Жорий йил 22 майда ҚҲСИ да ЮНИДО билан ҳамкорликда “Эко-саноат паркларининг Ўзбекистоннинг айланма ва “яшил” иқтисодиётини ривожлантиришдаги ҳиссаси” мавзусида семинар ташкил этилди.

Семинар давомида Ўзбекистон “яшил” иқтисодиёт элементларини ўз тараққиётининг устувор йўналишларидан бири сифатида ишонч билан жорий этаётганлиги таъкидланди. 2019 йилда қабул қилинган 2019-2030 йилларга мўлжалланган “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясига таянган ҳолда, мамлакат иқлим мақсадларини узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий кун тартибига босқичма-босқич киритиб, декарбонизация, ресурсларни тежаш ва “яшил” инвестицияларнинг ўсишини рағбатлантирмоқда. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида тасдиқланган “Яшил” ўсиш дастури бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди: у қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни тизимли равишда кенгайтиради, барча тармоқларда ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этишни рағбатлантиради ва иқтисодий ўсишнинг янада инклюзив хусусиятини таъминлайди.

Белгиланган йўналишни ривожлантириб, Ўзбекистон эко-индустриал паркларни яратиш орқали айланма иқтисодиёт принципларини жорий этмоқда: тегишли ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 декабрдаги ПҚ-436-сон қарори билан мустаҳкамланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги ПФ-16-сон Фармонига мувофиқ “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланган бўлиб, унда мамлакатни ривожлантиришнинг бир қатор устувор ёндашувлари белгиланган, жумладан:

табиий ресурсларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш ва улардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш;

“яшил” иқтисодиёт принципларини кенг жорий этиш, иқтисодиётни иқлим ўзгаришига мослаштиришга қаратилган лойиҳаларни барқарор молиялаштириш;

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада замонавий энергия тежовчи технологияларни кенг қўллаш орқали иқтисодиётда “углерод изини” қисқартириш ва бошқалар.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсати контекстида БМТнинг Саноатни ривожлантириш бўйича ихтисослашган муассасаси (ЮНИДО) ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЦ) кўмагида мамлакатдаги иккита пилот саноат зонасини замонавий эко-кластерларга айлантириш орқали эко-саноат парклари концепциясини жорий этишга қаратилган лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳанинг асосий миллий ҳамкорларидан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти бўлиб, у томонидан ЮНИДО ва ГИЦ ваколатхоналари кўмагида жорий йилнинг 22 май куни “Ўзбекистоннинг айланма ва яшил иқтисодиётини ривожлантиришда эко-саноат паркларининг ҳиссаси” мавзусида семинар ташкил этилди.

Асосий мақсад – иштирокчиларнинг эко-саноат парклари (кейинги ўринларда – ЭСП) концепцияси, уларнинг Ўзбекистонда “яшил” ва “айланма” иқтисодиётни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси тўғрисида хабардорлигини ошириш; халқаро стандартлар ва барқарор ривожланиш тамойилларига мувофиқ ЭСПни амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратишга эътибор қаратган ҳолда амалдаги саноат сиёсатидаги ўзгаришларни (шу жумладан уларни амалга ошириш учун шарт-шароитлар ва кутилаётган натижаларни) таҳлил қилиш.

Семинар ишида 40 дан ортиқ экспертлар – тегишли вазирликлар вакиллари, пилот саноат зоналари раҳбарлари, бизнес етакчилари, олимлар ва ННТ вакиллари иштирок этди.

Семинар иштирокчилари тармоқларни “яшил” трансформация қилиш йўллари, саноат зоналари барқарорлигини баҳолаш учун EQuIP методологияси ва «яшил» ўсиш дастурини амалиётга жорий этиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Иштирокчилар ЭСП анъанавий саноат зоналарини чиқиндилар ҳажми ва экологик юкни камайтирадиган, шунингдек, корхоналарнинг рақобатбардошлиги ва инвеститсиявий жозибадорлигини оширадиган ресурс тежамкор кластерларга айлантиришини таъкидладилар.

ЮНИДО вакилларининг таъкидлашича, замонавий халқаро тажриба шуни кўрсатадики, ЭСП реал иқтисодий самара келтиради, янги иш ўринларини яратади ва экологик юкни камайтиради.

Иштирокчилар бир овоздан мамлакатга қуйидагилар зарурлиги ҳақида якдил фикр билдирдилар:

  • миллий қонунчиликни халқаро экологик ва техник стандартлар билан уйғунлаштириш;
  • саноат-ишлаб чиқариш майдонлари ва уларнинг иштирокчилари учун мониторинг ва ҳисоботнинг замонавий механизмларини жорий этиш;
  • саноат-ишлаб чиқариш майдонлари томонидан “яшил” иқтисодиёт тамойилларини жорий этишни рағбатлантириш механизмларини, шу жумладан саноат симбиозини жорий этиш орқали янада такомиллаштириш.

Тадбир якунида иштирокчилар ишлаб чиқилган таклифлар мамлакатда ЭСПни янада ривожлантириш ва мамлакат иқтисодиётида экологик барқарорликка ўтишни жадаллаштиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига асос бўлишини таъкидладилар.