2025 йил 20-31 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтининг етакчи илмий ходими Диёра Очилова Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги С.С.Алексеев номидаги Хусусий ҳуқуқни тадқиқ қилиш маркази томонидан ташкил этилган «Хусусий ҳуқуқ ва фуқаролик қонунчилигининг долзарб муаммолари» мавзусидаги малака ошириш курсларини тамомлади.

Курс дастури доирасида фуқаролик қонунчилигидаги асосий янгиликлар ва хусусий ҳуқуқни ўқитиш усуллари, хусусан, жисмоний шахснинг фуқаролик-ҳуқуқий мақоми ва номоддий неъматларни ҳимоя қилиш муаммолари; оила ва мерос ҳуқуқини ислоҳ қилиш; корпоратив ҳуқуқни тартибга солишнинг замонавий тенденциялари ва юридик шахс раҳбарининг жавобгарлиги; шартнома ҳуқуқининг умумий қоидалари ва фуқаролик қонунчилигини ривожлантиришда олий суд инстанциялари тушунтиришларининг роли ўрганилди.

Алоҳида эътибор интеллектуал ҳуқуқлар, шартнома тузишгача бўлган жавобгарлик ва томонларнинг виждонан ҳаракат қилиш мажбурияти, бошқа шахс мулкини сотиш билан боғлиқ битимлар, фуқаролик ҳуқуқи институтларини суд жараёнида ривожлантириш, молиявий битимлар, рақамли технологиялар ва фуқаролик ҳуқуқининг янги объектларига қаратилди.

Шунингдек, пул мажбуриятлари, рақобатни чеклашни ҳуқуқий тартибга солиш, битимларни ҳақиқий эмас деб топиш, асоссиз бойиш, ашёвий ва корпоратив ҳуқуқ, халқаро тижорат арбитражи ҳамда халқаро хусусий ҳуқуқдаги коллизион тартибга солиш масалалари муҳокама қилинди.

Курсларда иштирок этиш замонавий рус ҳуқуқий доктринаси, суд амалиёти ва таълим методикаси билан танишиш, шунингдек, Ўзбекистонда хусусий ҳуқуқни ривожлантириш учун қиёсий-ҳуқуқий таҳлил имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилди.