Илмий ходимларнинг билим ва малакасини ошириш бўйича вазифаларни амалга ошириш доирасида жорий йил 3 февралда Институт томонидан Г. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали профессори Бахтиёр Исломов иштирокида “Янги Ўзбекистонга хорижий инвестицияларни жалб этиш: ютуқлар ва муаммолар” мавзусида навбатдаги назарий семинар ташкил этилди.

Тадбир давомида профессор Б. Исломов Ўзбекистон иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этишнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида гапирди. Жумладан, профессор хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг афзалликлари, инвестицияларни жалб қилиш учун тегишли шарт-шароитларни яратиш механизмлари, инвестициявий фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш, хорижий инвестицияларни жалб этишда миллий иқтисодиёт учун юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарлар каби масалаларга тўхталиб ўтди.

Мамлакатимиздаги инвестициявий муҳит ва унинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилаш борасида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлил қилинди. Хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди.

Семинар якунида иштирокчилар мамлакатимизда инвестициявий фаолиятни ривожлантириш учун қонунчиликни доимий равишда такомиллаштириб боришнинг муҳимлиги тўғрисида якдил фикрга келишди.

Умуман олганда, мазкур тадбир Институт илмий ходимларига инвестициявий фаолият соҳасида янги билимларга эга бўлиш ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имконини берди.