Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги ҳал қилувчи босқичида “инсон қадри учун” тамойили давлат сиёсатининг ўзагига, ортга қайтмас ислоҳотларнинг бош мезонига айланди. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда кечаётган туб демократик янгиланишлар ва конституциявий ислоҳотлар инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг мутлақо янги стандартларини тақозо этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган тарихий Мурожаатномаси давлат ва жамият ҳаётидаги энг муҳим сиёсий воқеа бўлиш билан бирга, бозор иқтисодиёти шароитида адолат ва қонун устуворлигини таъминлашнинг янги жиҳатларини очиб берди. Юртбошимиз бугунги давр руҳини шундай ифодалади: «Жонажон Ватанимиз бугун янгича сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий муносабатлар асосида яшаб, меҳнат қилаётган, мустақил фикрлайдиган, озод ва эркин инсонлар диёрига айланмоқда.

Ушбу сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг мантиқий давоми ва иқтисодий кафолати сифатида, глобал миқёсда ва мамлакатимизда ҳам истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бу бежиз эмас, зеро бозор муносабатлари чуқурлашиб, рақобат кучайиб бораётган ҳозирги шароитда ҳар бир истеъмолчининг манфаатларининг кафолатланганлиги иқтисодий ўсиш, ишлаб чиқариш самарадорлиги ва жамият фаровонлигининг муҳим омилига айланмоқда.

Халқаро тажриба шундан далолат берадики, истеъмолчи манфаатларини ҳимоя қилиш тизими қанчалик мукаммал ва самарали йўлга қўйилса, мамлакат иқтисодиётида шунчалик шаффофлик, соғлом рақобат ва ишончли бизнес муҳити шаклланади. Бу эса чет эл инвестицияларини жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва ишлаб чиқарувчиларни сифатни доимий равишда яхшилашга рағбатлантиради.

Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш нафақат ҳуқуқий асосларда, балки маркетинг, менеджмент, логистика ва сервис соҳаларининг ажралмас қисми сифатида амалга оширилади. Бу жараёнда маҳсулот ва хизматлар сифати устидан қатъий назорат, адолатли реклама, сотувдан кейинги хизмат, шаффоф нарх сиёсатини юритиш, тезкор мурожаатлар кўриб чиқилиши каби талаблар жамият маданияти ва бизнес этикасининг муҳим мезонлари ҳисобланади.

Хусусан, UNCTADнинг Истеъмолчилар ҳимояси бўйича йўриқномаси ишлаб чиқилган бўлиб, унинг 5-бандида қоидалар қуйидаги мақсадларни кўзлаши келтириб ўтилган: (а) истеъмолчиларнинг асосий товар ва хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш; (б) заиф ва ногиронлиги бўлган истеъмолчиларни ҳимоя қилиш; (c) истеъмолчиларни уларнинг соғлиғи ва хавфсизлигига зарар келтирувчи хавфлардан ҳимоя қилиш; (д) истеъмолчиларнинг иқтисодий манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш; (е) истеъмолчиларга шахсий эҳтиёж ва хоҳишларига кўра танлов қилиш имкониятини бериш учун уларни етарли маълумотларга эга бўлишларини таъминлаш; (ф) истеъмолчиларни ўқитиш, шу жумладан атроф-муҳит, истеъмолчи танловининг ижтимоий ва иқтисодий оқибатлари ҳақида таълим бериш; (г) истеъмолчиларни самарали низоларни ҳал қилиш ва ҳуқуқларни тиклаш имконияти билан таъминлаш; (ҳ) истеъмолчилар ва бошқа тегишли гуруҳлар ёки ташкилотларни тузиш эркинлиги ва бундай ташкилотларнинг қарор қабул қилишда ўз фикрларини билдириш; (и) барқарор истеъмол шаклларини тарғиб қилиш; (ж) электрон тижоратдан фойдаланувчи истеъмолчилар учун тижоратнинг бошқа шаклларидан кам бўлмаган ҳимоя даражасини таъминлаш; (к) истеъмолчиларнинг махфийлигини ва глобал ахборот эркин оқимини ҳимоя қилиш.

Мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган иқтисодий-ҳуқуқий ислоҳотлар истеъмолчи манфаатларини ҳимоя қилишни давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиламоқда. Бу жараён бир нечта муҳим компонентлар асосида шаклланмоқда:

1. Норматив-ҳуқуқий базанинг янгиланиши. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Конституциянинг 65-моддасида давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиши, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлаши белгиланган. Конституция қоидаларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни такомиллаштирилиб борилмоқда. Унда маҳсулот ва хизматлар сифати бўйича талаблар қатъийлаштирилмоқда, онлайн-савдо ва электрон хизматлар соҳасида истеъмолчи ҳуқуқлари бўйича янги нормалар киритилмоқда, тадбиркорлар масъулиятининг ҳуқуқий асослари аниқ белгилаб берилмоқда.

