Аннотация. Мақолада креатив саноатнинг мазмун-моҳияти ва унинг мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришдаги ўрни, ЮНКТАДнинг тавсиясига кўра ушбу соҳага кирувчи йўналишлар, креатив саноатни ҳуқуқий тартибга солиш зарурати баён этилган ҳамда соҳада мавжуд ташкилий-ҳуқуқий муаммолар таҳлил қилинган. Шунингдек, мақолада ушбу соҳани қўллабқувватлаш ва ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тавсиялари ва айрим хорижий давлатларнинг тажрибаси келтирилган ҳамда мазкур тармоқнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган. Калит сўзлар: креатив саноат, креатив маҳсулот, креатив ғоя, интеллектуал капитал, ҳуқуқий муаммолар, соҳани ҳуқуқий тартибга солиш, маданият ва санъат соҳаси, креатив соҳада давлат сиёсати, ЮНКТАД, БМТ.

Калит сўзлар: креатив саноат, креатив маҳсулот, креатив ғоя, интеллектуал капитал, ҳуқуқий муаммолар, соҳани ҳуқуқий тартибга солиш, маданият ва санъат соҳаси, креатив соҳада давлат сиёсати, ЮНКТАД, БМТ.

Креатив саноат жаҳон иқтисодиётида жадал ривожланаётган глобал тармоқлардан бири ҳисобланиб, бугунги кунда ушбу йўналиш жаҳон иқтисодий ўсишнинг муҳим омили сифатида эътироф этилмоқда. ЮНЕСКОнинг таҳлилий маълумотларига кўра, маданий ва креатив соҳадаги маҳсулотларнинг дунё ЯИМдаги ўрни 3,1%ни ташкил этади ҳамда жаҳонда иш билан банд аҳолининг 6,2% ушбу соҳага тўғри келади [1]. “Креатив саноат”ни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш масаласини кўриб чиқишдан олдин ушбу атаманинг мазмун ва моҳиятини тушунтириб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Креативлик лотинча Creativus – яратиш, ижод қилиш ва бунёд этиш сўзларидан олинган бўлиб, атама сифатида ХХ асрнинг ўрталарида психология фанига кириб келган. Креативлик тушунчасининг асосий мазмуни – бу инсон ижоди, ғоялари, интеллектуал мулки, билими ва технологияларнинг ўзаро уйғунлигини англатади. Бунда шахс маълум қолип ва стандартлардан четга чиқиб, ноодатий ёндашувлар асосида муайян бир маҳсулот (товар) яратишга интилади. UNCTAD (БМТнинг савдо ва ривожланиш конференцияси) қоидаларига кўра, ижодкорлик ва интеллектуал капиталдан асосий ресурс сифатида фойдаланган ҳолда товарлар ва хизматларни яратиш, ишлаб чиқариш ва уларни тарқатишга мўлжалланган йўналишлар креатив соҳалар сифатида белгиланган [2]. Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори О.Дўсмуҳамедов фикрига кўра, креатив иқтисодиёт – бу барча тармоқларда ғоядан пул топишга асосланган фаолият бўлиб, унинг асосий йўналиши креатив саноат соҳаси ҳисобланади [3]. Креатив саноатнинг асосий мақсади “креатив маҳсулотлар”ни яратиш ва сотишга қаратилади. Креатив иқтисодиёт тушунчаси биринчи марта 2000 йилда Америкадаги “Business Week” номли журналда Джон Хокинс томонидан фойдаланилган. Ўшанда муаллиф креатив ғояларнинг (яратувчанликнинг) иқтисодий тараққиёт давридаги ўрни ва аҳамияти ҳақида гапириб, ушбу соҳага 15 креатив йўналишни киритган ва уларнинг интеллектуал мулк билан бевосита боғлиқ эканлиги ҳамда креатив соҳани бошқариш принциплари ҳақида фикр билдирган. Бугунги кунга келиб, креатив саноат жахон иқтисодиётининг жадал ривожланаётган тармоқларидан бирига айланиб улгурди ва ушбу йўналишга интеллектуал фаолият асосида яратилган товар ва хизматларни сотишга асосланган иқтисодиётнинг махсус тармоғи сифатида қаралмоқда. Россиялик олим Е.В.Зеленцова томонидан креатив саноат тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: “Креатив саноат мураккаб, кенг қамровли мавзу бўлиб, унда санъат иқтисодиёт, шаҳарларни ривожлантириш ва бандлик масалалари билан ўзаро боғланади. Шунингдек, ижодий (креатив) саноат тушунчаси тўғридан-тўғри минтақавий ва миллий хусусиятлар билан боғлиқ бўлиб, турли мамлакатларда ушбу тушунчага насбатан турлича таърифлар шаклланган” [4]. БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича махсус ташкилоти ҳисобланмиш ЮНЕСКОнинг ёндашувига кўра, ижодий (креатив) индустриялар бу ижодий аҳамиятга эга бўлган буюмларни яратиш, ишлаб чиқариш ва тижоратлаштиришни бирлаштиради. Интеллектуал фаолият натижалари шаклида ифодаланган ва интеллектуал ҳуқуқ билан ҳимояланган ушбу ижодий буюмлар маҳсулот ёки хизмат кўринишида бўлиши мумкин. Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, бугунги кунда халқаро майдонда креатив саноат тушунчаси нимани англатиши бўйича ягона ёндашув шаклланмаган. Креатив саноат мантиқан 2 та фаолият (маданият ва тижорат фаолияти)нинг ўзаро уйғунлашуви натижасида юзага келади. Креатив саноатнинг ўзаги – ўзига хос ғоялар ва ноёб фикрлаш қобилиятига эга контент яратувчилардир. Креатив саноатнинг ўзига хос жиҳати интеллектуал мулк объектлари билан бевосита ишлаш ҳисобланади. UNCTAD томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича қуйидаги йўналишлар креатив соҳа сифатида белгиланган:

 – бадиий ижод (тасвирий санъат, хайкалтарошлик, рассомчилик, антиқа буюмлар);

 – дизайн (интерьер, график дизайни, мода, заргарлик буюмлари, ўйинчоқлар);

 – нашриёт фаолияти (китоблар, газеталар, матбуот ва бошқа нашрлар);

– ижро санъати (жонли мусиқа, театр, цирк, қўғирчоқ театри);

 – янги медиа (дастурий таъминот, видео ўйинлар, анимациялар);

 – аудиовизуал ижодкорлик (фильмлар, ТВ ва радио эшиттиришлар);

– креатив хизматлар (архитектура, реклама, рақамли хизматлар);

– маданий объектлар (музейлар, галереялар, кутубхоналар);

 – маданий фаолиятнинг ананавий турлари (ҳунармандчилик, амалий санъат, байрамлар ва фестиваллар учун мўлжалланган товарлар).

Ушбу соҳада товарлар ва маҳсулотларни ишлаб чиқаришда ва реализация қилишда креатив фикрлаш, замонавий технология ва инновациялар муҳим роль ўйнайди. Қайд этиш жоизки, давлатимиз Раҳбари 2023 йил 20 январь куни ёшларни мактабларда тил ва касбга ўргатиш масалаларига бағишланган йиғилишда сўзлаган нутқида, ўқувчиларни ахборот технологиялари ва “креатив индустрия” бўйича замонавий касбларга ўргатиш муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтганди. Соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда креатив саноат соҳаси (ИТ-дастурлар яратиш, реклама, кино санъати, архитектура, дизайн, маркетинг, ҳунармандчилик, рассомлик ва ҳ.к.) йилдан-йилга ривожланиб бормоқда ҳамда соҳа вакилларининг иқтисодиётда тутган ўрни ҳам ортиб бормоқда. Шу билан бирга, қайд этиш жоизки, соҳада айрим муаммолар сақланиб қолмоқда, бу эса ўз навбатида ушбу тармоқнинг янада ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Биринчидан, соҳани комплекс тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас, шунингдек, амалдаги миллий қонунчиликда “креатив саноат” тушунчасига ҳуқуқий таъриф берилмаган ва унга қайси йўналишлар кириши аниқ белгиланмаган. Бу эса, ўз навбатида мазкур соҳа бўйича давлат сиёсатини белгилашни қийинлаштиради. Иккинчидан, креатив саноат соҳасининг айрим вакиллари (рассомлар ва ҳайкалтарошлар) томонидан яратилган маҳсулотларни сотиш учун маҳсус сотув майдонлари (арт-бозорлар, аукцион уйлар) мавжуд эмас ва ушбу жараён ҳуқуқий жиҳатдан етарлича тартибга солинмаган. Ушбу ҳолат эса, доимий иш ҳакига эга бўлмаган рассомлар ва ҳайкалтарошларнинг молиявий аҳволига салбий таъсир кўрсатмоқда ҳамда улар томонидан яратилган асарларнинг узоқ вақт давомида сотилмасдан туриб қолишига сабаб бўлмоқда. Қайд этиш жоизки, Адлия вазирлигида 26.05.1995 йилда 145-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Республика кўчмас мулк биржасида ўтказиладиган кимошди савдоларида бойликларни реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги Вақтинчалик низом мавжуд бўлиб, ушбу ҳужжатга асосан, ким ошди савдосида қуйидаги товарлар сотилиши мумкин бўлган: қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан тайёрланган буюмлар; коллекция қийматига эга бўлган қимматбаҳо тошлар; коллекцион, тарихий қийматга эга нумизматик материал (қадим замонлардан ҳозирги кунгача тангалар, шу жумладан замонавий юбилей ва эсдалик тангалари); алоҳида бадиий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган китоблар; санъат асарлари; рангли тасвирлар (расмлар), графика, ҳайкалтарошлик, муаллифлик заргарлик буюмлари ва бошқалар; халқ ижодиёти воситалари (шу жумладан, ҳунармандчилик буюмлари) [6]. Ушбу ҳужжат 2007 йилда ўз кучини йўқотган бўлиб, бугунги кунда унинг ўрнига бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган. Учинчидан, креатив саноат соҳаси бўйича (шу жумладан, креатив маҳсулотларнинг мамлакат ЯИМда тутган ўрни бўйича) ваколатли давлат органида статистик ҳисобот юритилмайди, бу эса ўз навбатида соҳанинг ривожланишини таҳлил қилиш ва унинг келажакдаги истиқболини белгилаш имконини чеклайди. Тўртинчидан, республиканинг айрим ҳудудлари (вилоятлари)да рассомлар галереясининг мавжуд эмаслиги мазкур соҳада яратилган асарларни реализация қилиш имкониятини чекламоқда. Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан берилган маълумотга кўра, ҳозирги кунда республиканинг Бухоро, Жиззах ва Тошкент вилоятларида рассомлар галереялари мавжуд эмас. Бухоро бой маданий ўтмишга эга бўлган тарихий шаҳар бўлиб, дунёнинг турли давлатларидан кўплаб туристлар келади. Шаҳарда ижодкорлик маҳсулотларини сотишда катта имконият ва салоҳият мавжуд, бироқ рассомлар асарлари учун галерея йўқ. Бешинчидан, музейлар билан креатив соҳа вакиллари ўртасида ўзаро ҳамкорлик яхши йўлга қўйилмаган. Бунинг натижасида, музейлар фонди томонидан ижодкорларнинг санъат асарлари (рассомлар, ҳакалтарошлар ва ҳунармандлар) етарли даражада сотиб олинмаётганлигига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг маълум қилишича, 2000–2017-йилларда давлат музейлари томонидан ижодий фаолият натижасида яратилган асарлар сотиб олинмаган. Фақат 2018–2019-йилларда давлат буджетидан ажратилган 2 млрд. сўмга музейлар фондини бойитиш мақсадида ижодкорларнинг санъат асарлари харид қилинган. Бироқ 2020–2023-йилларда ушбу жараён яна тўхтаб қолган. Олтинчидан, креатив соҳа вакиллари ўз маҳсулотларини реализация қилишда (сотишда) етарлича билим в кўникмаларга эга эмас. Соҳа вакиллари асосий вақтини ижодий фаолиятга (яратувчанликка) йўналтириб, кўплаб асарлар яратади, бироқ уларни сотишда етарлича тажриба ва кўникламаларга эга бўлмаганлиги сабабли маҳсулотлар узоқ вақт мобайнида реализация бўлмасдан, туриб қолмоқда. Замонавий ижодкор нафақат ижод билан шуғулланишни ва маҳсулот яратишни, балки яратган асарларини қандай реализация қилишни ҳам билиши лозим. Шундай экан, уларни молиявий саводхонлик, маркетинг ва замонавий санъат каби йўналишларда ўқитиш ва малакасини ошириб бориш муҳим аҳамият касб этади. Креатив соҳалар меҳнат бозорини ривожлантиришга хизмат қилади. Уларнинг ўзига хос жиҳати бандликнинг янги, мослашувчан шаклларини ривожлантиришдир. Бу эса ўз навбатида, аҳолининг, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини, жумладан, ёшлар ва болали аёлларни, баъзан пенсия ёшидаги инсонларни ҳам жалб этиб, мамлакатда бандлик даражасини оширишга катта ҳисса қўшади [7]. БМТ Бош ассамблеяси креатив саноатнинг дунё давлатлари иқтисодиётида тутаётган ўрнини ҳамда уни янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш заруратини инобатга олган ҳолда 2021 йилни «Халқаро креатив иқтисодиёт йили» деб эълон қилган ва бу ҳақида тегишли резолюция қабул қилган. Мазкур резолюциянинг 2-бандида инсонларнинг ижодий яратувчанлик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, бунинг учун барча даражада зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда креатив иқтисодиёт соҳасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш халқаро ҳамжамият олдида турган муҳим вазифалардан бири эканлиги кўрсатилган, шунингдек мазкур халқаро ташкилотга аъзо давлатларга ушбу соҳани тартибга солувчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш тавсия этилган [8]. Ўз навбатида, соҳада мавжуд муаммоларни ҳал этиш, креатив саноатнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда ушбу соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада кучайтириш ушбу йўналишни мамлакат иқтисодий ривожланишининг асосий тармоқларидан бирига айланишига, юртимизда кичик ва ўрта бизнеснинг ривожланишига ҳамда янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда креатив соҳа вакиллари самарали фаолият кўрсатмоқда ва уларнинг фаолияти турли даражадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Хусусан, Фуқаролик кодекси (IV-боб: интеллектуал мулк), “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисидаги”, “Музейлар тўғрисида”ги, “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги, “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлари шулар жумласидандир. