18 июль куни Лондонда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти делегацияси Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти лауреати, Лондон иқтисодиёт мактаби кафедраси мудири, профессори сэр Кристофер Писсаридес билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган «Янги Ўзбекистон» ва «Ўзбекистон-2030» ривожланиш стратегиялари доирасида мамлакатимизда бозор ислоҳотларини амалга оширишнинг долзарб муаммолари муҳокама қилинди.

Демография ва миграция масалалари, ривожланаётган меҳнат бозори, шунингдек, Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасининг иқтисодий ривожланиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

К. Писcаридесни ҚҲСИнинг эксперт-таҳлилий ишларига жалб қилиш, шунингдек унинг иштирокида тегишли маҳорат дарсларини ўтказиш, иқтисодий сиёсатни шакллантириш ва амалга ошириш, меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш ва меҳнат бозорини барқарорлаштириш муаммолари соҳасидаги илмий-амалий тадбирлар ўтказиш тўғрисида келишувларга эришилди.