Шу йил 20-24 апрелда Анқара шаҳрида ҚҲСИ бош илмий ходими Ш.Собиров ўзбек делегацияси таркибида Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистон ва Туркиядаги ваколатхоналари кўмагида ташкил этилган миграцияни бошқариш ва меҳнат мобиллигини тартибга солиш соҳасида турк тажрибасини ўрганиш бўйича ўқув-танишув ташрифида иштирок этди.
Ташриф давомида миграциянинг турли жиҳатлари билан шуғулланадиган Туркия муассасаларига ташриф буюриб, уларнинг миграцияни бошқариш ва меҳнат мобиллигини тартибга солиш, мигрантларни рўйхатга олиш ва миграция жараёнларини рақамлаштириш соҳасидаги фаолияти билан танишиш ташкил этилди.
Хусусан, Ўзбекистон делегацияси Миграция масалалари бошқармаси, Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлигининг Халқаро ишчи кучи бош бошқармаси, Туркия Бандлик агентлиги, Касбий малакалар бошқармаси, Туркия Қизил ярим ой ташкилоти ва бошқа тузилмалар фаолияти билан таништирилди.
Умуман олганда, ҚҲСИ вакилининг ўқув-танишув ташрифида иштирок этиши миграция сиёсатининг замонавий жиҳатларини чуқурроқ тушуниш ва ушбу йўналишдаги кейинги илмий-таҳлилий тадқиқотларнинг истиқболли йўналишларини белгилаш имконини берди.


