2023 йил 10 ноябрь куни Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон ва Россиянинг хусусий ҳуқуқи: ҳуқуқий тизимлар мулоқоти” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Халқаро конференциянинг мақсади Ўзбекистон ва Россия хусусий ҳуқуқининг фундаментал масалаларини муҳокама қилиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси лойиҳасини янги таҳрирда ишлаб чиқиш ҳамда фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлашдан иборат бўлди.

Ушбу тадбирнинг ташкилотчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги С. С. Алексеев номидаги Хусусий ҳуқуқ тадқиқот маркази ҳисобланади.

Халқаро конференцияда миллий мутахассислар, давлат арбоблари, экспертлар, Россия Федерацияси, Австрия, Германия каби давлатлардан етакчи олимлар, амалиётчилар, шунингдек, ЕХҲТнинг Ўзбекистон Республикасидаги координатори офиси вакиллари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.M. Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни эътироф этдилар, улар орасида энг асосийси янги Ўзбекистонда қонунчилик асосларини яратишга қаратилган конституциявий ўзгаришлар эканлигини таъкидлашди.

Мутахассислар янгиланган Конституция миллий қонунчиликни, айниқса фуқаролик қонунчилигини янада ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратганини қайд этдилар. Ўзбекистон Конституциясининг дастлабки моддаларида инсон фаровонлиги ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида ўз фаолиятини ижтимоий адолат ва ижтимоий бирдамлик тамойиллари асосида амалга оширадиган ижтимоий давлат сифатида белгиланганлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш фуқаролик қонунчилигини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштиришнинг комплекс тизимини, хусусий мулк кафолатлари ҳимоясини кучайтиришни, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантиришни ва хорижий инвестицияларни фаол жалб қилишни талаб қилади.

Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси ва “Ўзбекистон-2030” Стратегиясининг устувор йўналишларида халқаро фуқаролик ҳуқуқи қоидаларини муҳокама қилиш учун илмий платформага айланди. Бозор муносабатлари ривожланишининг ҳозирги тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Конференция фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги тегишли илмий ютуқлар билан алмашиш ва фуқаролик қонунчилигини янада такомиллаштиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш учун асос бўлди.

Халқаро конференция иши 3 та асосий сессияга бўлинган бўлиб, унда энг муҳим ва хусусий ҳуқуқнинг долзарб масалалари ҳар томонлама ва батафсил муҳокама қилинди.

Биринчи сессия иши Ўзбекистон Республикасининг янги Конституциясида хусусий ҳуқуқнинг фундаментал асослари ва Россияда хусусий ҳуқуқнинг фундаментал асосларига бағишланди. Мажлисда қуйидаги масалалар муҳокама қилинди: “Ўзбекистонда иқтисодий муносабатларни конституциявий-ҳуқуқий тартибга солишдаги янгича ёндашувлар”; “Россия фуқаролик ҳуқуқи тамойиллари”; “Ашё” тушунчасидан “мулк” тушучасигача”; “Интеллектуал мулк соҳасидаги муносабатларни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишга нисбатан ёндашувлар: Россия ва Узбекистан”. Шунингдек, давлатнинг конституциявий қурилишида иқтисодий фаолият ва хусусий мулк эркинлигининг конституциявий асослари масалалари; товарлар, хизматлар, меҳнат ва молиявий ресурслар ҳаракатини фуқаролик ҳуқуқи билан тартибга солиш; фуқаролик ҳуқуқининг роли масалалари ҳам кўриб чиқилади.