Масалан, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” 2025 йил 31 июлдаги ЎРҚ-1078-сон қонуни билан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда муҳим ўзгартиришлар киритилди. Қонунга асосан, агар сотувчи товарни шартномада белгиланган муддатда етказиб бермаса, у ҳар бир кечиккан вақт бирлиги (дақиқа, соат, кун) учун ушбу товар нархининг 0,5% миқдорида пеня тўлаши шарт бўлади. Пенянинг умумий миқдори етказиб берилмаган товар нархининг 100 фоизидан ошмаслиги керак. Чунки сўнгги йилларда товарларни келишилган вақтда етказиб берилмаслиги бўйича фуқароларнинг шикоятлари кескин ошган: 2022 йилда – 500 та мурожаат, 2023 йилда – 1 373 та, 2024 йилда – 4 213 та (бу 3 йил ичида 8 баробар кўпайган). Аксарият шикоятлар автомобиль, маиший техника ва мебель каби юқори талабга эга товарларнинг кечиктирилган ҳолда етказиб берилганлиги билан боғлиқ.

Қонунда Фуқаролик кодексининг 261-моддасига асосланиб, неустойка (пеня) механизмидан фойдаланилади. Қонуннинг мақсади истеъмолчилар ҳуқуқларини аниқ ва самарали ҳимоя қилиш, сотувчиларни ўз мажбуриятларига жиддий ёндошишга мажбурлаш, олди-сотди шартномаларда адолатли муносабатларни таъминлаш, товар етказиб беришда кечикишларни олдини олишдан иборат. Бу ўзгаришлар аҳолининг қонуний манфаатларини таъминлашда, фуқароларнинг ишончини мустаҳкамлашда ва бозорда адолатли рақобат муҳитини яратишда муҳим қадам деб ҳисобланади. Шу ўринда, Мурожаатномада белгиланганидек, бозорларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш бўйича доимий интервенция тизимига ўтилиши истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг яна бир муҳим иқтисодий кафолати бўлиб хизмат қилади. Бу эса нафақат нарх-наво барқарорлигини, балки таклиф этилаётган маҳсулотларнинг хавфсизлиги ва сифатини ҳам давлат томонидан назорат қилиш имконини кенгайтиради.

2. Институционал механизмларнинг ривожланиши. Жамоат ташкилотлари иштирокида истеъмолчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг шаффоф тизими жорий қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Рақобатни таъминлашга кўмаклашиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 667-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга кўра, нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) томонидан “сирли мижоз” ва назорат хариди тадбирларини амалга ошириш тартиблари белгиланди. Бу орқали тиббий хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаларида қонун талабларига риоя этилишини ННТлар томонидан холис баҳолаш тизими жорий этилади. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва мурожаатларни тезкор ҳал қилиш имконини бермоқда.

Жорий йилнинг 6 октябрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–296-сонли қарорига кўра, 2026 йил 1 мартдан бошлаб, рақамли маркировка тизими жорий этилган товарларнинг яроқлилик муддати ўтган тақдирда уларнинг савдоси автоматик равишда чекланади. Шу билан бирга, бундай товарлар бўйича назорат-касса аппарати орқали харид чеки чиқарилмайди.

3. Рақамли иқтисодиёт шароитидаги янгича ёндашувлар. Электрон тижорат улушининг ортиб бориши истеъмолчи ҳуқуқларини муҳофаза қилишнинг янги механизмларини талаб этмоқда. Жумладан, бу борада Ўзбекистон Республикасининг “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб, электрон тижорат соҳасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Курьерлик хизматларини тартибга солиш мақсадида “Электрон тижоратда курьерлик хизмати фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Бироқ, қайд этиш лозимки, Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари сақланиб қолмоқда. Масалан, 2024 йилда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари бўйича жами 30 070 та шикоят келиб тушган бўлиб, уларнинг 12 906 таси (42,9%) уй-жой, коммунал хизматлар ва транспорт хизматлари, 9 931 таси (33%) савдо ва овқатланиш, 6 295 таси (20,9%) алоқа, молиявий ва ижтимоий хизматлар, 938 таси (3,2%) реклама билан боғлиқдир.

Ушбу шикоятларни ўрганиш учун ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, 23 945 нафар истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилган бўлиб, истеъмолчилар фойдасига 32,9 млрд сўм миқдоридаги зарар қайта ундириб берилган.

