Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтида Марказий Осиё Давлатлараро сув хўжалиги мувофиқлаштирувчи комиссияси Илмий-ахборот маркази директори Д.Зиганшина иштирокида трансчегаравий сувлардан фойдаланишнинг долзарб масалаларига бағишланган назарий семинар ташкил этилди.

Тадбир давомида дунё ва минтақада трансчегаравий сувлардан фойдаланишни такомиллаштиришнинг халқаро ҳуқуқий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

Қайд этилишича, дунёда 300 га яқин трансчегаравий дарё ва кўл ҳавзалари ва 600 га яқин трансчегаравий ерости сув заҳиралари мавжуд бўлиб, улар дунёдаги чучук сув заҳираларининг 60 фоизини ташкил қилади. Шунга қарамай, халқаро ташкилотларнинг ҳисоб-китобларига кўра, яқин 15-30 йил ичида дунёда, айниқса, Яқин Шарқ, Жанубий Африка, Марказий Осиё ва Жануби-Шарқий Осиё каби минтақаларда трансчегаравий сув ресурслари тақчиллиги кескин ортиши кутилмоқда.

Такидланишича, сув ресурсларига бўлган талаб, аҳоли сони ва иқтисодий эҳтиёжларнинг ортиши ортидан Орол денгизи ҳавфзасидаги вазият мураккаблашмоқда. Халқаро тузилмаларнинг прогнозларига кўра, 2035 йилга келиб, аҳоли жон бошига сув истеъмолининг қисқариши кутилмоқда, бу эса минтақани сув таъсирининг критик чегарасига яқинлаштиради.

Шу муносабат билан, эксперт томонидан сув ресурсларини мониторинг қилиш, бошқариш ва тақсимлаш, баҳсларни ҳал қилиш ва низоларнинг олдини олишда ҳал қилувчи рол ўйнаши мумкин бўлган ДСХМК ва бошқа халқаро сув ташкилотлари каби институционал механизмларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Семинар якунида иштирокчилар сув ресурсларини бошқаришда барқарорликка эришиш учун трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги тўғрисида умумий тушунчага эга бўлдилар.