2025 йил 19 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти Нотариал палата билан ҳамкорликда «Ворислик ҳуқуқини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари»мавзусида илмий-амалий семинар ўтказди. Мазкур тадбир янги таҳрирда ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси лойиҳаси доирасида мерос муносабатларини тартибга солишга оид янгича ёндашувларни муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилиб, унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд, Адлия вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адвокатлар палатаси вакиллари, шунингдек, Тошкент давлат юридик университети, Одил судлов академияси ҳамда Юристлар малакасини ошириш маркази экспертлари иштирок этди.
Учрашув давомида иштирокчилар ворислик ҳуқуқини модернизация қилишнинг асосий йўналишларини ҳар томонлама муҳокама қилдилар.
Хусусан, васият эркинлигини кенгайтириш ҳамда васият қилувчининг хоҳиш-иродаси ва ҳуқуқнинг ижтимоий функцияси ўртасидаги мутаносибликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жамият ҳаётининг рақамлашуви, хусусан, рақамли активларни мерос қилиб қолдиришни ҳуқуқий тартибга солиш билан боғлиқ муаммолар ва чақириқлар қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Бундан ташқари, экспертлар мол-мулкни тасарруф этишнинг муқобил воситаси сифатида мерос шартномаси институтини жорий этиш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Шунингдек, кун тартибидан суд ва нотариал амалиётдаги долзарб муаммолар, меросхўрлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда мерос ҳуқуқий муносабатларида давлат иштироки, жумладан, эгасиз қолган мулкни тартибга солиш механизмлари ўрин олди.
Тадбир якунида томонлар қонунчиликни ислоҳ қилишда илғор халқаро тажриба ва замонавий рақамли давр талабларини инобатга олган ҳолда комплекс ёндашув зарурлигини таъкидладилар.
