Кириш: стратегик фикрлашдан натижага йўналтирилган бошқарувгача
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мамлакат тараққиётини мутлақо янги босқичга олиб чиқди. Давлат сиёсатида илгари қабул қилинган қарорларнинг изчил давоми сифатида узоқ муддатли мақсадлар ва аниқ натижаларга қаратилган стратегик бошқарув ёндашувлари янада мустаҳкамланиб бормоқда. Ана шу жараёнда муҳокамага қўйилган “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг янги таҳрири мамлакат ривожланишини тизимли ва жамоатчиликка очиқ тарзда бошқаришга қаратилган муҳим дастурий ҳужжат сифатида намоён бўлмоқда.
Мазкур стратегия давлатнинг ўрта ва узоқ истиқболдаги ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи асосий мезон бўлиб хизмат қилади.
Шу билан бирга, стратегик ҳужжатлар ўз моҳиятига кўра доимий ҳаракатда бўлиши, жамиятдаги демографик, иқтисодий ва технологик ўзгаришларга мос равишда янгиланиб бориши талаб этилади. 2026-2030 йилларга мўлжалланган такомиллаштирилган таҳрир ҳам мавжуд йўналишларни инкор этиш эмас, балки тўпланган тажриба асосида самарадорликни оширишга қаратилган мантиқий давом ҳисобланади.
Янгиланишга олиб келган объектив омиллар
Стратегияни такомиллаштириш зарурати, аввало, ижро натижаларининг холис таҳлили билан боғлиқ. Амалдаги стратегия доирасида белгиланган
444 та самарадорлик кўрсаткичининг айримлари жараённи ифодалагани, натижани тўлиқ очиб бермаганини кўриш мумкин. Айрим кўрсаткичлар эса,
ўз вақтида бажарилганига қарамасдан сақланиб қолган. Мазкур жиҳат мониторинг ва баҳолаш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда масъул раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини янада аниқ белгилаш заруратини юзага чиқарди.
Шу билан бирга, мамлакат ички ва ташқи муҳити ҳам сезиларли даражада ўзгарди. 2023 йилда аҳоли сони 36,7 миллион нафарга етган бўлса, 2030 йилга бориб 41 миллион нафарга яқинлашиши кутилмоқда. Глобал миқёсда энергия бозорларида трансформация, логистика йўналишларининг қайта шаклланиши, рақамли иқтисодиёт улушининг ўсиши каби омиллар миллий стратегияда янада аниқ ҳисобга олинишини тақозо қилди. 2022-2024 йиллар давомида ташқи савдо ҳажмининг ўсиши, хорижий туристлар сонининг 6,6 миллион нафардан 9,7 миллион нафаргача кўпайиши, инновацион рейтингларда илгарилаш ижобий тенденцияларни кўрсатган бўлса-да, иқтисодий ўсиш сифати ва ҳудудлар ўртасидаги тафовутлар янада пухта ёндашувни талаб қилади.
Стратегияни такомиллаштиришдан кўзланган асосий мақсад
Стратегиянинг такомиллаштирилган таҳририда марказий эътибор натижага асосланган давлат бошқаруви моделини янада чуқурлаштиришга қаратилган. Давлат сиёсатида сўнгги йилларда изчил қўлланиб келинаётган “Халқ давлат идоралари учун эмас, давлат идоралари халқ учун хизмат қилади” тамойили ушбу ҳужжатда аниқ мақсадлар ва ўлчанадиган кўрсаткичлар орқали мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Янгиланган стратегиянинг мақсади уни умумий декларациялар тўплами эмас, балки аниқ натижа берувчи амалий бошқарув инструментига айлантиришдан иборат. Шу боис, ҳар бир устувор йўналиш бўйича ўлчанадиган, текшириладиган ва очиқ кўрсаткичлар жорий этилмоқда. Масалан, мактабгача таълим билан қамровни ошириш масаласи умумий шиор сифатида эмас, балки 80 фоиз даражага етказиш каби аниқ мезон орқали белгиланган.
Шунингдек, ижро жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилиб, мониторинг “яшил”, “сариқ” ва “қизил” индикаторлар асосида амалга оширилади. Бундай ёндашув ижро ҳолатини яшириш ёки сунъий равишда ижобий кўрсатиш имкониятини кескин чеклаши билан аҳамиятли ҳисобланади.
