Қурилиш кўлами кенгаяётгани ҳар кимнинг уй жойли бўлиш ғуқуқини таъминламоқда

Кейинги йилларда юртимизда ушбу соҳани қўллаб-қувватлаш ва аҳолини муносиб уй-жой билан таъминлаш бўйича улкан бунёдкорлик ишлари амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, мамлакатимизда тўрт йил олдин ипотека тизимининг бозор тамойилларига асосланган янги тартиби жорий этилди. Унга мувофиқ, ўтган давр мобайнида аҳолини уйжой билан таъминлаш мақсадида 100 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Натижада ҳудудларда 6 мингта кўп қаватли уй барпо этилиб, 250 минг оила янги хонадонли бўлди. Даромади юқори бўлмаган 45 мингта оилага бошланғич бадал ва фоиз тўлови учун 2,4 триллион сўмлик субсидиялар берилди.

Биргина 2023 йилда 85 мингта хонадон қурилиб, уларни сотиб олиш учун аҳолига 17 триллион сўмлик ипотека кредити ажратилди. Аҳоли сонининг ўсишини инобатга олиб, 2024 йилда 100 мингта хонадондан иборат уй-жой қуриш ва ипотекани молия лаштириш мақсадида 22,5 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган.

Қайд этиш жоизки, янги таҳрирдаги Конституцияда айни йўналиш бўйича мус таҳкамлаб қўйилган нормалар бу борадаги ислоҳотларни янада жадаллаштирди. Хусусан, янгиланган Бош қонунимизнинг 47-моддаси уй-жой масалаларига бағишланган бўлиб, унда ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши борасидаги ҳуқуқий нормалар белгиланди.

Шунингдек, Конституциянинг мазкур моддасида уй-жой қурилиши давлат томонидан рағбатлантирилиши ҳамда аҳолининг эҳтиёжманд тоифалари уй-жой билан таъминланиши қонун билан белгиланиши каби муҳим қоидалар назарда тутилди.

Ўз навбатида, ушбу конституциявий нормалар давлатнинг мазкур соҳадаги ижтимоий вазифа ва функцияларини янада кучайтириб, уй-жой қурилиши соҳасидаги ислоҳотларнинг аҳамияти ва моҳиятини янада оширди, бошқа томондан, фуқароларнинг давлатга нисбатан ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларни уй-жой билан таъминлаш давлатнинг доимий назоратида, бу борада ушбу тоифадаги оилаларга доимий равишда янги имкониятлар яратиб келинмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 12 март куни уй-жойлар қурилиши соҳасидаги масалаларга бағишлаб ўтказилган йиғилишда “маҳалла еттилиги” тавсияси асосида камбағалликдан чиқариш дастурига кирган ва турар жойи ночор аҳволдаги оилаларга ўз ҳовлисида уй қуриш ва таъмирлаш мақсадида 120 миллион сўмгача ипотека кредити ажратиш йўлга қўйилиши, бунда кредитнинг 15 фоизи ва дастлабки беш йилда фоиз ставкасининг 6 фоизгача қисми давлат бюджетидан қоплаб берилиши вазифаси белгиланди.

Албатта, ушбу ислоҳотлар юқоридаги конституциявий норманинг амалдаги ифодасини намоён этиш билан бирга, кам таъминланган оилаларнинг давлат томонидан ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганидан далолат беради. Ўз навбатида, ушбу яратилаётган шароитлар эҳтиёжманд аҳоли қатламига ўзларининг шахсий уйларига эга бўлишда ҳам молиявий, ҳам маънавий жиҳатдан яхшигина кўмак бўлмоқда.

Кейинги йилларда ушбу соҳани тартибга солишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари ҳам такомиллаштирилди. Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 14 ноябрда “Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 27 ноябрда “Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонлари қабул қилиниб, уларда қурилиш соҳасини такомиллаштириш бўйича амалга ошириладиган асосий чора-тадбир ва вазифалар белгилаб берилди.

2021 йилда Шаҳарсозлик кодекси янги таҳрирда қабул қилиниб, замонавий ўзгаришларни ўзида акс эттирган янги нормалар ва қоидалар билан тўлдирилди. Шунингдек, 2022 йил 20 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг “Қурилиш соҳасига оид ягона маъмурий қурилиш регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ, қурилиш соҳасида бир қатор маъмурий регламентлар тасдиқланди ҳамда ушбу соҳада давлат хизматлари кўрсатишнинг янги тартиби ва тизими жорий этилди.

