Жорий йилнинг 19-23 май кунлари Санкт-Петербург шаҳрида илмий котиб А.Расулев ва бош илмий ходим Р.Уйғунов 13-Петербург халқаро юридик форуми ва 11-Нева халқаро экологик конгрессида иштирок этди.

Ушбу тадбирлар бутун дунё бўйлаб ҳокимият, фан, бизнес, ёшлар ва экологик ҳамжамият вакилларини бирлаштирган энг йирик ва нуфузли мунозара майдонларидан бири бўлиб, ҳуқуқ ижодкорлиги, суд-ҳуқуқ ислоҳоти, рақамлаштириш, ахлоқий-ҳуқуқий кун тартиби, экология ва экологик хавфсизлик соҳасидаги долзарб муаммолар ва устувор йўналишларни акс эттиради.

Ушбу тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳуқуқий маданият ва халқаро ҳуқуқий ҳамкорликни ривожлантиришга, шунингдек, экологик қонунчиликни уйғунлаштиришга кўмаклашишдан иборат бўлди.

Ушбу тадбирлар доирасида фуқаролар, бизнес манфаатлари, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, замонавий шароитда ижтимоий-иқтисодий ва экологик соҳани тартибга солиш мақсадида қонунчилик ташаббусларини илгари суриш бўйича бир қатор муҳим сессиялар ўтказилди.

Ўтказилган тадбирлар давомида экспертлар томонидан ҳуқуқ фани нуқтаи назаридан қуйидаги қизиқарли фикрлар билдирилди:

– ҳуқуқ ижодкорлиги ахлоқий кўрсатмалар, миллий анъаналар ва ҳуқуқий онгга таяниши, ташқи моделларни танқидсиз ўзлаштиришдан воз кечиши керак;

– фуқаролик жамияти экологик сиёсатнинг кузатувчиси эмас, балки унинг ролини институтсионал жиҳатдан мустаҳкамлаган ҳолда фаол иштирокчиси бўлиши керак;

– ёшлар ташаббуслари барқарор ривожланиш стратегиясига тўлақонли элемент сифатида киритилиши керак.

Ушбу тадбирлар доирасида ҚҲСИ вакиллари томонидан қатор хорижий илмий-таълим муассасаларининг етакчи экспертлари билан алоқалар ўрнатилди.