Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва инсон капиталини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоя тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, қулай инвестиция муҳитини шакллантириш ҳамда давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу ислоҳотларнинг стратегик асоси сифатида 2023 йил 11 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси мамлакат тараққиётининг ўрта муддатга мўлжалланган устувор йўналишлари, мақсадлари ҳамда уларга эришиш бўйича аниқ самарадорлик кўрсаткичларини белгилаб берди. Бунда, барқарор иқтисодий ўсиш, янгича таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, қулай экологик шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш давлат ва жамиятни модернизация қилишнинг устувор йўналишлари ишлаб чиқилганди.

«Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида:

– камбағаллик даражаси 11 фоиздан 6,8 фоизга тушди,

– ялпи ички маҳсулот ҳажми 107,5 миллиард доллардан 140 миллиард долларга етди,

– экспорт ҳажми 24,9 миллиард доллардан 27,9 миллиард долларга ошди,

– хорижий инвестициялар ҳажми 17,1 миллиард доллардан 42 миллиард долларга ошди,

– ишсизлик даражаси 6,8 фоиздан 4,9 фоизга тушди,

– хорижий туристлар сони 6,6 миллиондан 9,7 миллион нафарга етди,

– Ўзбекистон Глобал инновацион индексида 139 та давлат орасида 79 ўринни эгаллади,

– Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган давлатлар сони 144 тадан 164 тага етди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида таъкидлагандек  «Бундан икки йил олдин «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини қабул қилганимизда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилгача 160 миллиард долларга етказишни белгилаб олган эдик. Кўриб турибсизлар, мавжуд салоҳиятимиз, бугунги ислоҳотларимиз, тадбиркорларимизнинг фаоллиги, хорижий шерикларимиз билан ҳамкорлигимиз ўсиб бораётгани ҳисобига бу маррага 2026 йилнинг ўзида бемалол эриша оламиз.»

Шунингдек, айнан юқорида келтирилган муваффақиятлар ва динамик ўзгаришлар замонавий шароитларнинг тез ривожланиши натижасида пайдо бўлган янги қийинчилик ва имкониятларни инобатга олган ҳолда стратегияни янада такомиллаштириш ва янги босқичга кўтариш заруратини келтирди. Бунга қуйидаги объектив омиллар сабаб қилиб олиш мумкин:

Биринчидан, стратегиянинг амалдаги 444 та самарадорлик кўрсаткичидан 90 тасининг ўз вақтида қайта кўриб чиқилиши, 195 тасининг эса ўз вақтида бажарилиб бўлганлиги сабабли, уларнинг ўрнига замонавий талабларга жавоб берадиган янги кўрсаткичларни белгилаш зарурати юзага келмоқда.

Иккинчидан, стратегиянинг асосий баҳоси – инсон, унинг фаровонлиги ва ижтимоий хавфсизлиги эканлиги таъкидланган ҳолда, ижтимоий ривожланиш соҳасида фақат иқтисодий кўрсаткичлар эмас, балки инсон капитали ва унинг ҳаёт сифатини тубдан оширишга қаратилган янги тушунча ва ёндашувларни жорий этиш талаб этилмоқда.

Учинчидан, дунё иқтисодиётидаги ўзгаришлар, глобал энергетика ва таъминот занжирларидаги бузилишлар «яшил» иқтисодиётга ўтиш, экологик барқарорлик ва янги ижтимоий дастурларни ишлаб чиқишни талаб қилмоқда.

Тўртинчидан, аҳолининг тез ўсиши ва қишлоқ жойларидан шаҳарларга кучли миграция оқими мавжуд ижтимоий инфратузилма (соглиқни сақлаш, маиший хизматлар, маҳаллий транспорт) устидаги босимни кескин оширди, бундай жараёнларни идора этиш учун мураккаб ечимлар тайёрлаш зарур бўлмоқда.

Бешинчидан, рақамли трансформация ва маълумотлар асосида ижтимоий сиёсатни олиб бориш, мониторинг қилиш ва назоратни ташкил этиш имкониятлари пайдо бўлди, бу эса сиёсатни янада самарали ва мақсадли тарзда амалга ошириш имконини беради.

