаги ахборот-таҳлилий ишларни ташкил этишга қаратилган кўрсатмалар берилди.