Жорий йил 25 февралда Тошкент шаҳрида ҚҲСИ Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилик сектори мудири Б.Мўминов Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида иштирок этди.
Тадбирда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига парламент назорати фаолияти асосларини янада мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Мазкур қонун лойиҳаси билан парламент фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига палаталар қўмиталарининг мажлисларида давлат органлари раҳбарларининг Конституция ва қонунлар, давлат дастурларининг ижроси тўғрисидаги ахборотини эшитишни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига иқтисодий ва маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар ва тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс низоларни маъмурий суд томонидан ҳал этиш жараёнида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш тартибини назарда тутувчи янги норма билан тўлдирилмоқда. Бундан ташқари, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ҳамда Иқтисодий процессуал кодексга экстерриториал судловга тегишлиликни жорий этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Экспертлар бундай ўзгаришлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун судларга мурожаат қилишда янада қулай шарт-шароитлар яратиш, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатишга хизмат қилишини таъкидлади.
Муҳокама якунида Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

