Қонун ижодкорлиги – фақат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш амалиёти эмас, балки давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишнинг институционал механизми ҳисобланади.

Президент ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти етакчи илмий ходими Фарангиз Эштурдиева шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди: 

– Кейинги йилларда Ўзбекистонда қонун ижодкорлиги соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилди. 2023 йилда умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция мамлакат ҳуқуқий тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди. 

Конституциянинг олий юридик кучи ва тўғридан-тўғри амал қилиш тамойили мустаҳкамланди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси давлат фаолиятининг устувор мезони сифатида белгиланди. Давлат органлари ваколатлари аниқлаштирилди ва ўзаро мувозанат механизмлари кучайтирилди.

2018 йил 8 августдаги Президент фармони билан Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди. Бу ҳужжат қонун ижодкорлиги соҳасидаги тизимли ўзгаришларнинг концептуал асосини яратди. Концепция доирасида норма ижодкорлиги фаолиятига замонавий, илмий асосланган ёндашув жорий этилди. Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилишга устувор аҳамият берилди. Қонун лойиҳаларини кенг жамоатчилик ва экспертлар иштирокида муҳокама қилиш тизими шакллантирилди. Қонунларнинг халқаро шартномалар ва рейтинглар талабларига мослигини таҳлил қилиш амалиёти йўлга қўйилди.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Амалда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда ташаббускор томонидан ҳимоя қилиниши амалиёти жорий этилди. Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишгача чақириб олиш механизми ишлаб чиқилди. Молиявий-иқтисодий асосларни пухта тайёрлаш мажбурияти кучайтирилди. Тушунтириш хатида қонуннинг мақсади ва кутилаётган натижаларни аниқ кўрсатиш талаби белгиланди.

Бу ўзгаришлар қонун лойиҳаси парламентга киритилишидан олдин унинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари таҳлил қилинадиган тизим янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. 

Қонун ижодкорлиги сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири – қонуности ҳужжатларига ортиқча боғлиқликни камайтириш. Илгари кўплаб қонунлар ҳаволаки нормаларни ўз ичига олган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши ижро ҳокимияти қарорларига боғлиқ бўлган.

Кейинги йилларда ҳаволаки нормаларни қисқартириш, қонуннинг ўзида амал қилиш механизмини белгилаш, қонуности ҳужжатлар сонини мунтазам камайтириш бўйича амалий ишлар қилинмоқда. 

Замонавий қонун ижодкорлиги далилларга асосланган бошқарув моделига таяниши лозим. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда тартибга солиш таъсирини баҳолаш (ТСТБ) институти босқичма-босқич жорий этилди.

ТСТБ доирасида қонун лойиҳасининг иқтисодий ва ижтимоий таъсири таҳлил қилинади. Тадбиркорлик субъектларига юкланадиган регулятор юк баҳоланади. Лойиҳанинг муқобил вариантлари кўриб чиқилади. Манфаатдор томонлар фикри ўрганилади.

2024 йил учун қонун ижодкорлиги фаолиятини ташкил этиш бўйича парламент дастурида қонунларнинг амалдаги таъсирини баҳолаш амалиётини такомиллаштириш вазифаси белгиланган. Бу чоралар қонун қабул қилиш жараёнида натижаларни олдиндан ҳисоблаш амалиётини такомиллаштирмоқда.

regulation.gov.uz портали орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасига қўйиш, манфаатдор шахслар таклифларини қабул қилиш, муҳокама натижаларини эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилди.

Олий Мажлис фаолиятида “Очиқ парламент” тамойилини амалга оширишга қаратилган ташкилий чоралар кўрилмоқда. Қонун лойиҳалари бўйича қўмита эшитувлари, эксперт муҳокамалари ва очиқ йиғилишлар амалиёти кенгаймоқда.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келишишнинг ягона электрон тизими жорий этилди. Электрон ҳужжат айланиши кенгайтирилаётгани, лойиҳаларни онлайн кузатиш имконияти яратилгани бунга кенг йўл очди. 

Қонун ижодкорлигининг самарадорлиги унинг қабул қилиниши билан эмас, балки амалдаги натижаси билан баҳоланади. Бу борада қонун ижроси бўйича парламент эшитувлари амалиёти кенгайтирилди. Давлат органларининг ҳисоботлари мунтазам эшитилмоқда. Парламент тадқиқотлари институтининг илмий-таҳлилий иштирокини кучайтириш чоралари кўрилмоқда.

Қонун ижодкорлиги соҳасида амалга оширилаётган институционал ислоҳотлар доирасида норма ижодкорлиги сиёсатини янада такомиллаштириш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Хусусан, 2026 йил 16 февралда қабул қилинган Президент фармонида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мақсад ва самарадорлик кўрсаткичларидан келиб чиқиб, стратегик режалаштириш ҳужжатлари билан бир қаторда соҳавий концепциялар ва стратегик ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш вазифаси белгиланган. 

Мазкур вазифа норма ижодкорлиги соҳасида ҳам концептуал ёндашувларни қайта баҳолашни тақозо этади. Чунки 2018 йилда қабул қилинган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси ушбу соҳада тизимли ислоҳотларни бошлаб берган бўлса-да, замонавий давлат бошқаруви, рақамли трансформация ва “ақлли тартибга солиш” тамойилларининг кенг жорий этилиши мазкур концептуал асосларни янги босқичда қайта кўриб чиқиш заруратини юзага келтирмоқда.

Шу нуқтаи назардан, норма ижодкорлиги сиёсатини стратегик ривожланиш мақсадлари билан уйғунлаштириш, қонун ижодкорлиги жараёнига илмий таҳлил, рақамли технологиялар ва далилларга асосланган бошқарув механизмларини янада чуқур жорий этишга эътибор қаратилмоқда. 

Н.Абдураимова, ЎзА