Бундан ташқари, уй-жой қурилиши соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида ҳам зарурий ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2020 йилда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ишга туширилиб, ушбу тизим орқали объектларда қурилиш жараёнларини назорат қилиш ва мониторинг олиб бориш, объектлар қурилишида иштирок этаётган барча асосий ва ёрдамчи пудратчилар ҳақида маълумотлар билан танишиш, объектлар қурилишини молиялаштиришда пудратчи — буюртмачи ўртасида шартнома имзолангани ва аванс маб лағлари амалга оширилганини текшириш ҳамда қурилиши режалаштирилган объектларнинг манзилли дастурини шакллантириш ва уларни назорат қилиб бориш имконияти яратилди.

Таъкидлаш лозимки, қурилиш соҳасида жорий этилган ушбу ахборот тизими қурилиш объектларини назорат қилишда янги имкониятларни вужудга келтириш билан бирга, қурилиш ташкилотларини мавжуд қурилиш нормаларига риоя қилиш бўйича ҳушёрликка чақирмоқда ҳамда оддий фуқароларга пудратчи ташкилотларнинг фаолияти ҳақида зарур ахборотлар билан танишиш имконини бермоқда.

Шу билан бирга, 2020 йилда “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” географик ахборот тизими жорий этилиб, унинг асосий вазифаси сифатида қуйидагилар белгиланди:

— давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда жисмоний шахсларни шаҳарсозлик кадастри объектлари тўғрисидаги ишончли маълумотлар билан таъминлаш;

— шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда идоралараро электрон ҳамкорликни таъминлаш;

— шаҳарсозлик фаолияти тўғрисидаги фазовий маълумотларни марказлаштирилган тарзда сақлаш ва бошқариш.

Уй-жой қурилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ устувор вазифалар “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ҳам ўз аксини топди. Жумладан, стратегия нинг 60-мақсади бевосита аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласига бағишланган бўлиб, унда қуйидагилар назарда тутилган:

— 2030 йилга қадар Ўзбекистон ҳудудларида 1 миллион хонадонли уй-жойлар қуриш;

— “Янги Ўзбекистон” массивлари сонини 100 тага етказиб, қўшимча 200 мингта оилага мўлжалланган уйларни барпо этиш;

— республикада камида 140 минг оилага мўлжалланган ижтимоий уйларни барпо этиш.

Шунингдек, стратегия доирасида кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуришни тартибга солувчи қонуний асосларни шакллантириш, ривожланган давлатларнинг тажрибаси асосида бино-иншоотларнинг қурилиш хавфсизлиги меъёрлари бўйича янги стандартларни жорий қилиш, аҳоли зич бўлган ҳудудларда “бўйига ўстириш” тамойили асосида кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш ҳамда қурилишда ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш тизимини қайта кўриб чиқиб, йилига 20 минг нафар профессионал уста-мутахассис тайёрлаш вазифалари назарда тутилган.

Ўз навбатида, ушбу вазифаларнинг амалиётга самарали татбиқ этилиши мазкур йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлигини янада ошириш ҳамда қурилиш соҳаси ривожини янги босқичга олиб чиқиш имконини беради.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, қурилиш соҳасидаги улкан бунёдкорлик ишлари, сезиларли ўсишга қарамасдан, ушбу соҳада айрим муаммолар сақланиб қолаётганини кўриш мумкин. Хусусан, баъзи ҳудудларда бош режанинг йўқлиги, айрим ҳолларда қурилиш нормаларига риоя этилмаётгани ва бунинг натижасида экологик муҳитга салбий таъсир кўрсатилаётгани, қурилишда замонавий ва инновацион технологиялардан етарли даражада фойдаланилмаётгани, уй-жойлар нархининг нисбатан қимматлиги, баъзи ҳолларда аҳолининг қурилиш ташкилотларига алданиб қолаётгани ҳамда ушбу соҳадаги кадрлар салоҳияти етарли даражада эмаслиги шулар жумласидан.

Қурилиш соҳасида мавжуд ушбу муаммолар мазкур йўналишдаги ислоҳотларни бундан кейин ҳам давом эттиришни ҳамда тегишли чора-тадбирлар кўришни талаб этади. Хусусан, масъул идораларнинг қурилиш ташкилотлари фаолияти устидан назоратни янада кучайтириш, пудратчи ташкилотлар шартномавий мажбуриятларини ўз муддатида ва сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича шахсий масъулиятини ошириш ҳамда фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишда уларнинг ижтимоий фаоллигига, шунингдек, қурилиш соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.

Умуман олганда, уй-жой қурилиши борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ушбу соҳа ривожланишида ўзининг ижобий самарасига эга бўлиб, аҳолининг кундалик ҳаёти учун муҳим восита бўлган уй-жой билан таъминланишида муайян имкониятларни яратишга хизмат қилмоқда.

Қ.Жумаев
иқтисодиёт соҳасидаги қонунчилик
шўъбаси етакчи илмий ходими