Ўзбекистонда муҳим конституциявий тамойил — инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича барча соҳалар, айниқса, судҳуқуқ тизимида чуқур ислоҳотлар кечмоқда. Бу эса, ўз навбатида, маъмурий қонунчилик тизимини такомиллаштириш, хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан қўлланиладиган маъмурий жазоларни қайта кўриб чиқиш, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишларни юритишни янада такомиллаштириш, жабрланувчининг шикоятига асосан қўзғатиладиган ҳолатлар, яъни хусусий айблов институтини МЖтКга киритишни тақозо этмоқда.
Хусусий айблов институти айрим категориядаги жиноят ишлари бўйича фақат жабрланувчининг аризаси асосида қўзғатиладиган, иш қўзғатилганидан сўнг ярашув асосида жиноят ишини тугатиш мумкин бўлган, шунингдек, айблилик ҳақидаги масалани ҳал қилмасдан туриб, ишни тугатишга асослар мавжуд бўлса-да, жабрланувчининг талабига кўра, юритилиши мажбурий бўлган жиноят ишларини қамраб олади.
Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда жиноят содир этиш орқали бузилган ҳуқуқлар тикланишини таъминлашда хусусий айблов институти алоҳида ўрин тутади.
Амалдаги қонунчиликка кўра, хусусий айблов институти фақатгина жиноят ишларига оид ҳолатлар бўйича қўлланилиб, Жиноят-процессуал кодексида ифодасини топган.
Хусусий айблов институти моҳиятан моддий ва процессуал қонунчилик нормалари тизимида диспозитивлик, жиноий таъқиб органларининг замонавий тузилмаси, жиноятдан жабрланган шахсларнинг давлат органлари билан муносабати ва улар фаолиятининг мутаносиблиги билан боғлиқ масала ва муаммоларни қамраб олади.
Диспозитивлик умумий-ҳуқуқий принцип сифатида шахснинг фаоллик кўрсатиш ёки аксинча, ҳеч нарса қилмаслик борасидаги ҳуқуқдан фойдаланишдаги эркинлиги, танлов қилиш ҳуқуқидир. Яъни муайян процессуал фаолиятни бошлаш, давом эттириш ёки тугатишда ҳуқуқи бузилган деб қаралаётган шахснинг ихтиёридан келиб чиққан ҳолда процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ва қарор қабул қилиш зарурлигининг қонунда белгиланишини ва унга амал қилинишини англатади.
Олимларимиз бу борада олиб борган тадқиқотларида ҳам юқорида келтирилган таърифга монанд фикрларни илгари сурган.
Маъмурий-процессуал фаолиятни бошлаш асослари тизимида диспозитив асослар мавжуд бўлиши фаолиятнинг мақсадга мувофиқ бўлмаган ҳолда амалга оширилишининг олдини олишга хизмат қилиши мумкин.
Ижтимоий хавфлилиги юқори ҳисобланган жиноий қилмиш бўйича жиноят ва жиноят-процессуал қонун ҳужжатларида жабрланувчининг аризаси асосидагина (жабрланувчи ночор аҳволда бўлгани, айбланувчига қарамлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра, ўз ҳуқуқини ва қонуний манфаатларини ўзи ҳимоя қила олмайдиган алоҳида ҳоллар бундан мустасно) жиноят иши қўзғатилиши мумкин бўлгани ҳолда, жиноий қилмишга нисбатан ижтимоий хавфлилиги кам бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича бундай амалиёт қўлланмаслиги МЖтКда шахснинг диспозитив ҳуқуқларини акс эттирувчи хусусий айбловга доир нормани киритиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Хусусий айбловнинг МЖтКга киритилишини қуйидаги ижобий хусусиятлар билан изоҳлаш мумкин:
— маъмурий ишлар юритуви жараёнида демократик ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб, маъмурий процесс иштирокчиси бўлган жабрланувчи (вакили)нинг хоҳиши ва талаблари биринчи навбатда, инобатга олинишини таъминлайди;
— давлат органларининг куч ва воситаларини тежашга ва улар фаолияти самарадорлиги ошишига хизмат қилади;
— жамиятимизда шахслар ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган янги зиддиятларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади;
— давлатнинг маъмурий қонунчилигини ислоҳ қилиш соҳасидаги сиёсати янада либераллашувининг ифодаси ҳисобланади.
Кўпгина хорижий мамлакатлар қонунчилигида маъмурий ишларни кўриб чиқиш жараёнида давлат жиноий таъқибининг анъанавий моделидан фарқ қилувчи хусусий айблов амалиёти мавжуд.
Масалан, маъмурий процесс жараёнида хусусий айбловлар тизими қўлланиладиган мамлакатлардан бири Германия қонунчилигига кўра, шахслар ўзларига нисбатан йўл-транспорт ҳаракати ёки қурилиш соҳасига оид қонун бузилишлари юзасидан ваколатли органлар ёки судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин. Агар мазкур вазиятда жабрланувчининг шикояти бўлмаса, маъмурий иш қўзғатилмайди. Яъни бунда фуқаролар маъмурий ҳуқуқбузарликларга қарши курашда диспозитив ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятига эга.