Мазкур рақамлар истеъмолчилар муаммоларини тизимли ўрганиб бориш, уларни кўриб чиқиш механизмларини такомиллаштириш лозимлигини кўрсатади. Масалан, анъанавий тижоратдан фарқли ўлароқ, электрон тижорат одатда истеъмолчи ва сотувчининг жисмонан мавжуд бўлишини талаб қилмайди, бу улар ўртасидаги тижорат муносабатларини заифлаштиради ва адолатсиз тижорат амалиётлари хавфини оширади. Масалан, “виждонсиз” савдогарлар онлайн муҳитдаги имкониятлардан фойдаланиб, истеъмолчиларни ёлғон маълумотлар, тажовузкор рекламалар ёки сохта шарҳлар орқали алдашлари мумкин. Бу адолатсиз амалиётлар истеъмолчилар ишончини йўқотади ва шу билан бирга харид қилиш қарорларига таъсир қилади. Рақамли бозорларда истеъмолчилар ишончини ошириш ва сақлаб қолиш электрон тижоратни ривожлантириш учун асосий масала бўлиб, бу Ўзбекистон қонунчилигида адолатсиз тижорат амалиётларига қарши механизмларни янада такомиллаштириш ва ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашни тақозо этади.

Шунингдек, онлайн транзакцияларда стандарт шартнома шакллари кенг қўлланилмоқда. Бу ҳолат сотувчилар томонидан электрон шартномаларга мураккаб ва бир томонлама манфаатли шартларни киритиш эҳтимолини юзага келтириши мумкин. Истеъмолчилар эса кўпинча онлайн харид жараёнида шартнома шартларини ўқиб чиқишга етарли эътибор қаратмайдилар ёки уларнинг мазмунини тўлиқ тушунмайдилар. Шу боис, истеъмолчиларни шартномавий муносабатларнинг нисбатан заиф томони сифатида адолатсиз шартлардан ҳимоя қилиш муҳим аҳамиятга эга. Мазкур вазият миллий қонунчилигимизда бундай шартларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормаларни янада такомиллаштириш ва рақамли иқтисодиёт талабларига мослаштириш заруратини юзага келтирмоқда.

Бундан ташқари, бугунги кунда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, хусусан, имконияти чекланган истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Илғор хорижий тажрибага таянган ҳолда, алоҳида эътибор талаб этувчи гуруҳлар — болалар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли учун махсус ҳимоя чораларини кучайтириш мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий ва иқтисодий саводхонлигини ошириш, уларга ўз танловларининг экологик ва ижтимоий оқибатларини тўғри баҳолашни ўргатишга қаратилган таълим тизимини ривожлантиришга эҳтиёж мавжуд. Бундан ташқари, низоларни ҳал этиш жараёнини рақамлаштириш, хусусан, онлайн низоларни ҳал этиш тизими имкониятларини кенг жорий этиш орқали истеъмолчилар ҳуқуқларини тиклаш самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш мумкин.

Бу эса Президент Мурожаатномасида илгари сурилган давлат хизматларини Ягона рақамли платформага интеграция қилиш ва мурожаатларни сунъий интеллект орқали кўриб чиқиш ташаббуси билан ҳамоҳангдир. Истеъмолчилар низоларини ҳал этишда ҳам инсон омилисиз, коррупция ва бюрократиядан холи экотизим яратиш фуқароларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилади.

Бугунги рақамли иқтисодиёт шароитида истеъмолчиларнинг шахсий маълумотлари махфийлигини таъминлаш устувор вазифага айланмоқда. Электрон тижорат платформалари тўловларни амалга ошириш ва товарларни етказиб бериш учун шахсий маълумотларга таяниши табиий ҳолдир. Шу билан бирга, миллий амалиётимизда шахсий маълумотларни қайта ишлаш жараёнларини тартибга солувчи механизмларни янада мустаҳкамлаш ва шаффофликни ошириш зарурати мавжуд.

Бизнес субъектларининг маркетинг мақсадларида маълумотлардан фойдаланишга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда, истеъмолчиларнинг шахсий дахлсизлик ҳуқуқлари ва тадбиркорлик манфаатлари ўртасидаги оқилона мувозанатни таъминлаш мақсадга мувофиқдир. Бу эса маълумотларни тўплаш, сақлаш ва улардан фойдаланишнинг аниқ ҳуқуқий мезонларини белгилашни ҳамда маълумотлар ҳимояси кафолатларини кучайтиришни тақозо этади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали механизми – бу шунчаки бозор талаби эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган инсон қадри ва эркин иқтисодий фаолият кафолатларининг амалдаги ёрқин ифодасидир. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ушбу соҳани янгиланган конституциявий нормалар руҳида ривожлантириш миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади. Глобал тенденциялар ва миллий қонунчиликдаги бундай уйғунлик мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий стратегиясининг асосий драйвери сифатида, пировардида, ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидаги эзгу мақсадларимизга эришишни тезлаштиради.

Адиба Сафарова

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчиликва ҳуқуқий сиёсат институти
бош илмий ходими

https://constitution.uz/uz/pages/barqaror_iqtisodiy_taraqqiyot