Ҳуқуқий давлат учун энг хавфли душман коррупциядир. Жаҳон банки статистик маълумотларига кўра коррупциядан давлатларга йилига 2,6 трлн. АҚШ долларидан ортиқ зарар етказилди.
Бу хаҳон ялпи ички маҳсулотининг деярли 5 фоизини ташкил қилади. Бинобарин, коррупцияга қарши курашиш давлат учун нафақат жиноятчиликка қарши кураш, балки иқтисодий зарарнинг олдини олиш масаласи ҳамдир. Шу жиҳатдан БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида коррупция ва порахўрликнинг барча кўринишини камайтириш чоралари назарда тутилгани ҳам бежиз эмас.
Ўзбекистон Республикасида ҳам коррупция мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси маълумотларига кўра 2024 йилда мансабдор шахслар томонидан томонидан содир этилган жиноятлардан кўрилган зарар 3,61 трлн. сўмга (тахминан 278,5 млн. АҚШ доллари) етиб, бу 2023 йилдагидан 2,3 баробар кўрдир.
Порахўрлик учун жавобгарликка тортилган шахслар сони ҳам бир ярим баравар ошган. Шу боис коррупцияга, айниқса, унинг янги кўринишларига қарши курашиш мамлакатимиз учун энг муҳим вазифадир.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг жорий йил март ойида бўлиб ўтган йиғилишида Президентимиз коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов эканини таъкидлади. Давлат раҳбари киберкоррупцияга қарши аёвсиз курашиш ташаббусини илгари сурди.
Хўш, киберкоррупция деганда нима тушунилади? Бу коррупцион жиноятларнинг янги шакли бўлиб, замонавий рақамли технологиялар ёрдамида амалга оширилади. Бунда пора сифатида, одатда, криптоактивлар намоён бўлади. Шу боис турли криптовалюталар, токенлар ёки виртуал майдондаги бошқа моддиятлар кўринишида пора олиш киберкоррупция сифатида баҳоланиши мумкин. Аҳамиятлиси, коррупциянинг одатий шаклларидан кўра бундай жиноятларни аниқлаш анча қийинроқ.
Кенг миқёсда рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш жараёнлари кечаётган сўнгги пайтларда коррупция ҳам янги шароитларга мослашмоқда. Эндиликда унинг блокчейн технологияларидан фойдаланишга асосланган турлари пайдо бўлди. Криптоактивлар ва бошқа виртуал товарлар пора предметига айланди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра пул ювиш ва коррупция соҳасида криптоактивларнинг ноқонуний айланиши 40 млрд. АҚШ долларидан ортди. Масалан, Хитойда ўтган йили криптоактивлар ёрдамида пул ювиш билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлар учун 3000 дан ортиқ шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.
Ўзбекистон Республикасида криптобозор фаол босқичга кирмоқда. Бугунги кунда мамлакатда 11 та криптодўкон, 5 та криптодепозитарий ва 2 та криптобиржа фаолият кўрсатмоқда. 2019-2024 йилларда криптоактивлар айланмаси соҳасида хизматлар кўрсатувчи провайдерлардан Давлат бюджетига 56,5 млрд. сўмдан ортиқ маблағ тушди.
“Token.uz” миллий блокчейн тармоғи ишга туширилганидан сўнг бир йилдан камроқ вақт ичида 412,8 минг транзакцияни амалга оширди, улардан олинган фойда 428,5 млн. сўмни ташкил этди. “UZINFOCOM”нинг блокчейн асосидаги “NFT”дан домен номларига бўлган ҳуқуқларни тасдиқлаш бўйича лойиҳаси ишга туширилгандан бери олинган даромад 29 млн. сўмдан ортиқ бўлди. Бу рақамлар киберкоррупцияга қарши курашда криптоактивлар муомаласи қонунийлигини таъминлаш жуда муҳимлигини кўрсатади.
Айни пайтда Ўзбекистонда амалга оширилаётган киберкоррупцияга қарши кураш бир неча йўналишларни ўз ичига олади.
Энг муҳими – бу жараённинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашдан иборат бўлиб, бугунги кунда коррупцияга қарши курашишга бағишланган 5 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13 та Фармон ва қарори қабул килинган. Бундан ташқари, криптоактивлар муомаласи соҳасида қонунчилик базаси шакллантирилди.
Бироқ киберкоррупцияга қарши курашнинг концепцияси ва асосий механизмлари алоҳида тартибга солинмаган. Шу боис киберкоррупция тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйиш, киберкоррупцияга қарши курашнинг асосий чора-тадбирларини, бу борада тегишли давлат органларининг ваколатларини белгилаш зарур. Айрим экспертларнинг фикрича, ваколатли органлар тоифасига Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) ҳам кўшилиши керак. Чунки ИЛМА криптоактивлар муомаласи ва электрон тижоратни, жумладан, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш қоидаларини тартибга солувчи ваколатли орган ҳисобланади.
