2023 йилнинг 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтида JICA бош қароргоҳи катта маслаҳатчиси жаноб Тсукахара Масанори бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув 2023 йил декабрь ойида Японияда бўлиб ўтадиган бир қатор тренингларни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилишга бағишланди.

Тренингдан кўзланган асосий мақсад Япониянинг фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги илғор тажрибаси билан яқиндан танишиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланишдир.

Тренинг давомида қуйидаги масалаларни ўрганиш режалаштирилган:

– хусусий мулкнинг фуқаровий-ҳуқуқий ҳимояси самарадорлигини ошириш;

– юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини модернизация қилиш;

– фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда оммавий-ҳуқуқий тузилмаларнинг иштирокини ҳуқуқий тартибга солиш;

– мажбуриятлар ҳуқуқининг айрим институтларини такомиллаштириш;

– фуқаролик ҳуқуқида рақамли технологиялардан фойдаланишни ҳуқуқий тартибга солиш.

Ташкилий масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича томонлар ушбу соҳадаги самарали ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигини такомиллаштиришга хизмат қилишини таъкидладилар.