Иккинчи сессияда хусусий ҳуқуқни ривожлантиришнинг назарий масалалари кўриб чиқилди. Ушбу сессия доирасида “Фуқаролик ҳуқуқида янги объектлар масаласининг қўйилиши”, “Россия ва Ўзбекистон фуқаролик қонунчилигини ислоҳ қилиш контекстида рақамли ҳуқуқларнинг янги концепциясини кўриб чиқиш”; “Фуқаролик ҳуқуқи доктринасидаги айрим тектоник ўзгаришлар борасида”; “Фуқаролик ҳуқуқида айбнинг учинчи шакли ҳақида”; “Ўзбекистонда халқаро ҳусусий ҳуқуқ ислоҳотларига айрим шарҳлар”; “Европа деликт ҳуқуқи тамойиллари”, “Молия бозорини тартибга солиш бўйича қонунчиликнинг фуқаролик ҳуқуқига таъсири: қисқача шарҳ” мавзусидаги маърузалар, шунингдек, фуқаролик қонунчилигида хусусий ва оммавий ҳуқуқ ўртасидаги муносабатлар, фуқаролик ҳуқуқини тартибга солишнинг ахлоқий тамойилларини мустаҳкамлаш,рақамлаштиришнинг фуқаролик ҳуқуқига таъсири бўйича мунозаралар эштилди.

Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий муаммоларига бағишланган учинчи сессияда: қиёсий ҳуқуқий нутққа фуқаролик қонунчилигини ислоҳ қилишнинг концептуал ёндашувлари, фуқаролик қонунчилигида мулк ҳуқуқи тизимини модернизация қилиш, мажбуриятлар ҳуқуқининг долзарб масалалари, интеллектуал мулкни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишнинг долзарб тенденциялари, шунингдек халқаро хусусий ҳуқуқни такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, сессияда қуйидаги масалалар муҳокама қилинди: фуқаролик қонунчилигини кодификациялашга инглиз ҳуқуқининг таъсири; фуқаролик қонунчилигини тартибга солиш предметини кенгайтириш; фуқаролик қонунчилиги тизимини соддалаштириш; мулк ҳуқуқи тизимини шакллантириш; фуқаролик кодексида мулкчилик институтини жорий этиш истиқболларини кенгайтириш; ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини ҳуқуқий тартибга солиш; битимларнинг ҳақиқий эмаслиги тўғрисидаги фуқаролик ҳуқуқи нормаларини модернизация қилиш; фуқаролик ҳуқуқида янги шартномавий тузилмалардан фойдаланиш; шартномадан олдинги муносабатларни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солиш; зарарни адолатли қоплаш ва зарарни қоплашни таъминлайдиган фуқаролик қонунчилиги механизмларини кучайтириш; интеллектуал мулкни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишда инновацияларни жорий этиш; сунъий интеллектни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солиш; янги интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий режими таърифлари; интеллектуал мулкнинг фуқаролик-ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаш; хорижий тажриба асосида халқаро хусусий ҳуқуқни кодификация қилиш; халқаро хусусий ҳуқуқда коллизион нормаларни тартибга солишга янгича ёндашувларни жорий этиш; замонавий дунёда халқаро хусусий ҳуқуқни унификация қилиш.

Юқоридаги масалаларга тўхтатиб, хорижий ва миллий экспертлар фуқаролик қонунчилигини, хусусан, Фуқаролик кодексини ислоҳ қилиш жараёни узоқ вақт ва пухта изланиш, машаққатли, тизимли меҳнат ва саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни талаб этишини таъкидладилар.

Россиялик мутахассислар бундай тадбирларнинг муҳимлигини таъкидладилар ва келгусида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва қўшма тадқиқотларга тайёр эканликларини билдирдилар.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти ва Тошкент давлат юридик университети ҳамда Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги С. С. Алексеев номидаги Хусусий ҳуқуқ тадқиқот маркази ўртасида ҳамкорлик Меморандумининг имзоланиши муҳим воқеа бўлди.

Ташкилотчилар ва иштирокчилар Ўзбекистон ва Россия ҳуқуқий тизимлари ўртасидаги мулоқот мамлакатлар ўртасида ҳуқуқий маданиятни ривожлантиришга ва ўзаро тушунишни чуқурлаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.