Бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришда ҳамда аҳолининг молиявий ресурсларга бўлган эҳтиёжини қондиришда банклар томонидан кўрсатиладиган молиявий хизматлар муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда юртимизда банк хизматлари соҳасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 майдаги ПФ-5992-сон Фармони билан 2020 – 2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш Стратегияси тасдиқланиб, мазкур Стратегия доирасида бир қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.  

Хусусан, банк хизматларини кўрсатиш жараёнига рақамли технология воситалари кенг жорий этилди, аҳолининг масофадан туриб онлайн банк хизматларидан фойдаланиш имконияти кенгайди, давлат иштирокидаги банклар сони қисқартирилиб, ушбу жараёнга хусусий сектор (маҳаллий ва хорижий инвесторлар) вакиллари кенг жалб этилди, микромолия ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар кўлами кенгайтирилди, ҳудудларда кўрсатиладиган банк хизматларида тезкорлик ва манзиллиликни таъминлаш мақсадида маҳаллаларда “маҳалла банкири” фаолияти йўлга қўйилди ва халкаро молия институтлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари кучайтирилди.  

Шунингдек, банк-молия соҳасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги (2022 йилда) ва  “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги (2025 йилда) Қонунлар янги таҳрирда ҳамда “Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида” Қонун (2025 йилда) қабул қилинди. Амалга оширилган ислоҳотлар, ўз навбатида, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг замонавий банк хизматларига бўлган эҳтиёжларини қондиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур йўналишдаги ижобий ўзгаришлар янгиланаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида ҳам мантиқий давом эттирилиб, унда банк хизматлари кўрсатиш соҳасини янги босқичга олиб чиқиш назарда тутилган.   

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатнинг 2030 йилгача мўлжалланган тараққиётининг устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу муҳим ҳужжат билан тасдиқланадиган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 50-бандида банк тизимида ислоҳотларни жадаллаштириш, банк хизматлари бозори ҳажмини ошириш ва соҳада рақобатни ривожлантириш каби устувор вазифаларбелгиланган.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатнинг 2030 йилгача мўлжалланган тараққиётининг устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида (regulation.adliya.uz) жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган. 

Ушбу вазифалар доирасида бир қатор амалий чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Унга кўра, 2030 йилгача давлат ихтиёрида фақат 4 та банкни сақлаб қолиш ва қолган банкларни хусусий секторга бериш режалаштирилган. Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда 4 та давлат банки ─ “Пойтахт банк”, “Ипотека банк”, “Азия Альянс банк” ҳамда “Ўзагроэкспортбанк” тадбиркорлик субъектларигахусусийлаштириб берилган. Бунунги кунда мамлакатимизда 9 та давлат иштирокидаги банк фаолият кўрсатмоқда, 2030 йилгача ҳар йили 1 тадан давлат иштирокидаги банкни хусусийлаштириш ва давлатнинг ижтимоий функция ва вазифалари билан боғлиқ бўлган 4 та банкдагина давлат иштирокини сақлаб қолиш назарда тутилган.  

Банкларда давлат иштирокини қисқартириш ва уларни хусусий секторга бериш, ўз навбатида, тижорат ташкилоти ҳисобланган банклар фаолиятининг асл моҳиятига ҳам мос бўлиб, уларнинг тадбиркорлик субъекти сифатида мустақил фаолият кўрсатишига имконият беради.

Янгиланаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида назарда тутилган муҳим ташаббуслардан яна бири  бу – банк ва молия тизимида йиллик кредитлаш ҳажмини ҳозирги 440 трлн. сўмдан 2030 йилга келиб 720 трлн. сўмга етказиш вазифасидир.

Таъкидлаш жоизки, тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитининг ривожланиши ҳамда замонавий инновацион маҳсулотларга аҳоли эҳтиёжининг ортиши молиявий ресурсларга бўлган талабни ҳам кучайтирмоқда. Ўз навбатида, молиявий ресурсларга бўлган ушбу эҳтиёжларни қондиришда Стратегияда доирасида белгиланган банкларнинг йиллик кредитлаш ҳажмини ошириш муҳим ҳуқуқий-иқтисодий восита бўлиб хизмат қилади.

Маълумотларга кўра, 2024 йилда республикада жами 280 трлн. сўмдан кўпроқ кредит ажратилган ва уларнинг асосий қисми (таҳминан 70% дан ортиғи) юридик шахсларга йўналтирилган бўлиб, асосан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётни рақамлаштиришга қаратилган. Шунингдек, Марказий банк маълумотига кўра, 2025 йилда ажратилган жами кредитлар улушида давлат банкларининг ҳиссаси 70% га  яқинни, хусусий банклар улуши эса 30% дан кўпроқни ташкил этган.    

Банкларни хусусийлаштириш ва банклар томонидан ажратиладиган йиллик кредитлаш миқдорини ошириш, ўз навбатида, давлатнинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини зарур маблағлар билан таъминлаш борасидаги муҳим вазифасини амалга оширишга, бу борада банк хизматлари имкониятларидан кенг фойдаланишга замин яратади ҳамда бозор муносабатларининг давлат иштирокисиз мустақил ривожланишига хизмат қилади. Бу эса, халқаро молиявий-иқтисодий стандартларга ҳам мос келади.   

Янгиланаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида банк соҳасини ривожлантириш борасида назарда тутилган муҳим ўзгаришлардан яна бири  – бу тижорат банклари депозитлари қолдиғини йил сайин орттириб бориш, хусусан, бугунги кундаги 400 трлн. сўмни 2030 йилга келиб, 560 трлн. сўмга етказиш вазифаси белгиланганидир.

Маълумот учун: Тижорат банклари депозитлари қолдиғи — бу муайян сана ҳолатига кўра амалдаги қонунчиликка мувофиқ жисмоний ва юридик шахслар томонидан тижорат банкларига жойлаштирилган депозит ҳисобварақларида сақланаётган талаб қилиб олинадиган, муддатли ва жамғарма депозитлар бўйича маблағларнинг ҳажмини ифодаловчи иқтисодий кўрсаткичдир.

Ушбу иқтисодий кўрсаткич қанчалик юқори бўлса, банкларнинг ликвидлиги ва ресурс имкониятлари шунчалик мустаҳкамланади, кредит портфелини шакллантириш имконияти кенгаяди ҳамда аҳоли ва инвесторларнинг банк тизимига бўлган ишончи ортади. Стратегия доирасида белгиланган тижорат банклари депозитлари қолдиғини йил сайин орттириб бориш мақсади айнан ушбу муҳим иқтисодий вазифани таъминлашга қаратилгандир. 

Шу ўринда қайд этиш лозимки, 2025 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги Қонун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг банкларда жойлаштирган омонатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни кафолатлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган янги ва муҳим ҳуқуқий нормаларни белгилаб берди.  Мазкур Қонун ҳужжати, ўз навбатида, банк тизимига бўлган ишончни оширишда ҳамда Стратегия доирасида банк соҳасини такомиллаштириш бўйича белгиланган мақсадларга эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, янгиланаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси банк соҳасини ислоҳ қилиш бўйича муҳим ташаббусларни назарда тутган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурсларга ва замонавий банк хизматларига бўлган зарурий эҳтиёжини қондиришда ҳамда банклар фаолиятида барқарорликни таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.  

Қаҳҳор Жумаев

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти
етакчи илмий ходими