Шу билан бир қаторда, қонунчиликда киберкоррупция учун жавобгарлик, жавобгарликка тортиш асослари ва мутаносиб жазо чоралари белгиланиши керак. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар бошланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан яқинда қабул қилинган “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”га қарорга мазкур масалага оид аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Хусусан, илк маротаба мамлакатимизда кибержиноятларга қарши курашиш йўналишида ваколатли орган сифатида Ички ишлар вазирлиги белгиланди, унинг зиммасига ягона амалиётини йўлга қўйиш, бу борада барча масъул давлат органлари ва муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда манзилли ҳамкорлигини ташкил этиш юклатилди.
Бундан ташқари, айнан киберкоррупцияда пора предметига айланишга улгурган криптоактивлар ва бошқа виртуал товарлар ноқонуний айланмасининг олдини олиш мақсадида қарорда банклар, тўлов тизими операторлари ҳамда тўлов ташкилотлари, шунингдек, бошқа муассасаларнинг ахборот хавфсизлик талабларига риоя этмаганлиги натижасида содир қилинган кибержиноят оқибатида келиб чиққан моддий зарарни улар ҳисобидан ундириш тартиби жорий этилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Марказий банк томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг транзакцияларини мониторинг қилиш орқали шубҳали ҳолатлари аниқлаш ҳамда улар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тезкор хабар бериш тизими йўлга қўйилмоқда.
Киберкоррупцияга қарши кураш соҳасидаги муҳим йўналишлардан яна бири криптоактивлар ноқонуний муомаласининг олдини олиш учун зарур техник чораларни амалга оширишга қаратилган.
Криптоактивлар муомаласи билан боғлиқ жиноятлар терговида бутун дунёда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари учун асосий муаммо бу – содир этилган ҳаракатлар латентлиги ва транзакцияларни кузатиб боришнинг қийинлиги. Статистик маълумотларга кўра 2024 йилда ўғирланган криптоактивлар ҳажми 2,2 млрд. АҚШ долларига етган. Шунинг учун криптоактивларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш учун зарур бўлган дастурий таъминотни яратиш ва улардан фойдаланиш жиддий аҳамият касб этади. Муваффақиятли мисоллардан бири сифатида “TRON”, “Tether” ва “TRM” платформалари томонидан яратилган “T3 Financial Crime Unit” (T3 FCU) ни кўрсатиш мумкин. Ушбу лойиҳа 2024 йил августда ишга туширилган сўнг бир неча ой ичида ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда 130 млн. доллардан ортиқ ноқонуний даромадлар музлатилди.
Ўзбекистонда амалга оширилган муваффақиятли ташаббуслардан яна бири блокчейн таҳлиллари ва тадқиқотларига доир “Heemera” компанияси лойиҳасидир. Криптоактивлар соҳасида фирибгарлик ва ўғрилик билан курашишга қаратилган ушбу лойиҳа фаолияти давомида 60 дан ортиқ аризалар кўриб чиқилган. Натижада “Heemera” 2,9 млрд. сўмлик активларни блокировка қилиб, қонуний эгаларига қайтарган.
Коррупцияга қарши курашда дахлдорлик туйғусини шакллантириш ва аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу борадаги ҳар қандай чора жамоатчиликнинг саъй-ҳаракатлари билан уйғун ҳолатда амалга оширилгандагина сезиларли самара беради. Шу боис фуқаролик жамияти институтларининг аҳоли, айниқса,ёшлар ўртасида “кибергигиена”ни шакллантиришда кенг иштирок этиши долзарб масала ғисобланади. Алохида шахслар коррупция ҳолатлари ҳақида ҳокимият органларига хабар бериш орқали коррупцияга қарши курашга ҳисса қўшиши мумкинлигини тушуниб етишлари зарур. Шу мақсадда давлат органлари ва аҳоли ўртасида самарали ўзаро алоқа механизмини яратиш лозим. Шунингдек, очиқлик ва ошкоралик муҳимлигини кўрсатиб ўтиш керак. Бунга мисол сифатида оммавий ахборот воситаларида киберкоррупция муаммоларини ёритиш, шунингдек, ҳалоллик ва коррупцияга мутлақ тоқатсизлик маданиятини шакллантиришга оид ўқув дастурлари ва хабардорликни ошириш бўйича кампанияларни келтириш мумкин.
Кўриниб турибдику, киберкоррупцияга қарши кураш чора-тадбирларини айнан тизимли ёндашув асосида амалга ошириш талаб этилади. Айни дамда давлат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар мутаносиб ва самарали бўлиши, шу билан бирга, жараёнга кенг жамоатчилик ҳам жалб қилиниши керак. Буларнинг барчаси коррупциянинг турли шакллари, жумладан, киберкоррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга ва унга қарши самарали курашишга имкор беради.
А.К.Расулев
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат
институти Илмий котиби
ю.ф.д., профессор