Жорий йил 25 февралда Токио шаҳрида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилаётган семинар-тренинг доирасида Ўзбекистон делегацияси Япония адлия вазири Сузуки Кейсуке жаноблари билан қисқа суҳбат ўтказди.

Адлия вазири Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ва илғор ҳуқуқий ислоҳотлар мамлакатнинг барқарор ривожланиши учун, шу жумладан халқаро майдонда ҳам пойдевор қўяётганини ижобий баҳолади. Шунингдек, у Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва Ўзбекистоннинг Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти ўртасида ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаб, фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш соҳасида биргаликда ишлаш муҳимлигини таъкидлади.

Қисқа суҳбат чоғида Ўзбекистон делегацияси вакиллари Япония томонига ҳуқуқий ислоҳотларни қўллаб-қувватлагани, хусусан, Япония фуқаролик қонунчилигини модернизация қилиш жиҳатларини ўрганишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирдилар. Бундан ташқари, Ўзбекистон томони икки мамлакатнинг тегишли муассасалари ўртасида ушбу соҳадаги илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлиги таъкидланди.