Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтида Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари учун ташкил этилган учрашув илм-фан ва таълим интеграциясини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Тадбирда институтнинг ёш илмий ходимлари ва докторантлари ҳам иштирок этиб, соҳадаги илмий изланишларнинг узвийлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Институт директори ўринбосари В.Эргашев иштирокчиларни муассасанинг мамлакатимиздаги ҳуқуқий ислоҳотларни илмий-услубий жиҳатдан таъминлашдаги роли, қонун лойиҳалари бўйича амалга оширилаётган экспертиза фаолияти ҳамда халқаро кўламдаги илмий алоқалари билан батафсил таништирди. Мулоқот давомида институтнинг стратегик тадқиқот йўналишлари, хусусан, ҳуқуқий сиёсатнинг долзарб йўналишларини ишлаб чиқиш борасидаги режаларига алоҳида урғу берилди.
Тадбир давомида иқтидорли талабаларни институтнинг илмий-тадқиқот жараёнларига фаол жалб этиш, хусусан, тизимли асосда стажировка дастурларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Бу ёш кадрлар учун назарий билимларни бевосита тадқиқот фаолияти билан уйғунлаштиришга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Учрашувда талабалар институтнинг иш услуби, замонавий ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш методологияси ва илмий ходимларга қўйиладиган талаблар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар. Мулоқотдан сўнг талаблар учун махсус танишув экскурсияси ташкил этилиб, унда илмий шўъбаларнинг ички иш механизми, ахборот-таҳлил ресурслари ва тадқиқотчилар учун яратилган замонавий шароитлар бевосита намойиш этилди.
Тадбир якунида меҳмонларга институт томонидан чоп этилган энг сўнгги ҳуқуқий адабиётлар, илмий тўпламлар ва оммабоп рисолалар тақдим этилди. Икки томонлама ҳамкорликни тизимли асосда давом эттириш ва ёш кадрларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган бу каби учрашувларни мунтазам ўтказиш бўйича келишувга эришилди.