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 26 августдаги ПҚ-3920-сонли ва “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш тўғрисида”ги 2018 йил 28 ноябрдаги ПҚ-4038-сонли қарорлари ҳамда “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6000-сонли фармони ҳам маданият ва ижодий яратувчанлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардир. Умуман олганда, креатив саноат йўналишлари у ёки бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда маълум даражада ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинган, бироқ улар тарқоқ ҳолда. Шу билан бирга, соҳада ўтказилган ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда ушбу соҳани комплекс тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас, шунингдек амалдаги миллий қонунчиликда “креатив саноат” тушунчасига ҳуқуқий таъриф берилмаган ва ушбу соҳага қайси йўналишлар кириши номаълумлигича қолмоқда. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонга қўшни давлатларда ҳамда бошқа хорижий мамлакатларда охирги йилларда мазкур соҳани ривожлантиришга ва ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган махсус қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинган. Хусусан, Индонезияда “Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги қонун (2019 йил), Филиппинда “Ижодий индустрияларни ривожлантириш тўғрисида” қонун (2022 йил), Колумбияда “Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги қонун (2017-йил), Бирлашган Араб Амирликларида “2021-2031 – йилларда маданий ва ижодий индустрияларни ривожлантириш” Миллий стратегияси (2021 йил), Жанубий Кореяда “Маданий индустрияларни ривожлантириш тўғрисида”ги қонун (2010 йил), Қозоғистонда “2021-2025 йилларда креатив саноатни ривожлантириш” концепцияси (2021-йил) ва Қирғизистонда “Креатив индустриялар парки тўғрисида”ги қонун (2022 йил) шулар жумласидандир. Юқорида кўрсатиб ўтилган мамлакатларда қонунчилик ҳужжатларини қабул қилишдан кўзланган мақсад, энг аввало, бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий соҳада муҳим аҳамият касб этаётган креатив иқтисодиётнинг ҳуқуқий асосини яратиш, шунингдек ушбу соҳа вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш ҳамда мазкур йўналиш вакилларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмини яратиш ва пировард натижада миллий маданият ва санъатни ривожлантиришга қаратилган. Давлатимиз Раҳбари 2023 йил 22 декабрь куни ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кегашининг кенгайтирилган йиғилишида сўзлаган нутқида креатив иқтисодиётнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида тўхталиб, 2024 йили Тошкентда креатив иқтисодиётга бағишланган халқаро конференция ўтказилишини ҳамда креатив иқдисодиётни ривожлантириш бўйича алоҳида қонун қабул қилиш ҳам кун тартибидаги долзарб масалалардан бири эканлигини таъкидлаб ўтди [9]. Ўз навбатида, ушбу соҳада тегишли қонунчилик ҳужжатининг қабул қилиниши креатив саноатнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаш, унга кирувчи йўналишлар доирасини белгилаш, ушбу соҳада давлат сиёсати олиб борилишини таъминлаш, мазкур соҳа бўйича ваколатли давлат органини ва унинг ваколатларини белгилаш имконини беради. Шу билан бирга, креатив саноатнинг ҳуқуқий асосларини яратиш ҳамда соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмини такомиллаштириш ушбу йўналишни мамлакат иқтисодий ривожланишининг асосий тармоқларидан бирига айланишига, юртимизда кичик ва ўрта бизнеснинг ривожланишига ҳамда янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади. Бундан ташқари, мазкур соҳада тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг ишлаб чиқилиши 2024 йилнинг куз фаслида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган креатив иқтисодиёт бўйича IV Бутунжахон анжуманининг нуфузи ва аҳамиятини ҳам оширади. Россиялик ва қозоғистонлик олимлар ҳам ўзларининг илмий ишларида креатив саноат иқтисодиётнинг ривожланаётган йўналишларидан бири эканлигини ва яқин келажакда мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашган ва унинг ҳуқуқий асосларини кучайтиришни ҳамда давлат томонидан соҳани қўллабқувватланиши лозимлиги ғоясини илгари сурган. Хусусан, россиялик мутахассис А.Е.Глумова РФда креатив саноат соҳасининг барқарор ўсишини таъминлаш учун давлат томонидан ушбу соҳани тартибга солиш механизмларини, шу жумладан мулкий ва молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда зарур инфратузилма тизимини яратиш зарурлигини билдирган [10]. Қайд этиш жоизки, юқорида номлари келтирилган иккала давлатда ҳам яқин ўтган даврда (2021 ва 2022 йилларда) соҳанинг ҳуқуқий асосларини кучайтириш бўйича тегишли ишлар амалга оширилган, хусусан ҳукуматнинг махсус қарорлари қабул қилиниб, креатив саноат тушунчасига ҳуқуқий таъриф берилган ҳамда ушбу соҳага қайси йўналишлар кириши белгиланган, шунингдек, мазкур соҳани ривожлантиришда давлатнинг асосий вазифа ва функциялари белгилаб олинган. Креатив саноат соҳасида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишда ушбу соҳадаги муносабатларни у ёки бу тарзда тартибга солишга қаратилган амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини инобатга олиш, илғор хорижий давлатларнинг мазкур соҳани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш борасидаги тажрибасини чуқур ўрганиш, шунингдек ушбу соҳадаги ҳуқуқий муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда мавжуд муаммоларни қандай механизмлар орқали ҳал этиш мумкинлиги борасидаги масалаларни атрофлича ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда креатив саноат соҳасига кирадиган йўналишлар доирасини аниқлаш, соҳани ривожлантиришдан кўзганлан мақсад ва вазифаларни белгилаш, ушбу соҳада давлат сиёсати олиб борилишини таъминлаш, соҳа вакилларини молиявий кўллаб-қувватлаш механизмларини назарда тутиш, шунингдек креатив саноат субъектлари томонидан яратилган маҳсулотларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ҳамда ушбу соҳадаги давлат ва нодавлат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Шу билан бирга, ушбу норматив ҳужжатда соҳа вакиллари учун зарур инфраструктура (креатив парклар, креатив кластерлар ва креатив марказлар) тизимини яратиш, соҳани ривожлантиришда кичик ва ўрта бизнесни кўллаб-қувватлаш, соҳа вакилларини ўқитиш ва уларни зарур ахборот билан таъминлаш билан боғлиқ ижтимоий муносабатларга ҳам эътибор қаратиш лозим. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, креатив саноат тармоғини ривожлантириш ва ушбу соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши қуйидаги ижобий натижаларга олиб келиши мумкин:

– ушбу соҳанинг ҳуқуқий асослари яратилиши;

– соҳа вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг янада кучайиши;

– янги иш ўринлари яратилиши;

– кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш;

– соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий механизмлари яратилиши;

– соҳада давлат сиёсатини олиб борувчи ваколатли давлат органининг белгиланиши;

– халқаро ташкилотларнинг ушбу соҳадаги тавсияларини амалга оширилишини таъминлаш;

– креатив маҳсулотлар ва хизматлар ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши;

– креатив соҳадаги маҳсулотлар ва хизматлар экспортининг ортиши;

 – креатив фикрловчи шахслар қатламининг ортиши;

– оғир аҳволга тушган шаҳар ҳудудларини жонлантиришга кўмаклашиш ва ҳ.к

Жумаев Каххор Хакимали угли

Ведущий научный сотрудник