2026 йил 13 январда ҚҲСИда «Маҳалла-2026: комплекс ривожланиш, хизматлар сифати ва фуқаролар иштироки (Президент Мурожаати ташаббуслари асосида)» мавзусида «давра суҳбати» ўтказилди.

Тадбирда маҳаллаларни комплекс ривожлантиришни таъминлаш, давлат хизматлари сифатини ошириш ва жойларда фуқаролар иштирокини кенгайтиришга масъул вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этишди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида билдирилган ташаббусларни амалга оширишнинг амалий механизмларини муҳокама қилиш, шунингдек, маҳаллаларни комплекс ривожлантириш, жойларда давлат хизматлари сифатини ошириш ва маҳаллалардаги долзарб муаммоларни ҳал этишда «маҳалла еттилиги» ролини кучайтириш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат эди.

«Давра суҳбати» давомида Президентимиз Мурожаатномасида белгиланган «Маҳаллада тинчлик ва осойишталик бўлса – жамиятда ҳам тинчлик ва тотувлик бўлади. Агар маҳалла ривожланса, мамлакат ҳам равнақ топади» деган ғоя аллақачон жамият тараққиётининг сиёсий-бошқарув мезонига айланганлиги таъкидланди.

Маҳаллаларни ривожлантириш формал кўрсаткичларда эмас, балки давлат хизматлари сифатини реал яхшилашда, барча тегишли тузилмалар ишининг уйғунлигида, маъмурий тартиб-таомилларнинг аҳоли учун ўз вақтида ва тушунарли бўлишида намоён бўлиши кераклиги қайд этилди.

Маҳаллаларни ривожлантиришда лойиҳавий ёндашувдан фойдаланиш устувор йўналишларни аниқ белгилаш, инфратузилма ва ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ўзаро боғлаш, шунингдек, ижронинг шаффофлиги ва назорат қилинишини таъминлаш имконини бериши таъкидланди.

Маҳаллаларни ривожлантириш, аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш ва жойларда қабул қилинаётган қарорлар самарадорлигини ошириш бўйича «маҳалла еттилиги» ишини мувофиқлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ёшларга имконият яратиш, уларни ўқиш, бандлик ва ижтимоий ташаббусларга жалб этишда маҳалланинг ўрни ҳам муҳокама этилди. «Маҳалла еттилиги» таркибига кирувчи ёшлар етакчилари ҳудуддаги ёшларнинг эҳтиёжларини аниқлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ўзини ўзи рўёбга чиқариш учун барқарор муҳитни шакллантиришга эътибор қаратишлари лозимлиги таъкидланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик режалаштириш ва ривожлантиришни мувофиқлаштириш кенгаши топшириғига мувофиқ Қашқадарё, Сирдарё, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги 50 та маҳаллани ўрганиш якунлари бўйича Жамият қурилиши ва давлат бошқаруви соҳасидаги таҳлилий ва тадқиқот тузилмалари фаолиятини ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ аъзолари, Маҳаллалар уюшмаси, Рақамли технологияларни ривожлантириш вазирлиги, Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, Қарши давлат университети экспертларини жалб қилган ҳолда ҚҲСИ томонидан ишлаб чиқилган маҳаллаларда давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлигини янада ошириш ва уларни тўлиқ рақамлаштиришга босқичма-босқич ўтиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.

Тадбир якунида маҳаллани ривожлантириш соҳасида давлатимиз раҳбари томонидан Мурожаатномада илгари сурилган ва маҳаллани ўзини ўзи бошқариш институтидан Янги Ўзбекистон иқтисодий фаровонлигининг ҳақиқий пойдеворига айлантириш бўйича ҳаракат дастури бўлиб хизмат қиладиган ташаббусларни амалга оширишга қаратилган қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.