Жорий йилнинг 17-26 февраль кунлари Токио шаҳрида ҚҲСИ, Олий суд, Адлия вазирлиги, Нотариал палата, Одил судлов академияси ва ТДЮУ вакилларидан иборат ўзбек делегация JICA томонидан Япония ҳукуматининг техник кўмагида ташкил этилган фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш масалалари бўйича семинар-тренингда иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган мақсад фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича илғор япон тажрибаси билан танишиш эди.
Семинар давомида иштирокчилар томонидан фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги япон экспертлари маърузаларида қатнашиш орқали шахсий номулкий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, сунъий интеллект ривожланиши шароитида муаллифлик ҳуқуқининг трансформацияси, онлайн платформаларни ҳуқуқий тартибга солиш, фуқаролик муносабатларида давлат иштирокининг ҳуқуқий шакллари каби масалалар ўрганилди.
Ўзбекистонда миллий фуқаролик қонунчилигини модернизация қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни япон томонига етказиш мақсадида делегация вакиллари томонидан ушбу жараённинг турли жиҳатлари бўйича тегишли тақдимотлар ўтказилди.
Тадбир доирасида Япония Адлия вазирлигининг Суд ишлари бюроси ва Ҳуқуқий тадқиқотлар ва малака ошириш институтига ташриф уюштирилиб, унда иштирокчилар ушбу тузилмаларнинг жорий фаолияти ва улар олиб бораётган тадқиқотлар билан танишдилар.
Семинар-тренинг якунида иштирокчиларга ушбу дастурни муваффақиятли якунлаганлиги тўғрисида сертификатлар топширилди.



