Жорий йил 4-5 июнь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини мақбуллаштириш усулларини ишлаб чиқиш” мавзусида амалий семинар ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти томонидан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ), Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Амалий семинарни ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолашда катта тажрибага ҳамда ушбу соҳада чуқур билим ва кўникмаларга эга ИҲТТнинг етакчи экспертлари ўтказишди.
Тадбирда 10 та вазирлик, идора, таълим муассасалари ва жамоатчиликнинг 60 дан ортиқ вакиллари, хусусан, Вазирлар Маҳкамаси, Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Адлия вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети мутахассислари, ОАВ вакиллари ва бошқалар иштирок этишди.
Мазкур семинар норма ижодкорлиги механизмларини такомиллаштириш, асосланмаган ва иқтисодий самарасиз қарорлар қабул қилинишининг олдини олиш, шунингдек, мамлакатимиз мутахассисларининг ушбу соҳадаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда жамоатчиликни кенг жалб этган ҳолда норма ижодкорлиги фаолияти сифатини ошириш, пухта ишлаб чиқилган ва асосланган давлат қарорларини қабул қилиш имконини берувчи “ақлли тартибга солиш”нинг инновацион усулларини жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституциясида инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат қурилишининг асосий устувор йўналиши эканлиги белгилаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ўз мурожаатида: “Қонун ҳукмрон бўлган жамиятда ҳамиша адолат, ижтимоий-сиёсий барқарорлик, иқтисодий юксалиш ва тараққиёт бўлади, инсон ҳуқуқлари, манфаатлари ва қадр-қиммати ҳимояси таъминланади”, деб таъкидлади.
Шу муносабат билан, юқори сифатли қонунлар қабул қилишга, уларнинг оқибатларини олдиндан кўра билиш ва самарадорлигини баҳолашга бўлган талаблар муттасил ортиб бормоқда.
Тадбирда қонун ҳужжатларининг таъсирини баҳолашнинг замонавий хорижий услублари кўриб чиқилиб, уларни Ўзбекистон норма ижодкорлиги амалиётига татбиқ этишнинг хусусиятлари ва натижалари муҳокама қилинди.
Семинар иштирокчилари тартибга солиш таъсирини баҳолаш тамойиллари, усуллари ва тартиблари билан танишиб, уларни Ўзбекистон Республикаси шароитларига мослаштириш бўйича фикр алмашдилар.
Амалий семинар давомида олинган билим ва кўникмаларни мустаҳкамлашга йўналтирилган интерфаол машғулотлар, гуруҳ муҳокамалари ўтказилди.
Семинар якунида қонун ижодкорлиги жараёнини янада такомиллаштириш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш механизмларини такомиллаштириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.