Жорий йилнинг 20 август куни Варшавада Институт шўъба мудири К. Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Польша Сеймида (парламент қуйи палатаси) қабул қилинди ва Фондларни ривожлантириш ва минтақавий сиёсат вазирининг ўринбосари Яцек Карновский билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон делегацияси таркибида Ўзбекистоннинг Польшадаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси А. Агзамходжаев ва дипломатик миссия ходимлари иштирок этди.

Учрашув давомида Я.Карновский Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ўзгаришлар ҳақида ижобий фикр билдирди.

Польша томони мамлакатда маҳаллий ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимини ташкил этиш масалаларини батафсил очиб берди, эътиборни маъмурий-ҳудудий бирликларнинг бюджетларини шакллантириш тартиби, қабул қилинган қарорларнинг қонунийлигини назорат қилиш механизми, ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш методологияси ва бошқа масалаларга қаратди.

Учрашув якунида муҳокама қилинган ва бошқа масалалар юзасидан икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.