Францияда шахслар (шу жумладан, ташкилотлар) ўзларига нисбатан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маъмурий тергов бошлаш юзасидан шикоят қилиши мумкинлиги белгиланган. Бунда ҳуқуқи бузилган шахс ёки ташкилот маъмурий ҳуқуқбузарлик иши бўйича “хусусий айбловчи” сифатида маъмурий жараёнда иштирок этади ва ушбу процессда қонунлар ҳамда ўрнатилган тартибнинг бажарилишини кузатиб боради.
Швейцария қонунчилигида ҳам маъмурий процессда хусусий айблов тизими мавжуд. Маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки маъмурий акт ортидан ўзига нисбатан ҳуқуқлари бузилган ҳар қандай шахс ёки ташкилот ушбу ҳаракат ёки акт устидан судга даъво билан мурожаат қилиши мумкин.
Шунингдек, Швеция маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид кодексида хусусий айблов институтининг айрим элементлари мавжуд. Хусусан, йўл-транспорт ҳаракатини бузиш, қурилиш соҳаси ҳамда атроф-муҳитга зарар етказишга доир қатор нормалар бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари фақатгина жабрланувчи ташаббуси ёки мурожаати орқали қўзғатилади.
Англо-саксон давлатлари қонунчилиги амалиётида ҳам хусусий айбловга доир ишлар мавжуд. Жумладан, ҳозирги пайтда Буюк Британияда хусусий айблов бўйича ташкилий, молиявий харажатлар юқорилиги ва бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар сабабли мазкур институтнинг трансформациялашуви билан боғлиқ тенденциялар кузатилмоқда. Амалда эса ушбу давлатда бугунги кунда хусусий айблов институти, асосан, маиший характерга эга ижтимоий хавфи юқори бўлмаган, кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар (майда безорилик, ҳақорат ва бошқалар) доирасида қўлланиб келинмоқда.
Озарбайжон қонунчилигида маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг айрим тоифалари учун маъмурий жавобгарликни белгилашда фақатгина жабрланувчининг шикояти асос бўлиши белгиланган. Атроф-муҳитни муҳофазалаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мулк ҳуқуқи ва бошқа шунга ўхшаш соҳалар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар шулар жумласидандир.
Хорижий давлатларнинг маъмурий кодексларида мавжуд бўлган хусусий айблов институти қонун устуворлиги, адолатни таъминлашда давлат назорати ва жамоатчилик иштироки ўртасидаги мувозанатни таъминлашда муҳим аҳамият касб этувчи воситалардан биридир.
Ушбу институтнинг афзалликларидан бири бу — фуқаролар учун ҳуқуқий ҳимоянинг кўпайишида, яъни улар бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини мустақил тарзда ҳимоя қилиши мумкинлигида.
Шу билан бирга, фақатгина жабрланувчининг шикояти ёки мурожаати асосидагина қўзғатиладиган маъмурий ишларда адолатни таъминлашда юзага келиши мумкин бўлган суиистеъмоллик ва салбий оқибатлар, масалан, фуқаролар томонидан бошқа фуқародан қасос олиш ёки фактларга асосланмаган даъволарнинг кўпайишига йўл қўймаслик учун бундай тизим қатъий тартибга солиниши мақсадга мувофиқ.
Умуман, юқорида келтирилган таҳлиллар асосида қуйидагиларни амалиётга татбиқ этиш ўринли бўлади, назаримда:
— МЖтКда жабрланувчининг шикоятига асосан, маъмурий ишларни қўзғатишнинг тартиби ва асосларини ишлаб чиқиш;
— хорижий давлатлар маъмурий қонунчилиги таҳлили асосида МЖтКда жабрланувчининг шикоятига асосан қўзғатиладиган ишларни белгилаш (масалан, ҳақорат, туҳмат, енгил тан жароҳати етказиш, экинзорларни пайҳон қилиш ва ҳ.к.);
— хусусий айблов институтини МЖтКда назарда тутиш орқали келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатлар юзасидан илмий ва фундаментал тадқиқотлар ўтказиш;
— МЖтКда хусусий айблов институти таъсири доирасига тушмайдиган (хусусий айблов қўлланилмайдиган) нормаларни акс эттириш.
Мухтасар айтганда, хусусий айблов институтининг амалиётга татбиқ этилиши янги таҳрирдаги Конституциядаги инсон, унинг эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланишига доир нормаларнинг маъмурий процессуал муносабатларда ўзининг кенг ифодасини топишига хизмат қилади. Шу билан бирга, хусусий айблов институтининг маъмурий қонунчиликка жорий этилиши билан шахсларнинг ҳуқуқий мавқеи янада мустаҳкамланишига эришилади.
Ш.Зокиров
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилик
шўъбаси етакчи илмий ходими
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори