Тадбиркор учун энг қимматли ресурс — вақт. Агар янги фаолиятни бошлаш учун у ҳафталаб рухсат кутишига тўғри келса, қонунда эълон қилинган эркинлик ҳали унинг реал ҳаётининг тўлақонли қисмига айланмаган бўлади. Аксинча, электрон хабарнома юборишнинг ўзи кифоя қилиб, тизим уни автоматик равишда қабул қилса ва дарҳол тасдиқнома тақдим этса, ҳуқуқий ислоҳотнинг самараси инсон ҳаётида бевосита ҳис этилади.
Қонуннинг ҳақиқий кучи айнан шунда намоён бўлади. У ҳужжатнинг ҳажми ёки юридик ифодаларнинг мураккаблиги билан эмас, балки инсон ҳаётида қандай аниқ ўзгариш юз бергани билан белгиланади. Агар фуқаро қўшимча қарорларни кутмасдан ўз ҳуқуқидан фойдалана олса, тадбиркор ортиқча рухсатнома ва маълумотномаларсиз иш бошласа, давлат органлари эса бир хил нормани бир хил тарзда қўлласа — демак, қонун амалда ишлаяпти.
Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеясида таъкидлаганидек, дунёда ҳеч бир давлат ва жамият фақат кўплаб қонунлар ёки қарорлар қабул қилиш ҳисобига тараққий эта олмайди. Бу фикр замонавий қонун ижодкорлигининг энг муҳим мезонини аниқ ифодалайди: ҳуқуқий тараққиёт қабул қилинган ҳужжатлар сони билан эмас, балки уларнинг ижтимоий ва иқтисодий натижалари билан баҳоланиши лозим.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди. Янги босқичда эса асосий эътибор тўпланган ҳуқуқий салоҳиятни фуқаролар ва бизнес учун янада содда, аниқ ва қулай механизмларга айлантиришга қаратилмоқда. Бежизга Президентнинг 2026 йил 16 февралдаги ПФ–21-сон Фармони билан янгиланган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунлар улушини камида 60 фоизга етказиш ҳамда қонунчиликни мақбуллаштириш орқали тартибга солиш юкини камида 30 фоизга қисқартириш вазифалари белгиланмаган.
Бу мақсадлар ортида содда, аммо принципиал аҳамиятга эга мантиқ мужассам: қонун инсонга ўзига тегишли ҳуқуқдан қандай фойдаланиш мумкинлигини аниқ кўрсатиб бериши керак. Агар асосий ҳуқуқ ёки давлат органининг ваколати фақат умумий тарзда белгилаб қўйилиб, унинг мазмуни кейинчалик кўплаб қарорлар ва идоравий йўриқномалар орқали очиб берилса, қонун билан инсон ўртасида муайян масофа пайдо бўлади. Фуқаро бир ҳужжатдан иккинчисига мурожаат қилишга, тадбиркор эса турли идораларнинг қўшимча тушунтиришларини кутишга мажбур бўлади.
Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун ана шу масофани қисқартиради. Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат органининг ваколатлари, хизмат кўрсатиш муддатлари, рад этиш асослари ҳамда ҳуқуқий кафолатлар бевосита қонуннинг ўзида мустаҳкамланади. Техник масалалар қонуности ҳужжатларида аниқлаштирилиши мумкин, бироқ ҳуқуқнинг мазмуни кейинги идоравий қарорга боғлиқ бўлиб қолмаслиги лозим.
Юридик фанлар доктори, профессор М.Х. Рахманкуловнинг илмий асарларида ҳам ҳуқуқий тартибга солиш алоҳида нормалар йиғиндиси сифатида эмас, балки жамият эҳтиёжларига хизмат қилувчи яхлит ва мақсадга йўналтирилган тизим сифатида қаралади. Ушбу ёндашувдан муҳим бир хулоса келиб чиқади: ҳуқуқий қарорнинг сифати фақат унинг назарий жиҳатдан пухталиги билан эмас, балки у шакллантирадиган ҳуқуқий ҳаёт сифати билан ҳам белгиланади.
Бундай ёндашув миллий ҳуқуқий сиёсатда тасодифан пайдо бўлган эмас. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги ПФ–5505-сон «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони билан тасдиқланган Концепцияда давлатнинг тартибга солувчи аралашуви асосланган бўлиши лозимлиги талаби мустаҳкамланган.
Концепцияга кўра, янги ҳуқуқий тартибга солишга эҳтиёж муайян муаммони маъмурий тартиб-таомиллар, бошқарув қарори ёки суд механизми орқали ҳал этиб бўлмаган тақдирдагина юзага келиши лозим. Бунда тегишли қарор фуқаролар мурожаатлари, жамоатчилик фикри, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда қонунчиликдаги бўшлиқларни таҳлил қилишга асосланиши керак. Ҳужжатда, шунингдек, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилишнинг самарали механизмларини жорий этиш, янги нормаларнинг фуқаролар ва тадбиркорлар учун фойда ва харажатларини баҳолаш назарда тутилган.
Бундай ёндашувнинг амалий ифодасини лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини ислоҳ қилиш мисолида кўриш мумкин. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 июлдаги ЎРҚ–701-сон «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуни ушбу жараёнларни ягона ҳуқуқий тизимга бирлаштирди. Унда «ягона дарча» тамойили, идоралараро электрон ҳамкорлик ҳамда тартиб-таомилларни «Лицензия» ахборот тизими орқали амалга ошириш механизмлари мустаҳкамланди.
2026 йил 29 июндан кучга кирган Қонуннинг амалдаги таҳририга мувофиқ, лицензия талаб этиладиган 64 та фаолият тури, рухсат этиш хусусиятига эга 127 турдаги ҳужжат ҳамда хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган 37 та фаолият тури назарда тутилган.
Бу рақамлар тартибга солишда барча соҳалар учун бир хил қолипдан эмас, балки муайян фаолиятнинг хавф даражасига мос ҳуқуқий воситадан фойдаланилаётганини кўрсатади. Юқори хавф билан боғлиқ соҳаларда лицензия ва рухсатномалар сақланиб қолади. Бошқа ҳолатларда эса тадбиркор иш бошлаш учун давлатнинг олдиндан розилигини кутиб ўтирмасдан, уни хабардор қилиш билан чекланади.
Хабардор қилиш механизмининг амалий аҳамияти, энг аввало, унинг тезкорлигида намоён бўлади. Белгиланган талабларга риоя қилган ҳолда юборилган электрон хабарнома махсус тизим томонидан автоматик қабул қилинади ва шундан сўнг тадбиркорга дарҳол тасдиқнома юборилади.
Бунда давлат назорати бекор қилинмайди. Фақат унинг мантиғи ўзгаради: олдиндан рухсат олишни кутиш ўрнига асосий эътибор фаолият жараёнида белгиланган талабларга риоя этилишига қаратилади. Тадбиркор эса вақтини қарор кутишга эмас, балки ишни ташкил этиш, хизмат кўрсатиш ва янги иқтисодий қиймат яратишга сарфлайди.
Шу билан бирга, қонуннинг кучи фақат унда назарда тутилган тартиб-таомилларнинг соддалигида эмас, балки давлатнинг қабул қилинаётган қарорлар оқибатини олдиндан баҳолай олишида ҳам намоён бўлади. 2025 йил якунларига кўра, тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳисоботлари билан киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг улуши 99 фоизга етган. Бир йилнинг ўзида Адлия вазирлигига 2 385 та ана шундай ҳисобот киритилган бўлиб, бу аввалги йилга нисбатан қарийб беш баравар кўпдир. Бу «ақлли тартибга солиш» модели норма ижодкорлиги жараёнининг ажралмас қисмига айланиб бораётганини кўрсатади.
Бироқ мазкур тизимнинг аҳамияти тайёрланган ҳисоботлар сонида эмас, балки эришилган аниқ натижададир. 2021–2025 йилларда тартибга солиш таъсирини баҳолаш натижасида қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларидан жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан тадбиркорлар учун қарийб 10 триллион сўм миқдорида харажатларга сабаб бўлиши мумкин бўлган асоссиз талаблар, қўшимча мажбуриятлар, тақиқлар ва чекловларни назарда тутувчи нормалар чиқариб ташланган.
Бошқача айтганда, баҳолаш механизми ҳужжат қабул қилинганидан кейин унинг салбий оқибатларини бартараф этиш эмас, балки эҳтимолий хавфларни лойиҳани тайёрлаш босқичидаёқ аниқлаш имконини беради. Ҳар бир янги талаб аҳоли ва бизнес учун қанча харажат келтириб чиқариши, қандай фойда бериши, муаммони ҳал этишнинг камроқ юклама юзага келтирадиган муқобил усуллари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳамда давлат аралашуви ҳақиқатан зарурлиги нуқтаи назаридан таҳлил қилинади.
Бироқ дастлабки баҳолашнинг ўзи етарли эмас. Қонун қанчалик самарали эканини аниқлаш учун унинг кучга кирганидан кейин амалда қандай ишлаётганини ҳам ўрганиш зарур.
Қонунчиликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини мониторинг қилиш жараёнида олинган маълумотларни уларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолашда ҳисобга олиш назарда тутилган. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини мониторинг қилиш қамровини 100 фоизга етказиш ҳамда лойиҳаларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳажмини камида икки баравар ошириш вазифалари белгиланган.
Амалдаги қонунларни таҳлил қилиш натижалари ҳам бундай ёндашув зарурлигини яққол тасдиқлайди. 2025 йилда турли соҳалардаги 61 та қонунчилик ҳужжатининг фуқаролар ва тадбиркорларга таъсири ўрганилган. Баҳолаш якунлари бўйича 12 та қонунчилик ҳужжатини такомиллаштириш юзасидан 20 дан ортиқ таклиф ишлаб чиқилган. Демак, қонуннинг қабул қилиниши жараённинг якуни эмас, балки унинг реал ҳаётда қандай ишлаётганини кузатишнинг бошланишидир.
«Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунни қўллаш амалиётини ўрганиш натижалари бу борада айниқса аҳамиятлидир. Сўровга кўра, мулкдорларнинг 65 фоизи бошқарув ташкилотлари хизматларидан қониқиш билдирган. Шу билан бирга, респондентларнинг 40 фоизи бошқарув ташкилотини танлашда иштирок этмаганини, 64 фоиз ҳолатда эса мажбурий бадаллар ва тўловлар миқдори мулкдорлар билан келишилмаганини маълум қилган.
Бу маълумотлар ҳуқуқий тартибга солишнинг умумий йўналиши тўғри танланганини тасдиқлаш билан бирга, уни амалга оширишнинг қайси механизмлари янада такомиллаштирилиши зарурлигини ҳам кўрсатади. Хусусан, бошқарув очиқлигини ошириш ва мулкдорларнинг улар манфаатларига бевосита дахл қилувчи қарорларни қабул қилишда реал иштирокини таъминлаш ҳақида сўз бормоқда.
Шу сабабли муҳим қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишнинг ўзидаёқ келгусида уларнинг натижадорлиги қайси мезонлар асосида баҳоланишини белгилаш мақсадга мувофиқ. Масалан, «тадбиркорлик учун шароитлар яхшиланади» деган умумий ифода ўрнига фаолиятни бошлаш муддати қанча қисқариши, нечта ортиқча талаб бекор қилиниши, фуқаролар ва бизнес қанча маблағни тежаб қолиши мумкинлиги каби аниқ кўрсаткичларни белгилаш лозим.
Шунда қонун самарадорлиги умумий баёнотлар асосида эмас, балки реал ўзгаришлар орқали баҳоланади. Ҳужжат кучга киргач, эришилган натижаларни дастлаб белгиланган мақсадлар билан таққослаш имкони пайдо бўлади. Жамият эса давлат органи айнан қандай натижага эришишни мақсад қилгани ва бу мақсад қай даражада изчил амалга оширилганини кўра олади.
Қонунни амалиёт натижалари асосида такомиллаштириш унинг заифлигидан далолат бермайди. Аксинча, бу ҳуқуқий тизимнинг жамият овозини эшитиш, янги шароитларни ҳисобга олиш ва ўзгариб бораётган эҳтиёжларга ўз вақтида жавоб бериш қобилиятини намоён этади. Ҳаёт бир жойда тўхтаб қолмайди, демак, уни тартибга солувчи нормаларнинг ҳам ривожланиб бориши табиий.
Шундай қилиб, қонуннинг кучи ўзаро боғлиқ икки босқичда намоён бўлади. Биринчидан, у инсон ва тадбиркор учун аниқ, тушунарли ҳамда тўғридан-тўғри амал қилувчи бўлиши керак. Иккинчидан, унинг самарадорлиги рақамлар, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва одамларнинг реал ҳаётий тажрибаси билан тасдиқланиши лозим. Биринчи босқич ҳуқуқ билан инсон ўртасидаги масофани қисқартирса, иккинчиси мазкур ҳуқуқ амалда қай даражада тўлиқ рўёбга чиққанини кўрсатади.
Кучли ҳуқуқий давлатда қонун қоғозда мукаммал ифодаланган матн бўлиб қолмайди. У тадбиркорнинг тежалган вақтида, фуқаро учун бартараф этилган бюрократик юкда, тезлаштирилган давлат хизматида ва инсоннинг ўз ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинаётганига бўлган ишончида намоён бўлади.
Қонунга ҳақиқий баҳо у қабул қилинган кунда эмас, балки инсон унинг ижобий натижасини ўз ҳаётида ҳис этган пайтда берилади.
Фарангиз ЭШТУРДИЕВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти етакчи илмий ходими
Мунира ТУРОБОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти докторанти
