Шу йил 14-16 октябрда Беларусь Республикаси Қонунчилик ва ҳуқуқий ахборот миллий маркази томонидан ташкил этилган VIII Кузги илмий сессия тадбирларида иштирок этиш учун директор ўринбосари В.Эргашев бошчилигидаги ҚҲСИ делегациясининг Минск шаҳрига ташрифи бўлиб ўтди.

Ташриф давомида ҚҲСИ вакиллари VIII Кузги илмий сессиянинг марказий воқеаси бўлган «Ҳуқуқий сиёсат, фан, амалиёт – 2026» мавзусидаги илмий-амалий конференцияда иштирок этдилар.

Тадбир давомида ҳуқуқий сиёсат, ҳуқуқий тизим, норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Конференциянинг ялпи мажлисида сўзга чиққан ҚҲСИ директори ўринбосари В.Эргашев иштирокчиларни Ўзбекистонда ҳуқуқий сиёсатни такомиллаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирди.

VIII Кузги илмий сессия дастури доирасида ҚҲСИ вакиллари «Норма ижодкорлиги сифати Беларусь Республикаси ҳуқуқий сиёсатининг устувор йўналиши сифатида» мавзусидаги давра суҳбатида ҳам иштирок этдилар.

Тадбирда суд норма ижодкорлиги, норма ижодкорлигини рақамлаштириш, қонунчиликни тизимлаштириш ва норма ижодкорлиги фаолияти соҳасида Беларусь қонунчилигини янгилаш масалалари муҳокама қилинди.

Давра суҳбатидаги иштирок давомида Беларуснинг ҳуқуқий фаннинг кўрсатилган соҳалари бўйича тажрибаси ва амалиёти билан танишилди.

Шунингдек, VIII Кузги илмий сессия дастурининг муҳим таркибий қисми бўлган «Маънавий-ахлоқий қадриятлар замонавий жамият ва давлатнинг конституциявий императивлари сифатида» мавзусидаги конституциявий ўқишларда ҳам иштирок этилди.

Тадбир давомида конституциявий ривожланиш, конституциявий ўзига хосликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш ва ҳуқуқий сиёсатнинг конституциявий асослари масалалари муҳокама қилинди.

Умуман олганда, ҚҲСИ делегациясининг Беларусь Республикасига ташрифи муваффақиятли ўтди ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.