Ушбу мақсадларда «Мамлакатнинг 2030 йилгача мўлжалланган тараққиётининг устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги янги стратегик лойиҳанинг мақсади фақат иқтисодий кўрсаткичларни ошириш эмас, балки асосий баҳо — инсон, унинг фаровонлиги ва ижтимоий хавфсизлигини таъминлашни устувор қилиб олинмоқда.

Стратегиянинг янги лойиҳасида ижтимоий ҳимояга асосланган қуйидаги бешта асосий йўналиш назарда тутилмоқда:

Биринчи йўналиш — Ижтимоий сиёсат ядросини ўзгартириш: Янги стратегияда ижтимоий химоя фақат моддий ёрдам тизими эмас, балки ижтимоий инвестиция ва инсон капиталини ривожлантириш воситаси сифатида қабул қилинади. Бу эса фақат даромад кўрсаткичларини назарда тутмай, инсоннинг ихтиёри, билими, саломатлиги ва ижтимоий муносабатларга инклюзивлигини таъминлашнинг ўрнига қўйилади.

Иккинчи йўналиш — «Мақсад–ҳаракат–натижа» принципига асосланган ижтимоий тадбиркорлик: Ижтимоий сиёсатнинг янги механизми аниқ кўрсаткичлар, мунтазам мониторинг ва назорат, шунингдек, натижаларнинг жамият олдида очиқ-ошкора эълон қилинишига асосланади. Бунда «Стратегик режалаштириш ва ривожланишнинг рақамли платформаси» ва унинг «яшил», «сариқ», «қизил» рейтинг тизими стратегик мақсадларнинг бажарилишини оператив равишда кўриб бориш ва таҳлил қилишни таъминлайди.

Учинчи йўналиш — Ижтимоий инфратузилма ва миграцияни мослаштирилган бошқариш: Аҳолининг тез ўсиши ва қишлоқ–шаҳар миграцияси қиёсий босимини камайтириш учун қишлоқ жойларида ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳаллий транспорт, тиббий ва маиший хизматларни кенгайтириш орқали миграция оқимини «юмшатиш» назарда тутилган. Шу билан бирга, меҳнат мигрантларининг ташкиллаштирилган тартибда ишга юборилганлар улушини 15 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Тўртинчи йўналиш — «Яшил» ва «рақамли» иқтисодиётга ўтиш орқали янги иш ўринларини яратиш: Энергия хавфсизлигини таъминлаш ва экологик барқарорлик нафақат муҳити мухофаза қилиш, балки янги «яшил» иш ўринларини яратиш ва аҳолининг экологик хавфсизлигини ошириш воситасига айланади. Рақамли иқтисодиёт, суньий интеллект ва маълумотлар бошқаруви соҳаларининг ривожланиши ижтимоий адолат ва шаффофликни оширишта хизмат қилади.

Бешинчи йўналиш — Жамиятнинг кенг иштироки ва рақамли интерактивлик: «Тараққиёт стратегияси» маркази ва «Юксалиш» ҳаракати томонидан олиб бориладиган кенг кампания, интерактив сўровлар ва онлайн форумлар, шунингдек, «MyStrategy-2030» мобил иловаси орқали ҳар бир фуқаро стратегиянинг амалга оширилишини кузатиши ва ўз таклифларини билдириши имконияти яратилади. Шунингдек, стратегияни амалга ошириш жараёнида «ижтимоий контракт» механизми орқали давлат ва фуқаро ўртасидаги ўзаро жавобгарлик муносабатлари кучайтирилади.

Хулоса қилиш мумкинки, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини янги глобал ва миллий шароитларга мослаштириш лойиҳаси амалдаги стратегияни фақат янги рақамлар билан бойитиш эмас, балки ижтимоий ривожланиш парадигмасини тубдан ўзгартиришни назарда тутади. Унда инсон фаровонлиги, ижтимоий адолат, экологик барқарорлик ва рақамли трансформация каби замонавий глобал тенденциялар ўз ифодасини топган. Асосий мақсад стратегияни янги шароитларга мослаштириш ва уни амалга ошириш учун янги, аниқроқ ва самаралироқ институционал механизмларни жорий этишни мақсад қилиб олинган.

Эгамов Ойбек Нормухаммедович

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтининг

етакчи илмий ходими