Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 августдаги «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларинидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармонига мувофиқ, ҚҲСИ бош илмий ходими, юридик фанфар доктори, профессор Маликова Гулчехра Рихсихўжаевна фан ривожига қўшган ҳиссаси, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги намунавий фаолияти, кўп йиллик самарали меҳнати, юқори касбий ютуқлари ва жамоат ҳаётида фаол иштироки учун «Шуҳрат» медали билан мукофотланди.
Жорий йил 28 августда бир гуруҳ юртдошларимизга давлат мукофотларини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Н.Исмоилов давлат раҳбари номидан профессор Г.Маликовага юксак давлат мукофотини топширди.
Профессор Г.Маликова 2022 йилдан бери ҚҲСИда фаолият юритиб келмоқда. Шу вақт мобайнида у масъулиятли, ташаббускор ва юқори малакага эга мутахассис сифатида ўзини намоён этди, мамлакатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда Институтнинг илмий-маърифий фаолияти ривожига салмоқли ҳисса қўшди.
ҚҲСИ директори, профессор М.Рахманқулов таъкидлашича, ушбу мукофот профессор Маликованинг профессионаллик ва фидокорона меҳнатини эътироф этиш билан бирга, нафақат шахсан унинг, балки бутун жамоанинг муҳим ютуғи ҳисобланади. Шу билан бирга, Институтнинг фан ва қонун ижодкорлиги ривожидаги ўрни ва аҳамиятини яна бир бор намоён этади.