Бундан ташқари, барча соҳавий ва ҳудудий дастурлар учун “Ўзбекистон-2030” стратегияси мажбурий мезон сифатида белгиланиб, унга уйғун келмаган ташаббуслар амалий аҳамиятга эга бўлмайди.
Янги стратегия мамлакатга қандай имкониятлар олиб келади?
Янгиланган стратегия, энг аввало, иқтисодий сиёсатда барқарорлик
ва прогнозлиликни таъминлайди. 2030 йилга қадар ички ялпи маҳсулот ҳажмини 240 миллиард АҚШ долларига етказиш, хусусий сектор ролини кескин ошириш, экспорт салоҳиятини барқарор равишда кенгайтириш каби мақсадлар иқтисодий сиёсатни баҳолаш мумкин бўлган аниқ дастурга айлантиради. 60 дан ортиқ вазирлик ва идора учун белгиланган ижро кўрсаткичлари давлат аппарати самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Ижтимоий соҳада ҳам аниқ натижаларга эътибор қаратилмоқда. Хусусан, барча мактабгача таълим муассасаларини тоза ичимлик суви ва санитария инфратузилмаси билан таъминлаш, олис ҳудудларда жойлашган мактаб ўқувчилари учун бепул транспорт хизмати йўлга қўйиш каби вазифалар инсон капиталига қаратилган сиёсатнинг мазмунини очиб беради. Камбағаллик даражасини 5 фоизга тушириш ва бир миллион нафар ёшни иш билан таъминлаш режалари эса, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Инфратузилма ва энергетика соҳаларида белгиланган мақсадлар ҳам узоқ муддатли барқарорликни кўзлайди. Темир йўлларни электрлаштириш даражасини ошириш, автомобиль йўлларини реконструкция қилиш, қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 54 фоизга етказиш ҳамда аҳоли пунктларини тўлиқ тоза ичимлик суви билан таъминлаш экологик ва энергия хавфсизлигини таъминлашга қаратилган комплекс ёндашувни акс эттиради.
Шахсий жавобгарлик ва очиқ назорат – стратегиянинг устуни
Янгиланган стратегиянинг энг муҳим жиҳатларидан бири давлат бошқарувида шахсий жавобгарликни институционал даражада мустаҳкамлаётганидир. Ҳар бир вазир, идора раҳбари ва ҳоким учун аниқ натижа кўрсаткичлари белгиланиб, ижро ҳолати мунтазам муҳокама қилиб борилади. Белгиланган мақсадларга эришмаган раҳбарларга нисбатан ташкилий ва ҳуқуқий чоралар кўрилиши назарда тутилган. Бундай ёндашув давлат аппаратида масъулият ва самарадорликни оширишга хизмат қилади.
Хулоса
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон–2030” стратегиясининг такомиллаштирилган варианти мамлакат тараққиётини бошқаришда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада аниқ, ўлчанадиган ва ҳисобдор механизмлар билан мустаҳкамлашни кўзда тутади. Ушбу ҳужжат орқали давлат сиёсатининг ҳар бир йўналиши бўйича натижа учун масъулият аниқ белгилаб берилаётгани стратегиянинг асосий фарқли жиҳати сифатида намоён бўлмоқда.
Стратегияда белгиланган мақсад ва кўрсаткичларнинг очиқ мониторинг қилиниши, ижро устидан тизимли назорат ўрнатилиши ҳамда раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги мустаҳкамланиши давлат бошқарувини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Бу эса, фуқаролар, тадбиркорлар ва жамиятнинг барча қатламлари учун давлат сиёсатида аниқлик ва ишончни таъминлайди. Энг муҳими, “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг такомиллаштирилган варианти мамлакатни барқарор ривожланиш траекториясида ушлаб туриш, мавжуд салоҳиятдан оқилона фойдаланиш ва келажак авлодлар учун мустаҳкам ижтимоий-иқтисодий пойдевор яратишга қаратилган. Шу маънода, мазкур ҳужжат Янги Ўзбекистонни ривожлантириш йўлидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми ва муҳим таянч нуқтаси бўлиб хизмат қилади.
Шерзод Зокиров
Бош илмий ходим
