Жорий йилнинг 25-26 март кунлари Тошкент шаҳрида ҚҲСИ сектори мудири, профессор Б. Исмаилов «Сув ресурсларини бошқаришда технологиялар ва инновациялар. Марказий Осиё ва глобал сув цикли» мавзусида ўтказилган Tashkent Water Week 2026 халқаро форумида иштирок этди. Ушбу форум Ўзбекистон Ҳукумати ташаббусига кўра, Сув хўжалиги вазирлиги, Iteca Exhibitions халқаро кўргазма компанияси, Прогрессив ислоҳотлар маркази ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти кўмагида ташкил этилди.

20 га яқин мамлакатдан 1200 дан ортиқ иштирокчилар қатнашган мазкур Форумда сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, ушбу соҳада барқарор стратегияларни шакллантириш ҳамда бизнес, давлат ва халқаро институтлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш масалалари ҳам кенг муҳокама этилди.

Сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологиялар, жумладан мониторинг тизимлари, катта маълумотлар ва сунъий интеллектдан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир сув ресурсларини бошқаришда интеллектуал тизимларни жорий этишнинг юқори салоҳиятини намоён қилди.

Марказий Осиё давлатларининг трансчегаравий сув ресурсларини бошқаришдаги ҳамкорлигини кучайтириш, маълумот алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Замонавий суғориш усулларини кенг жорий этиш, гидротехник иншоотларни автоматлаштириш ва сувни қайта фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Форум халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш, таълим дастурларини мустаҳкамлаш ва янги профессионал кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилди.

Умуман олганда, мазкур тадбир сув ресурсларини барқарор бошқариш, инновацион технологияларни жорий этиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган муҳим эксперт майдонларидан бирига айланди.